Ассалому алайкум қадрдон бекалар. Ҳар бир вояга етган қиз бир куни келиб бир оиланинг бекасига айланади. У яхши бека бўлишни онасидан ўрганади. Ҳамма оналар ҳам қайсидир маънода яхши бекадирлар. Сулаймон пайғамбарнинг Маталлар китоби 14 боб 1 оятда шундай сўзлар ёзилган: «Доно хотин ўз оиласини ўзи мустаҳкамлайди. Нодон хотин эса оиласини ўзи бузади». Кеча ухлашдан олдин уй ҳақидаги бир ёқимли тасвирни эсладим. Бу нарсани бир ёзувчи ёзган. Балки, менинг юрагимга кучли таъсир қилган нарса сизнинг юрагингизга шундай таъсир қилар:
«Баҳор кунларидан бирида мен тасодиф туфайли бир уйни кўриш имконига эга бўлдим. Бу ер худди жаннатнинг бир қисмига ўхшарди. Чунки у ерда ҳаётдаги ҳамма нарсанинг қадрини билиб, ҳамма нарсани жой-жойига қўйишни биладиган аёл яшаши маълум эди. У уйдаги муҳитга қараганда Худо ҳақида ўйлашдан узоқлашиш мумкин эмаслиги кўриниб турарди. Хона жуда оппоқ, ёруғ, тоза ва шинам эди. Деразалари ҳам кўп эди. Тувакларда, гулдонларда очилган гуллар ўзининг чиройи ва хушбўй ҳиди билан хонани тўлдирган. Деворнинг бир томони кишига илҳом берадиган китоблар билан тўла. Учта қафасда қушлар томоқларини тешгудек бўлиб сайраяпти. Табиатнинг чиройи, табиатнинг куйи, табиатнинг тинчлиги бор бўлган шу уй менга жаннатдек ва ўзига мафтун қиладиган воҳадек туюлди.»
Бу чиройли кўринишдан менга таъсир қилган нарса шу эдики, менинг уйим ҳам жаннатнинг бир қисми бўлиб, азиз оилам ва уйимга келадиган инсонлар учун ана шундай бўлишини ўйладим. Тунда ухлаётганимда орзу қилдим. Худони ўйлашдан узоқлашиш мумкин бўлмаган уйни орзу қилдим. Тонгда эса будилникнинг чарчаган овози мени орзуларимдан уйғотиб юборди. Аммо шундай уйга эга бўлиш орзусидан воз кечмадим. Хўш, қандай қилиб мана шундай уйга эга бўлиш мумкин? Буни фақат Худонинг каломи билангина амалга ошириш мумкин. Келинг, юқоридаги оятни яна бир бор эсга олайлик: «Доно хотин ўз оиласини ўзи мустаҳкамлайди. Нодон хотин эса оиласини ўзи бузади.» Бу оятдаги «қурмоқ» сўзи бинонинг қурилишига эмас, айнан уй, оиланинг қурилишига алоқадор.
Яҳудийчада иморат ва уй деган сўзлар фақат битта «уй» деган сўз билан ифодаланади. Бу оятда иморатни қуриш эмас, балки уйни боғлаш, бир-бирига улаш кун сайин оила яшаши учун қулай ва бахтли жойни яратиш керак. Оила яшайдиган шу жойнинг сифати учун ким жавобгар? Ҳа, албатта аёл! Уй ичидаги муҳитни ва кайфиятни яратадиган одам – бу аёлдир. Дарҳақиқат шу ҳикмат бизга сабоқ беради. Доно аёл ўзидаги донолик, мақсад ва ғайрат билан шу муҳитни ярата олади. Шу нарса бўлади, деб фақат умид билан чекланиб қолмайди. Умид қилиш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Ўша умидни ҳақиқатга айлантириш учун аёлга ғайрат, шижоат керак бўлади. Уйни ҳар бир оила аъзосига ёқадиган, четдан келган кишиларда ҳам ёқимли таъсурот қолдирадиган қилиб «қуриш» учун аёлдан кўп меҳнат талаб этилади. Азизлар чиройли уй муҳитини яратиш ҳақида кўпроқ билишни истасангиз, бизнинг www.najot.com dilkash@najot.com сайтларимиз сизга бу борада бажонудил ёрдам беради.