Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Болакай ота-онасига итоатсизлик қилиб ёмон иш қилиб қўйганидан кейин, ота-онанинг жазосига итоаткорлик билан бўйсуниши керак. Чунки унинг қилган иши шунга лойиқ. Баъзи оналар боласини кетига шапатилаб жазолайди, базилари эса болани хонасидан маълум бир вақт чиқармайди. Бу жазо охирига етмагунча бола унга итоат қилиши керак. Бола жазосини олиб бўлмагунча атрофдагилар бунга аралашмаслиги лозим. Акс ҳолда, боланинг фикри бўлинади, ота-онасини ноҳақ, деб ўйлай бошлайди. Болакай тарбияси ҳақида сўз олганимиздан суҳбат бола ҳақида бўлса керак, деб ўйлаётган бўлсангиз, адашасиз. Бугунги суҳбатимиз Исроил халқини ўз гуноҳи учун жазо олиш муддатидан чалғитган соҳта пайғамбар Ҳанания ҳақидадир.
Narrator 2 Муқаддас Калом бу соҳта пайғамбар ҳақида шундай дейди: «Ўша йилнинг бешинчи ойида Гибеонлик Азҳур ўғли Ҳанания халқ ва руҳонийлар олдида шундай деди: — Эшитинг, мана Худованд нима демоқда. «Мен Бобил шоҳи бўйинтуруғини синдираман. Худованд уйидан олиб кетилган жиҳозларни икки йил ичида қайтараман. Бу ерни Яҳудо шоҳи Яҳуёқим ўғли Яҳуёкинга қайтариб бераман ва ҳамма асирга олинганларни ўз ерларига қайтараман…. Чунки Бобил шоҳининг бўйинтуруғини синдираман». Еремия пайғамбардан бошқа ҳеч ким бу одамнинг соҳта пайғамбар эканлигини билмасди. Еремия унинг сўзларини эшитиб: «Омин, сен айтганингдек бўлсин. …. Аммо менинг сўзларимни тингла. Сен билан мендан олдин ўтган пайғамбарлар ҳам жуда кўп давлатларга қарши офат, урушларни башорат қилган.
Narrator 1 Аммо тинчликни башорат қиладиган пайғамбар сўзлари рост чиқиши билан ўзининг ҳақиқий пайғамбар эканини тастиқлаши лозим.» Шундан сўнг соҳта пайғамбар Ҳанания Еремиянинг бўйнидаги бўйинтуруқни олиб синдирди ва худди шу тахлит Худованд икки йил ичида Яҳудони асирликдан олиб чиқишини башорат қилди. Ҳанания Еремиянинг бўйнидаги бўйинтуруқни синдириб ташлаганидан кейин Эгамизнинг каломи Еремияга келди: «Сен ёғоч бўйинтуруқни синдирдинг, аммо унинг ўрнига темир бўйинтуруққа эга бўласан. Мен асирликдаги халқлар бўйнига темир бўйинтуруқ соламан ва улар Набуходнасарга хизмат қилишади. … Сени эса ер юзидан йўқ қилиб ташлайман, чунки сен Менга қарши башорат қилдинг.» Еремия Ҳананияни тўхтатиб шундай деди: «Эшит Ҳанания, Худованд сени юбормаган бўлса ҳам халқни ўз ёлғонларингга ишонтираяпсан.
Narrator 2 Шунинг учун ҳам Худованд сени ер юзидан йўқ қилиб юбормоқчи. Шу йилнинг ўзида сен ҳалок бўласан». Еремиянинг сўзларига Ҳанания қандай жавоб қайтарганини билмаймиз. Бироқ бу хабар унинг учун даҳшатли хабар бўлгани аниқ. Ўзининг Худо томонидан юборилмаган пайғамбар эканини фақат унинг ўзи биларди. Атрофдаги Исроил халқи унинг сўзларига ишонган. Бу сўзлардан сўнг халқ қай бирининг сўзи ростлигини кутиб яшаган. Чиндан ҳам Еремия айтганидай бўлди. Ўша йилнинг еттинчи ойида соҳта пайғамбар Ҳананиё вафот этди. Худованднинг ҳеч бир сўзи пучга чиқмайди. Унга қарши иш қилиш ҳам ҳалигача ҳеч кимга фойда келтирган эмас. Ëлғон ва гуноҳ эвазига вақтинчалик обрў, кишилар эътирофи ва фаровон ҳаёт кечириш ҳеч кимга яхшилик келтирмаган.