3:09

Асирларга мактуб

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Суҳбатларимизни қолдирмай тинглаб бораётган бўлсангиз, Худовандга қарши иш қилиш ва гуноҳнинг оқибати ҳақида суҳбатлашдик. Худованд халқнинг гуноҳи учун жазо тайинлаганида, халқига жазога қарши бормасликни буюрди. Яратганнинг жазоси Яҳудо халқини Бобил шоҳи Навуходнасарнинг қўлига бериш эди. Бироқ У ўз халқини жазолабгина қолмасдан, уларга асирликда ғамхўрлик ҳам қилди. Жазо муддати даврида нималар қилиш кераклигини танланган пайғамбар Еремия орқали баён қилди. Еремия Худованднинг муждасини Бобилда яшаётган асирларга хат орқали маълум қилди. Мактубни элтиб беришни Шофон ўғли Эласага ишониб топширди. Мактубда шундай дейилган эди:

Narrator 2 «Исроил Худоси қудратли Эгамиз ҳамма асирга олиниб Бобилга олиб кетилганларга шундай дейди: «Уйлар қуриб жойлашинг, боғлар бунёд этинг, меҳнатингиз самарасини танаввул қилинг. Турмуш қуриб ўғил қизлар кўринглар. Ўғилларингиз учун ҳам келин топинглар, қизларингизни турмушга беринглар. Улар ҳам фарзандли бўлишсин. У ерда униб ўсиб, кўпайинглар, асло камайманглар. Сизларни асир қилиб олиб борган шаҳарнинг тинчлиги ва фаровонлиги пайидан бўлинглар. Бунинг учун Худовандга ибодат қилинглар. Чунки шаҳар гуллаб яшнаса, сизлар ҳам фаровон ҳаёт кечирасизлар. Ҳа, Исроил Худоси қудратли Эгамиз шундай дейди: орангиздаги соҳта пайғамбарлар сизларни алдашига йўл қўйманг. Уларнинг сиз сабабли кўрган ёлғон тушларига қулоқ солманг.

Narrator 1 Улар сизга Менинг номимдан ёлғон башоратлар қилишади. Мен уларни юбормаганман,» дейди Худованд. «Етмиш йил муддат тугагач, сизларнинг олдингизга келаман ва иноятли ваъдамни бажараман ва сизларни ўз ерингизга қайтараман. Сизлар учун режаларим бор. Бу режалар сизларга фаровонлик бериш учун тузилган, сизларга озор бериш учун эмас. Бу режалар сизларга умид ва келажак бериш учун тузилган. Шундан сўнг сизлар Менга илтижо қиласизлар ва келиб ибодат қиласизлар. Мен эса сизларни эшитаман. Сизлар Мени қидирасизлар ва бутун қалбингиз билан қидирисангиз топасизлар. Ўзимни сизларга топтираман. Шунда сизларни асирликдан она ерингизга қайтараман. Ҳамма ҳалқлар орасидан сизларни териб оламан… » (Ерем 29:4-14).

Narrator 2 Худованд жазо муддатини белгилади ва шу вақт мобайнида асирликда қандай яшаш кераклигини ҳам ўргатди. Худованд Ўз халқи асирликда пайтида ҳам Унга қулоқ солиб, жазони ҳотиржамлик билан қабул қилишини, берилган жазони қаноат ва бўйсуниш билан қабул қилиб, бемалол яшашда давом этишини истади. Чиндан ҳам қилган гуноҳимиз учун жазо олганимизда ўзимизни ҳар томон уриб, нолиб, жазодан қутулиш ҳаракатига тушмасдан, уни итоаткорлик билан қабул қилиш ва унинг ўтиб кетишини мўминлик билан кутиш ва Худовандга илтижо қилишда давом этиш лозим. Худованд асирдаги Исроил халқига ёзган мактуби орқали бизга худди шу нарсаларни ўргатмоқда. Жазо бериб бўлингач, Худованд бизни яна ҳузурига қабул қилади. Унинг инояти ва марҳамати чексиздир.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top