Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдонлар. Кимдир сизни келаётган бало-қазодан огоҳлантириб, унинг олдини олишга ёрдам берса қандай яхши. Бироқ ўз қилган ишингиз туфайли келадиган бало-қазога қандай дош берасиз. Ўз-ўзингизни айблаб, афсусда адо бўласиз-ку! Инсон унинг учун жоиз бўлмаган, виждонига ва Худо Каломига қарши ишларни қилмагани маъқул, акс ҳолда бундай қабиҳ ва гуноҳли ишларнинг охири вой бўлади. Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳам вақтида халқни тўғри йўлга бошлай олмади. Халқни Худо йўлидан олиб юриш шоҳнинг вазифаси. Шоҳ худди Худо руҳонийси каби, халқга Худо қонунлари ва амрларини бот-бот эслатиб туриши, ўзи ҳам мана шу йўлдан юриб, халқига ўрнак бўлиши керак. Шоҳнинг зиммасида Худо томонидан берилган улкан масъулият ётади. У оқил ва Худога итоат қиладиган шоҳ бўлса, ўзи ҳам халқи ҳам яшнайди.
Narrator 2 Бироқ Яҳудо шоҳи Зидқиё ундай шоҳлардан бўлмади. У Худони бутунлай унутди. Ўзи ҳам халқи ҳам Худодан юз ўгириб, ён атрофидагилар каби бутларга сиғина бошладилар. Шунинг учун Худованд Еремия пайғамбар орқали унга келадиган офат ва жазони маълум қилди. Бу Зидқиё учун катта зарба бўлди. Бироқ бундан қочиб қутулиб бўлмайди. Халқи ва унинг шохи иложсизликда қолгани учун ҳам Худованд Зидқиёни огоҳлантирди. У шундай деди: «Худованд шундай дейди: Мен бу шаҳарни Бобил қироли қўлига бермоқчиман. У бу шаҳарнинг кулини кўкка совуради. Сизлар эса унинг қўлидан қочиб қутулолмайсизлар. Сен Зидқиё Бобил шоҳини ўз кўзларинг билан кўрасан, у билан юзма-юз туриб гаплашасан ва Бобилга борасан. Шундай бўлса ҳам, Менинг ваъдамни эшит.
Narrator 1 Сен ҳақингда Худованд шундай дейди: Сен қилич дамидан ўлмайсан, сен ҳотиржам кўз юмасан. Сендан олдин ўтган ота-боболарингни ҳурматини жойига қўйиб, жасадларини ёқишганидек, сенинг ҳам жасадингни ҳурмат билан ёқишади ва сен учун «Вой Хўжам», деб йиғлашади. Мен Худованд шундай ваъда бераман», — дейди Худованд. Чиндан ҳам қилган гуноҳлари учун шунча бало ва офатларга дуч келгани ва халқини ҳам шундай азобга қўйгани учун Зидқиёнинг виждони олов бўлиб ёнаётганди. Унинг қалби тилка-пора бўлаётганди. Сен учун бировларнинг қийналаётганини кўриш жуда ҳам даҳшатли. Эҳтимол, Зидқиё шундай қийноқда бўлгани учун ҳам Худованд унга келажагини башорат қилди. Келажаги ҳозиргидан яхшироқ бўлишини эшитиш Зидқиёга тасалли берган.
Narrator 2 Худованднинг айтишича, Зидқиё Бобил шоҳининг қиличидан ўлмайди, демак, Бобил юртида у тинч яшайди. Сўнг уни ўз халқи ҳурмат билан охирги йўлга кузатиб қўяди. Бу бир қадар шоҳнинг кўнглини ҳотиржам қилгани аниқ. Ана шундай ваъда билан Зидқиё Худованд айтганидай, Бобил давлатига сургун қилинди. Сургунда ўзини ўққа-чўққа уриб, ўзига ҳам асир олинган халқига ҳам кўпроқ шикаст етказмаслиги учун Худованд олдиндан унинг келажагини башорат қилди. Бу билан Худованд Зидқиёга, вақти келиб, Ўз халқини бобилликлар қўлидан қутқариб, ўз ерларига олиб келишини ваъда қилаётганди. Бу ваъда Зидқиёни бир мунча тинчлантиргани аниқ. Кейинчалик қилган ишингизнинг даҳшатли оқибатини фақат ўзингиз эмас, яқинларингиз ҳам кўришини истамасангиз, ҳозироқ Худога қарши туришни бас қилинг.