Нозик масала

MP3

3:13

Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Иболи, ҳаёли аёл зоти кўп ҳам ўз муаммолари ҳақида гапиришни маъқул кўрмайди. Баъзан ҳижолат тортади, баъзан уялади. Ахир оила ичида бўладиган ҳамма гапни ҳам айтиб бўлмайди-да. Айниқса, эр-хотин орасида бўладиган масалаларда маслаҳат сўрашни ўзимизга уят деб биламиз. Бироқ бу борада ҳам бизга тажрибали опаларимизнинг ёрдами ва маслаҳати керак бўлади. Бугунги суҳбатимиз давомида айнан мана шундай нозик масалага бироз, чуқурлашмаган ҳолда тўхталиб ўтамиз. Биз шарқ аёллари шунчалик ориятли ва иболимизки, кўпинча бизни қийнаётган дардларимизни ҳатто энг яқинларимизга ҳам айтолмаймиз. Ғарб ва Европа давлатларида бундай масалалар руҳшунос ҳузурида бемалол тилга олинади. Аммо биз бунга ўрганмаганмиз. Шунинг учун ҳам «Аёллар вақти» рукни орқали шу мавзуга бироз тўхталишни маъқул кўрдик.

Яқинда газетада бир аёлнинг «Эрим билан севишиб турмуш қурганмиз. Турмушимиз бошида ундан ажойиб одам йўқ эди. Аммо охирги пайтларда кўп жеркийдиган, ҳамманинг олдида ҳақорат қиладиган, ичиб келиб мени урадиган одат чиқариб олди. Бу ҳам етмагандай, уриб бўлганидан кейин мени ётоққа судрайди», — деган сўзларини ўқиб қолдим. Нима ҳам дердик, хоҳлаймизми – йўқми, кўп гап ётоқхонадаги муаммоларга бориб тақалади. Бу ўринда муаммони кўпинча биз аёллар ўзимиздан қидиришимиз керак. Эҳтимол аёл меҳри, эътиборини фарзандларидан орттириб, эрига кўрсатаолмаётгандир. Ёки оддий муомала жараёнининг ҳам бунга таъсири бор. Масалан, эр ишдан қайтганида аёли пешвоз чиқиб кутиб олмаса, ширин сўзлар, мазали таомлар билан сийламаса, эркак учун бу катта эътиборсизлик саналади.

У ўзини кераксиздек ҳис қилиб, биз учун арзимаган бўлиб туюлган ҳолатни бўрттириб юборади. Бора-бора бу ҳис мураккаблашиб, невроз ҳолатини келтириб чиқариши мумкин. Демак, эркакни аёлнинг ўзи шу ҳолатга олиб келиши мумкин экан. Натижада эр бунинг учун аёлини «айблаб», «қасд олиш» учун уни дўппослаши, ётоқхонада «аламини олиш» йўлига ўтади. Хўш, шундай муаммо бўлса нима қилиш керак? Бунинг учун аёл киши ўз жуфти билан руҳий осойишталик муҳитида бафуржа гаплашиб олиши керак. Қачон, қаерда эътиборсизлик қилганини эслаб кўрсин. Барча оилавий, руҳий муаммоларни ҳамфикрликда ҳал қилишга келишиб олсин. «Битим» муваффақиятли ўтгач, турмуш ўртоғингиз учун вафодор, эътиборли, ширинсўз, гўзал ва озода ёрга айланинг.

Эркаклар мақтовни жуда яхши кўришади. Шунинг учун уни тез-тез мақтаб туринг. Лекин меъёрни унутманг. Олтин ўрталикни ушлай олсангиз, марра сизники!

Оила мутахассислари бу муаммоларни кенг тарқалган аммо яширин муаммо деб аташади. Бу борада гапиришни эр ҳам аёл ҳам уят билиб, ўз ёғларида ўзлари қовурилиб яшайверишади. Аммо унутмаслик керакки, оила мустаҳкамлиги, эр-хотиннинг ўзаро муносабатлари, оилавий муҳитнинг ижобий тусда бўлиши кўп жиҳатдан ётоқхона мавзусига боғлиқ. Бунинг сабаби нимада экан? Биринчи сабаби, туғуруқ билан боғлиқ. Иккинчи сабаб эркакка эътиборнинг етишмаслиги, аёлнинг ёки эркакнинг гигиена қоидаларига риоя этмаслиги, муомала билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top