«Ë Раббим чин юракдан Сенга шукр дейман. Абадий исмингни шарафлайман, ё Худойим!» (Заб 85:12).
Ассалому алайкум. Дунёда нечта аёл бўлса, уларнинг характери, диди бир бириникига ўхшамайди. Бир ишни ўнта аёлга беринг, улар шу ишни ўз билганларича, ўзига ҳос йўл билан бажаришади. Ҳаммамизнинг ҳам ёқтирган, эътибор берадиган ва ўзимиз ёқтирганимизга кўра қиладиган ишларимиз бор. Масалан, менинг қўшним уйининг тўзиб ётганига чидай олмайди. Ерда ётган кичик бир ўйинчоқ ҳам унинг ғашини келтиради. У уйнинг тоза бўлишини ёқтиради. Мен эса аксинча, уй ишлари қилаётган ишим олдида унчалик муҳим эмас, деб ўйлайман. Мен қилаётган ишимда бирор нарса нотўғри бўлса, асабийлашаман, уйим тўзиб ётганидан эмас. Демак, ҳар бир аёл нарсларга ва ишларга ўзининг характеридан келиб чиқиб ёндошади.
Биз аёлларнинг сифатлари, темпераментлари, шахси, инъомлари, қобилиятлари, ёқтирган нарсалари ёки ёқтирмайдиган нарсалари, қулай томонлари, иштиёқи ва жавоб қайтариши турлича. Кимдир бирор бир ишни сизга маъқул бўладиган даражада қилмаётган бўлса, бу унинг нотўғри қилаётганини билдирмайди. Шунчаки у бу ишни сизнинг усулингизда эмас, ўзининг усулида қилаяпти. Бу ҳолатни Худонинг улуғворлигига ҳам ишлатсак бўлади. Ëдингизда бўлсин, Худони улуғлашда ягона тўғри йўл йўқ. Биз ҳаммамиз Худонинг улуғворлигига турлича ёндошамиз ва жавоб берамиз.
Аммо шунга қарамай, ёдимизда тутишимиз керак бўлган «бир тўғри йўл» бор. Ҳозир сизга Каломдан бир оятни ўқиб бераман, ана шундан кейин шу тўғри йўл ичида ўз услубингизни яратиб олаверасиз.
«Исо унга деди: — Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман. Менсиз ҳеч ким Отанинг олдига боролмайди» (Юҳ 14:6). Худонинг олдига боришнинг ягона йўли бу Исо Масиҳга ишониш. Баъзан Худони улуғлаш учун ўз ақлимизга таяниб иш қиламиз. Бироқ иш биз кутганчалик чиқмайди. Қанчалик ҳаракат қилмайлик, ишлар кўнгилдагидай чиқмайди. Сизда ҳам шундай бўлган бўлса, Муқаддас Каломдаги бир оятни ўқиб бераман: «…Яшаш ва Худо йўлида юришимиз учун керак бўлган ҳамма нарсани У бизга Ўзига ҳос илоҳий куч-қудрат билан ато этган» (2 Бут 1:3). Демак Худони улуғлашни ўз билганимизча эмас, Раббимиз ато этган куч-қудрат билан бажаришимиз керак экан. Худо ҳар биримизга турли руҳий инъомларни ато этади.
Шунга кўра Худони улуғлаш, энг тўғри йўл бўлади. Руҳий инъомлар, Худонинг ҳаётимизда ишлаши орқали, Уни улуғлаш бир-биримизникига ўхшамаслиги мумкин, аммо ўхшаши керак бўлган биргина қоида бор. Бу руҳий ҳаётда нимаики қилмайлик – бутун қалбимиз билан қилишдир. Исо Масиҳ Марк китобида шундай дейди: «Раббинг бўлган Худовандни бутун қалбинг билан, бутун жонинг билан, бутун онгинг билан ва бутун қувватинг билан севгин» (Марк 12:30). Азиз аёллар, сиз билан мулоқот вақтида қандай мавзуларда суҳбатлашишни истайсиз? Ўз истакларингиз ва фикрларингизни бизнинг www.najot.com dilkash@najot.com сайтларимиз орқали баён этишингиз мумкин. Сизнинг фикрингиз биз учун қадрли.