3:22

Мисрликлар хатоси

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Муқаддас Каломни ўқисангиз, Мисрликлар ҳақида жуда кўп нарсаларни билиб оласиз. Уларнинг келиб чиқиши, яшаган жойи ва фиръавнлари ҳақида маълумот оласиз. Фиръавнлар ҳаётига тегишли қизиқарли маълумотлар ва руҳий сабоқларни сизга фақат Калом бера олади. Бугун суҳбатимизни Мисрликлар ҳақида олиб боришга қарор қилдик. Уларнинг келиб чиқиши ҳақида сўзлашмаймиз, чунки биламиз-ки, улар ҳам Иброҳим пайғамбар авлоди. Бугун уларнинг Исроил халқига ўтқазган зулми ва бунинг натижасида нималарни бошидан кечиргани ҳақида гаплашамиз. Исроил халқидан биринчи бўлиб Мисрга борган бу Юсуф эди. Вақти – соати келиб, Исроил халқининг қолган аъзолари ҳам Мисрга келганида ҳаммаси бўлиб етмиш кишидан иборат эди.

Narrator 2 Улар Мисрда ўрнашиб, кўпайиб бораверишди. Миср юрти улар билан тўлиб тошди. Ўша пайтда Миср тахтига янги фиръавн ўтирди. Каломда унинг Исроил халқи ҳақидаги фикри ёзилган: «У ўз халқига шундай деди: — Қаранглар, Исроил халқи бизга қараганда кўпайиб, кучайиб кетди. Қани, бир йўлини қилиб, уларни кўпайиб кетишдан тўхтатайлик. Бўлмаса, уруш бўлиб қолганда, улар душманларимизга қўшилиб, бизга қарши уруш қиладилар. Кейин юртимиздан қочиб кетадилар.» Фиръавннинг бу сўзларидан кейин, Мисрликлар назорачилар тайинлаб, Исроил халқини оғир ишларга мажбур қилдилар, тинка-мадорини қуритдилар. Исроил халқи фиръавн учун Питом ва Рамзес деган омбор шаҳарларни қуриб бердилар. Бу шаҳарлар қадимда жуда машҳур бўлганига қарамай, ҳозирда уларнинг аниқ жойлашган жойи маълум эмас.

Narrator 1 Исроил халқини оғир ишларга қўйиб, уларни ҳолдан тойдириш ва шу тариқа, кўпайиб кетмаслигини олдини олиш, фиръавн режасининг биринчи қисми эди. Одатда оғир ишларга қўйилган кишилар тез-тез касалликка чалиниб ё бўлмаса, оғир иш туфайли ҳалок бўларди. Мисрликлар Исроилликлар ҳам шу тариқа камайиб кетади,бизнинг қўлимизда қул бўлишдан бошқасига ярамайди, — деб ўйлашган эди. Лекин Каломда ёзилишича: «Лекин Мисрликлар Исроил халқига қанчалик зулм ўтказсалар ҳам, Исроил халқи яна ҳам кўпайиб юрт бўйлаб ёйилиб борарди.» (Чиқ 1:11-12) Исроил халқини камайтириш ниятида бўлган Мисрликларни бу нарса ташвишга солди. Улар иккинчи режани ўйлаб чиқишди. Энди Исроил халқини зўрлик билан аёвсиз қул қилиб, ҳар турли ишларга мажбурладилар.

Narrator 2 Исроилликларни дала ишларига, лойдан ғишт қуйишга мажбурлаб уларга шафқат қилмадилар. Исроил халқига етказаётган жабрлари камдек, Фиръавн иброний дояларни чақиртириб деди: «Иброний аёллари кўзи ёриётган пайтда доялик қилаётганингизда яхшилаб эътибор беринг: чақалоқ ўғил бўлса, ўлдиринглар, қиз бўлса яшайверсин». Энди фиръавн шу йўл билан Иброний ҳалқини кучсизлантирмоққа бел боғлади. Бироқ Худованднинг сабр-косаси тўлди. Энди Худованд Ўз халқини олиб чиқиб кетиш учун Мисрга қарши турди. Мисрга ўн офат юбориб, Ўз халқини олиб чиқиб кетди. Мисрликлар орқали биз, Худовандга қарши туриш қанчалик қўрқинчли бўлишини билиб олишимиз мумкин. Бугун ҳам Худованд режасига қарши турманг. Аксинча У томонда бўлиб, Унга хизмат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top