«Доно одам ўз донолиги билан мақтанмасин. Кучли ўзининг кучи билан мақтанмасин ёки бой одам ўзининг бойлиги билан мақтанмасин. Мақтанадиганлар Мени тушуниши ва билиши билан, Менинг Худованд эканлигим, раҳм шафқатли ва меҳрибон эканлигим билан мақтансин. Шундагина Мен мамнун бўламан» — дейди Худованд.»
Ассалому алайкум доно ва меҳрибон опа-сингиллар. Ўтган сафарги суҳбатларимизда Худони улуғлаш нима эканини ўргангандик. Улуғлаш сўзининг асл маъноси «мақташ» деганидир. Инсонларнинг мақтови, бизни кўкларга кўтариши вақтинчалик эканини баъзан англаб етмаймиз. Шуни англамаган ҳолда уларнинг мақтовига сазовор бўлиш учун интиламиз. Одамлар бизни кўришлари учун, бирор бир соҳада кучли деб тан олишлари учун жон-жаҳдимиз билан ҳаракат қиламиз.
Ҳаракат қилар эканмиз, баъзан шу ҳаракатларимизни одамлар кўрсин, деб уларни ўзимиз маълум қилиб қўямиз. Бироқ Худованд бу борада нима деркин? Тўғри қилаяпмизми? Келинг, бу саволга Муқаддас Каломдан жавоб топамиз. «Шундай қилиб, сен бировга садақа бермоқчи бўлсанг, ўтган-кетганга жар солма. Иккиюзламачиларгина одамлардан олқиш олиш учун ибодатхоналарда ва кўча-куйда шундай қиладилар. Сизларга чинини айтайин: булар ўзларига яраша мукофотни олиб бўлдилар» (Мат 6:2). Чиндан ҳам ўз-ўзимизни улуғлаш ёки мақташ қисқа муддатли роҳат келтиради. Инсон зоти ўзи абадий бўлмагани каби, уларнинг олқиши ва мақтовлари ҳам абадий эмас. Хўш, инсоннинг олқиши, мақтови абадий эмас экан, абадий мақтовга сазовор бўлиш учун нима қилиш керак?! Юқоридаги оят бу саволга жавоб бўла олади.
Оятнинг мазмуни шундай: доно одам ўзининг донолиги билан эмас, Худони билгани, Унинг ўзига қанчалик меҳрибон, садоқатли ва адолатли эканлиги билан мақтансин. Бой одам ўзининг бойлиги билан эмас, Худони билиши, Унинг раҳм-шафқатли экани билан мақтансин. Кучли одам ўзининг кучи билан эмас, шу кучнинг манбаи билан мақтансин. Демак, мақтанадиган бўлсак, Худовандимиз билан мақтанишимиз керак экан. Худовандни чиндан билган инсон, Унинг ҳар қандай бойликдан, билимлардан, моддиятдан ва ютуқлардан улуғроқ эканини билади. Ҳаворий Павлус ҳам ўзи ҳақида шундай деган эди: «Шундай қилиб, Исо Масиҳга ташаккур, мен Худо йўлида қилган ишларим билан мақтансам бўлади.» (Рим 15:17). Бизнинг бу дунё учун ёки ўзимиз учун қиладиган ишларимиз мақтанишга арзимайди. Худо учун нима қилдик? Агар бор бўлса, шундай ишларимиз билан мақтанишимиз мумкин.
Бироқ Худони яхши билган аёл Худо йўлида қилган ишлари билан ҳам мақтанмайди. У ҳамма мақтовни Худога беради. Калом ҳар биримизга шундай дейди: «Мақтанаман деган Раббимиз билан мақтансин. Ўзи-ўзини мақтаган эмас, балки Раббимиз мақтаган киши мақбулдир» (2 Кор 10:17-18). Инсонларнинг эмас, Худованднинг мақтовини олишга ҳаракат қилиш керак. Бунинг учун ҳамма мақтовларни сизнинг гўзаллигингиз, бойлигингиз, донолигингиз ва эришган ютуқларингиз манбаи бўлган Худовандга беринг. Чунки сизни шу даражага етишдирган, сизга шу қобилиятларни берган Худованддир.