Narrator 1 Ассалому алайкум. Саҳнага кўпчилик олдига чиқиб гапириш осон иш эмас. Бунда энг қийини ҳаяжонни босишдир. Агар тайёр ёзилган нутқни ўқиб берсангиз, ўзингизни анча хотиржам ҳис қиладигандек туюлиши мумкин. Бироқ аслида, ҳар бир нутқни айтишга чиқишдан олдин ҳаяжон ортади. Айрим нотиқлар батафсил тузган режаларидан, баъзилари эса қисқасидан фойдаланишади. Асосийси, тингловчилар учун арзигулик маълумотни топганингизга амин бўлинг. Нутқингизни тўлиқ ёзиб олганингиз эмас, айнан бундай аминлик эътиборингизни маълумотга жамлашга ва ҳаяжонингизни босишга ёрдам беради. Овоз чиқариб машқ қилинг. Шундай йўл тутсангиз, фикрингизни ифодалашга қодир эканингизга амин бўласиз. Машқ қилганингизда, муайян нарсалар хотирангизда сақланиб қолади ва нутқ айтаётганингизда ёдингизга тушади.
Narrator 2 Машқни худди амалдагидек қилишга ҳаракат қилинг. Қаршингизда тингловчилар бор деб тасаввур қилган ҳолда, тикка туриб ёки ўтириб, саҳнада қандай сўзлаш керак бўлса, шундай гапиришни бошланг. Худодан ибодатда ёрдам сўранг. У бундай ибодатга жавоб берадими? «Шунда аминмизки, Худовандга мурожаат қилиб, Унинг иродасига мувофиқ нимаики сўрасак, У бизни эшитади» (1 Юҳан. 5:14). Агар Худони шарафлашни ва одамларга Унинг Каломидан фойда олишларига ёрдам беришни хоҳласангиз, У албатта ибодатингизга жавоб беради. Бундай аминлик, топшириғингизни бажаришга куч беради. Бундан ташқари, муқаддас руҳнинг самараси бўлмиш севги, севинч, тинчлик, мулойимлик ва ўзини тута билиш каби хислатларни ривожлантирганингиз сайин, ўзингизни тута олишга ёрдам берадиган фикрлаш тарзига эга бўласиз (Галат. 5:22, 23).
Narrator 1 Тажриба орттиринг. Ваъзгўйликда кўп иштирок этганингиз сари, камроқ ҳаяжонланасиз. Йиғилишларда қанчалик кўп шарҳ берсангиз, бошқалар билан суҳбатлашиш шунчалик осон кечади. Нутқ сўзлашга тез-тез чиқиб турсангиз, ҳаяжонингиз борган сари камаяди. Топшириқ билан кўпроқ чиқишни истайсизми? Унда, Воизлик мактабида кимнингдир ўрнига чиқиш керак бўлиб қолса, ёрдамингизни таклиф қилинг. Юқорида келтирилган қадамларни қўйганингиздан кейин, ўзини тута олмасликнинг белгилари билан танишиб чиқиш ҳам фойдали бўлади. Ушбу белгиларни аниқлагач, уларни бартараф этишга ўрганганингизда, ўзингизни тута олиш осонроқ кечади. Одам ўзини тута олиш-олмаслиги эса, унинг ҳаракати ва нутқида ошкор бўлади. Хатти-ҳаракатда намоён бўладиган белгилар. Қандай туришингиз ва қўлларингизнинг ҳаракатларидан ўзингизни тута олиш ёки олмаслигингизни билса бўлади.
Narrator 2 Агар нотиқ қўлларини икки ёнга тутиб турса ёки орқага бирлаштирса, қўлларни чўнтакка солса, костюмининг тугмасини ўйнаб турса, бекордан-бекор ёноқлари ва бурнига тегса, кўзойнагини қайта-қайта тўғриласа, қўл соатига ҳадеб тегинаверса, маълумотини қайта-қайта варақлайверса ёки имо-ишоралари пала-партиш бўлса, бу белгилар у ўзини тута олмаётганлигидан дарак беради. Ишонч етишмаслигини бошқа ҳаракатлар ҳам кўрсатиб туради. Масалан, оёқларни у ердан бу ерга қимирлатиш, аскар каби қотиб туриш, букчайиш, лабни тез-тез ялаб туриш, ютиниш, тез ва қисқа-қисқа нафас олиш бунга мисол бўла олади. Агар ҳаяжоннинг бу белгиларини бартараф этишга интилсангиз, уни енга оласиз. Ҳар бири устидан навбатма-навбат ишланг. Улардан бирини танлаб, қандай қутилиш мумкинлигини кўриб чиқинг. Агар бунга бор кучингиз билан тиришсангиз, хатти-ҳаракатингизни назорат қила оласиз.