Ассалому алайкум қадрли мунис ва зукко опа-сингиллар. Қаловини топсанг қор ҳам ёнади, деган мақол бор. Бу мақол жуда ўрнида топиб айтилган. Аёллар бир-бирлари билан суҳбатлашар эканлар, баъзилари турмуш ўртоқларининг рўзғор ишларига ёрдам беришларини айтиб, мақтанишади. Сизчи? Турмуш ўртоғингиз ҳақида шундай дея оласизми? Ëки оилангизда «рўзғор ишларини бажариш фақат аёлнинггина вазифаси» қабилидаги адолатсиз қоида ҳалиям ҳукмронми? Вазиятни яхшилаш ўз қўлингизда! Бу маслаҳатларни фақат оилада эмас, бошқа жойларда ҳам ишлатишингиз мумкин. Биринчидан ўзингизга ишонинг. Сиз яқинларингиздан бирор ишингизга кўмаклашишини сўраётганда «барибир ҳаммаси ўзимга қолади, «вақтим йўқ»дейди,» деб ўйлайсиз. Илтимосингиз оҳанги «йўқ» десаям хафа бўлмаслигингизни билдириб туради.
Ўзингизда ички ишончни ҳис қилишга уриниб кўринг. Турмуш ўртоғингизга сизга қарашиши учун танлаш имконини беринг. Масалан, бозорга тушишингиз керак бўлса, «олиб борасизми, йўқми?» эмас, «ҳозир олиб борасизми ёки бир пасдан кейинми?» деган савол қўйинг. Шунда у сизни бозорга олиб бориш шартларидан бирини танлашга мажбур бўлади. Ўзи билмаган ҳолда «бориш вақтини танлаш имкони менга берилаяпти-ку» дея овунади.
Кўпчилик аёллар турмуш ўртоғи ўзи билиб, «ёрдам керакмасми» дейишини кутишади. Эркаклар эса уларнинг хизмати рўзғорда ҳам асқотиб туриши лозимлигини ҳаёлларига ҳам келтиришмайди.
Агар унинг сизга ёрдам беришини истасангиз, бу ҳақида тўғридан-тўғри сўранг, масалан, «мен болани ухлатгунимча, сиз дастурхонни йиғиштириб туринг, илтимос», дейишингиз мумкин. Лекин чарчоқдан нафасингиз қайтиб, «шу ҳам одам, қийналиб кетди, ёрдам берай», деб ўйлайсизми ҳеч» қабилидаги дийдиёдан фойда йўқ. Илтимос мазмуни мавҳум бўлгани учун ҳеч қандай натижага эриша олмайсиз. Эрингизга мурожаат қилаётганингизда унинг ёрдами сиз учун жуда муҳимлигини кўрсатинг. Эркаклар рақамларни ёқтиришади. Рўзғор ишларининг ҳар бири учун қанча вақт кетишини ҳисобланг. Ахир рақамларга кўра, ҳамма ишларга улгураман десангиз, дам олмай ишлаган тақдирингизда ҳам ухлашингиз учун атиги 3-4 соатгина вақт қолаётгани маълум бўлади. Бунақа арифметикадан кейин унинг кўмагисиз ҳолингиз вой бўлишига ишониши аниқ!
Эрингизнинг хоҳишига қараб, вазифаларни бўлишиб олинг. Қўлингизга уч хил рангли маркер олинг. Биринчисида вазифалар рўйхатидаги фақат сизгина бажара оладиган ишларни белгиланг. Иккинчи рангда фақат у бажара оладиганлари бўлсин. Учинчи ранг эса, икковингиз бажара оладиган вазифалар рўйхатини белгилайди. Вазифаларни ўзидан билиб бажаришини кутиб ўтирманг. Айни дамда энг муҳим бўлган ишни бажаришни эслатиб туринг. Фақат бу эслатишингиз мулойимроқ ва меҳрибонроқ бироқ қатъий тарзда бўлсин. Асло унинг жиғига тегадиган оҳангда гапирманг. Унинг кўмагини сидқидилдан қабул қилинг. Ҳар бир ёрдамига миннатдорчилик билдиришни ва унинг ишини мақтаб қўйишни унутманг.