3:29

Уй гуруҳлари 130

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радиомиз қаршисида ғойибона бўлсада учрашиб турганимиздан Худовандимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Азиз радио тингловчи биродарлар, бугунги мавзумиз орқали кишилар қандай қилиб Муқаддас каломдан ўзлари озуқа олишни ўрганадилар. Бунинг учун гуруҳдаги ҳар бир киши ўрганилаётган парчанинг маъносини очишда фаол қатнашишлари керак. Баъзи биродарлар учун, ўз фикрларини бундай ифодалаш, янги тажриба бўлиши мумкин.

Улар Муқаддас каломнинг маъноси ёки нима деяётганини бошқалардан эшитишга ёки уларга айтишларига ўрганиб қолишган. Улар Муқаддас калом ҳақида жуда кўп нарсаларни билишлари мумкин, аммо бу уларнинг ўқиб уққанларидан эмас, балки бошқаларнинг ўқиб ўрганганининг маҳсулидир. Калом ўрганишни саволлар билан олиб борганимизда, Муқаддас калом суҳбати бошқаларни китобдан излашга чорлайди. Кўплар учун Муқаддас калом шунақа тирик китобга айланадики, улар бундай тажрибани ҳеч качон бошларидан ўтказмаган бўлишлари мумкин.

Бундай ўрганиш ҳар бир қатнашчини Муқаддас каломни мунтазам равишда мутолаа қилишга чорлайди. Гуруҳ бўлиб мутолаа қилиш — шахсий мутолаанинг ўрнини эгалламаслиги керак. Лекин кўп кишилар Муқаддас каломни мунтазам равишда ўқиш интизомига риоя қилмайдилар. Муқаддас калом суҳбати эса уларга ҳеч бўлмаганда ҳафтада бир марта кичик гуруҳларда шахсий мутолаа қилиш имконини беради. Албатта, кичик гуруҳлардаги каломни ўрганиш вақтида ҳар бир киши ўз фикрини айтишига имконияти бўлади.

Азиз биродарлар, гуруҳ кичик бўлганлиги сабабли, саккизтадан ўнтагача киши бўлса жуда яхши бўлади. Шунда табиий равишда гуруҳнинг ўзи ҳар бир кишини суҳбатга чорлайди. Ўрганишда уларнинг ҳам фикрлари жуда муҳим эканлигини фаҳмлай бошлайдилар, ҳатто катта гуруҳларда умуман гапирмайдиган кишилар ҳам бундай гуруҳларда очила бошлайдилар. Кичик гуруҳлар яқинроқ, самимийроқ ва ўзини ноқулай сезиш ҳолати камроқ бўлади. Кўп ўтмай кўпчилик бемалол суҳбатлаша бошлайди.

Албатта, бошқаларнинг тушуниш қобилиятларидан ҳам ҳар биримиз ўзимизга керакли бўлган оятларни ўрганамиз. Ҳар бир киши ўз фикрини бўлишар экан, парчанинг маъносини тўлиқроқ англай борамиз. Ва ҳаётимизда амалда қандай тадбиқ қилишимизни ҳам кенгроқ тушуна борамиз. Чунки ҳар бир киши ўзига хос назар билан қарайди. Гуруҳда иштирок этувчилар ғамхўр жамоанинг бир қисмига айлана борадилар. Гуруҳ бўлиб мутолаа қилиш, бир-бирини яхшироқ таниб, очиқ, самимий ва ишончли муносабатларни келтириб чиқарувчи табиий муҳит яратади. Гуруҳ аъзолари бир-бирлари учун ибодат қиладилар ва бир-бирлари учун амалий ғамхўрлик қиладилар. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, шунинг билан бугунги мавзумиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Сизлар билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини сиз азизларга айтиб ўтмоқчиман: www.najot.com Ҳозирча эса хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top