3:06

Камолотга етказиш

MP3

Ассалому алайкум. Биз аёллар доимо ҳамма ишга улгуриш, бир кун ичида анча-мунча ишларга улгуриш учун югуриб-еламиз. Ҳамма ишимизни яхши бажаришга ҳаракат қиламиз. Нимаики қилсак, ортимиздан «яхши иш қилибди, баракалла»- деган сўзларни эшитишни истаймиз. Шу ниятда қаерда ишласак ҳам, қилаётган ишимизни пухта ва мукаммал қилишга ҳаракат қиламиз. Шу билан бирга доимий равишда камолотга интилиб бораётганимизни, шу йўлга тушиб қолганимизни билмай қоламиз. Доимий равишда камолотга интилиб бориш нақадар қийин! Унинг устига ниҳоятда чарчатади. Биз бошқаларга ва ўзимизга ёқиш учун камолотга интиламиз. Аммо биз қанча кўп ҳаракат қилсак, атрофдагилар кўзига шунча ёмон кўринар эканмиз.

Одамлар бошқалардан мукаммалликни ахтармайдилар – улар муҳаббатни ахтарадилар. Ўзини мукаммал қилишга интилиш – Худодан бошқа жойда мукаммалликни қидиришга ундайдиган адашишдир. Ҳар бир мукаммалликка интиладиган, ўз устида тинмай ишлайдиган аёл босиб ўтган йўлига қараб: «Мен эътиборга лойиқ ҳеч нарса қилмадим. Ишларим мукаммал эмас» — деб ўйлайди. Доимо мукаммалликка интиладиган, ўз устида ишлайдиган аёл ҳеч қачон ўз эришган ютуқларини етарли деб ўйламайди. У яхши ошпаз. Оила аъзолари унинг овқатларини мақтаб ейишади, бироқ у ўзини яхши ошпаз деб ҳисобламайди. Пишираётган овқати яхши чиқмаганини ҳис қилади. У нимаики қилмасин, бундан ҳам яхшироқ қилиш мумкин эди, деб ўйлайди. Ҳаёти давомида мукаммаллик кетидан қувади, бироқ бундай ҳаёт тарзи унинг аҳволини танг қилиб қўяди.

Хўш, бундай мукаммалликка интилишдан нима фойда бор. Одамлардан олқиш олишми? Ëки ўз-ўзингизга маъқул келишми? Агар сиз ҳам шундай аёллардан бири бўлсангиз, Худованд сиздан мукаммалликни кутмаслигини билиб қўйишингиз керак. Худо сизни қандай бўлсангиз шундайлигингизча қабул қилган. У сиздан мукаммалликни талаб қилмайди. У фақат сизу-биздан Ўзининг иродасига итоат қилишимизни сўрайди. Эҳтимол сиз: «Худованд Ўз Каломида «…осмондаги Отангиз баркамол бўлгани каби, сиз ҳам баркамол бўлинглар», деб очиқ – ойдин айтилган бўлса, сиз қандай қилиб мукаммал бўлишингиз шарт эмас, деяпсиз», дейишингиз мумкин. Бунга жавоб тариқасида мен «мукаммал» сўзининг изоҳини келтириб ўтсам.

Бу сўз «барча муносабатларда тўғри, бенуқсон, хато қилмайдиган, ҳеч қандай камчиликсиз, энг олий ҳусусиятлар билан фарқ қилувчи» деган маънони билдиради.

Худо биздан ана шу даражадаги мукаммалликни талаб қилади, деб ўйлайдиганлар унга эришиш учун зўр бериб ҳаракат қила бошлайдилар. Кейин эса қўлларидан ҳеч нима келмаслигини тан оладилар ва бениҳоя тушкунликка тушиб қоладилар. Бахтимизга, Худованд Каломи бу муаммога бошқача ёндошади. У «баркамол бўлинглар» деганида бутунлай бошқа нарсани назарда тутган эди. Нимани назарда тутганини билишни истасангиз, бизнинг кейинги суҳбатларимизни ўтказиб юборманг. Айниқса бизнинг сайтимиз сизга бу борада кенгроқ маълумот беришга тайёр. Агар фикрларингиз билан ўртоқлашишни истасангиз, бизнинг электрон манзилимизга мактуб йўлланг. Сизнинг фикрингиз биз учун муҳим.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top