Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар, сизлар билан яна тўлқинларимиз орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннадормиз. Азизлар, марҳамат, тингланг: эфирда “Дилкаш” радиоси. Римликларга мактубининг 15 боби 4 оятида “Қадимги оятларда нимаики ёзилган бўлса, бизнинг таълим олишимиз учун ёзилган. Биз бу оятлардан сабр ва тасалли топиб, умидимизда маҳкам туришимиз лозим” деб ёзилган. Худо Каломи ўргатадиган нарсалар бизга ҳаётий қийинчиликларни енгишга ва умидни йўқотмасликка ёрдам беради. Албатта, бунинг учун ҳар куни Каломни ўқиб, ўзимиз учун керакли оятларни ёд олишимиз керак. Ахир бемор киши ҳам тезда соғайиб кетиши учун врач томонидан буюрилган дори-дармонларни ўз вақтида ичиб туриши керак-ку.
Мисол учун, Худованднинг Каломини ўқиб, ўзимиз учун бошқаларнинг хатоларини такрорлашдан сақланишни ўрганишимиз мумкин. Ушбу оят орқали биз айнан шу нарсани ўрганишимиз мумкин. Бундан ташқари Биринчи Коринфияликларга мактубининг 10 боби 11ҳамда12 оятларида Муқаддас Ёзувдаги намуналар бизни гуноҳнинг оқибатлари ҳақида огоҳлантиради ва нималардан қочиш кераклигини кўрсатади. Келинг азиз биродарлар, ушбу оятни ҳам биргаликда ўқиб кўрамиз:
“Улар бошдан кечирган бу ҳодисаларнинг ҳаммаси биз ибрат олишимиз учун содир бўлди, замонанинг охирига етишган бизлар учун насиҳат тариқасида ёзилган. Шунинг учун, ўзининг мустаҳкамлигига ишонган киши йиқилмаслик учун эҳтиёт бўлсин”. Васвасага қарши курашиш “қуролини” ўзида мужассам қилган Матто китобининг 4 боби 4 ва 7 оятларида Раббимиз Исо Масиҳ шайтоннинг васвасаларига қарши туриш учун Муқаддас китоб ҳақиқатларини ишлатган ва биз ҳам худди шундай йўл тутишимиз керак.
Худованднинг Каломи бизга Худо ҳақида билим беради. Юҳанно мактубининг 5 боби 39 оятида: “Сизлар Муқаддас Битикларни текширасизлар, чунки улар орқали абадий ҳаётга эришамиз, деб ўйлайсизлар. Ана ўша Битиклар Мен тўғримда гувоҳлик беради” — деб ёзилган. Худо ҳақидаги ҳақиқий билимни биз Каломдан оламиз, усиз бизнинг Худованд ҳақидаги тушунчамиз нотўғри ва тўлиқсиз бўлур эди. Худованднинг Муқаддас Каломи бизни Худонинг хизматкори сифатида “тайёрлайди”.
Муқаддас китоб – бизнинг хизматга “тайёрланишдаги” ва бошқаларга таълим беришдаги асосий воситамиз ҳисобланади. Худонинг Каломи – биз Худонинг хизматкори бўлишимиз учун бизни “тайёрлайдиган” ягона восита. Худо Каломи – бу бошқаларнинг нажот топиши, улар ҳаётининг ўзгариши, руҳий ўсиши ва Масиҳда камол топиши учун, биз бошқа одамларга беришимиз керак бўлган ягона нарса. Худо Каломининг куч-қудрати ва мақсад-вазифаси, унинг айнан биз ўрганишимиз керак бўлган нарса эканини очиб беради. Чўпоннинг мажбурияти − бу Худо Каломини ўрганиш, Уни амалда қўллаш ва бошқаларга ўргатиш. Шунинг билан азизлар, мавзумиз ниҳоясига етди. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Яна тўлқинларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинглар.