3:33

Болаларнинг ўсишига ёрдам 289

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Эфирда “Дилкаш” радиосининг навбатдаги эшиттиришларидан бири. Марҳамат, тингланг. Азиз болажонлар, бугунги эшиттиришимиз сизлар учун манзур бўлади деган умиддамиз. Келинг азиз болажонлар, бугунги эшиттиришимизни бир мисол билан бошласак. Тасаввур қилиб кўринг. Оғирлиги бир неча минг тонна бўлган “Колумбия” номли коинот кемаси ўз ортидан оловли думини қолдириб фазога кўтарилди. Икки дақиқа ичида у ўттиз етти келометрни босиб ўтиб, соатига йигирма етти минг километр тезлигида бутун ер шарини айланиб чиқди.

Азиз болажонлар, бир тасаввур қилиб кўринг-а, улкан кема шундай тезликда бутун ер шарини айланиб учиши учун қанчалик катта куч талаб этилади. Албатта, кўпчилик ушбу кеманинг ҳаддан зиёд кучли эканлигига ишонади. Энди Худованднинг кучи ҳақида бироз сўз юритсак. Азизлар, Худованднинг қанчалик кучли, қудратли эканлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Муқаддас китобда айтилишича: “Эгамиз… Унинг кучи буюкдир” — деб ёзилган Наум пайғамбар китобининг 1боби 3оятида.

У бутун осмон ва ерни яратди. Бундай яратилиш бошқа ҳеч кимнинг қўлидан келмайди. Фақатгина ягона Худованд буни қила олади. Мана шу яратилишнинг ўзигина Худовандимизнинг қанчалик кучли эканлигидан дарак бериб турибди. Худованд ушбу яратганларини ўтириб нимадандир ясамади. У фақатгина “шу пайдо бўлсин” деди ва пайдо бўлди. Балки сен ўйлаётгандирсан: демак, Худованд буюк сеҳргар бўлса керак, деб. Йўқ, Худованд сеҳргар эмас. У яратувчидир. У ҳамма нарсага қодирдир. У бутун дунёдаги халқларни бошқаради. Азизлар, Худованднинг куч-қудрати бепоёндир.

У лозим бўлган барча ишни қила олади. Азиз болажонлар, Муқаддас китоб бизга Иброҳим ва Сора ҳақида гапирган. Худованд уларга кўплаб авлодларга эга бўлишларига ваъда берган эди. Аммо уларнинг фарзанди йўқ эди. Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг: фарзанди йўқ инсон қандай қилиб кўплаб авлодларга эга бўлиши мумкин? Ахир авлод қолиши учун инсонда фарзанд бўлиши керак. Иброҳим билан Сора бутунлай қариб юз ёшга яқинлашганларида, Худованд Иброҳимнинг ёнига Ўз фаришталарини юборди.

Фаришта эса Иброҳимга: “Сора ўғил туғади, чунки Худо ҳамма нарсага қодир, У имконсиз бўлган нарсани имконли қила олади”, деб айтади. Шунинг учун ҳам Иброҳим фарзандли бўлди ва дарҳақиқат Худованд айтганидек, кўплаб халқларнинг отаси бўлди. Азиз болажонлар, агар ҳаётингиз давомида айрим қийинчиликларга дуч келсангиз, билинг-ки Худованд доимо ҳар бир фарзандига ёрдам беришга шайдир. Ҳурматли биродарлар, доимо Худованднинг яратганлари учун Унга миннатдорчилик билдириш ёдингиздан чиқмасин. Шунинг билан азизлар, мавзумиз ҳам ўз ниҳоясига етиб қолди. Азизлар, мен сизга ўзимизнинг интернет сайтимиз манзилини айтиб ўтмоқчи эдим: www.najot.com Ушбу сайтимизга марҳамат қилинг. Келаси эшиттиришларимиз орқали яна тўлқинларимизда учрашгунча хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top