Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи болажонлар. Яна сиз азизлар билан радиомиз тўлқинлари орқали соғ-омон учрашиб турганимиз учун Раббимиз Исо Масиҳга раҳматлар айтамиз. Азиз биродарлар, кўпчилигимиз доимо бир савол ҳақида бош қотирами: “Нима учун Худованд Одам Ато билан Момо Ҳавонинг гуноҳ қилишига йўл қўйиб берди?” деган савол. Бу албатта яхши савол. Чунки инсон яратилибдики, доимо яхши ҳаёт кечиришга ҳаракат қилиб келади. Айнан мана шу яхши яшашга ҳаракат қилиш кўпинча одамларни тўғри йўлдан ҳам оздириши мумкин. Бугунги қаҳрамонларимиз Одам Ато билан Момо Ҳавонинг ҳам хатолари айнан шу эди десак хато бўлмас.
Албатта, Худованд бутун дунёдаги нарсаларни гўзал ва мукаммал қилиб яратган эди. Лекин нима учун бугунги кунда дунёда касаллик, ғам-алам, уруш-жанжал, одамлар орасидаги ўзаро қотилликлар авж олиб бормоқда? Нима учун ҳамма нарсалар шунчалик тубанлашиб кетмоқда? Худованд биринчи инсонлар Одам Ато ва Момо Ҳавони Эрам боғига жойлаштирган эди. Ҳар биримизға яхши маълумки, Худованд уларга боғдаги барча мевали дарахтларнинг меваларидан еб озуқланишларини айтган эди. Лекин Худованд шу боғдаги биргина дарахтнинг мевасидан ейишга рухсат бермади.
Худованд уларга айтган эди, “агар шу дарахтнинг мевасидан есанглар шу куниёқ ўласизлар”, деб.Лекин Худованднинг азалий душмани шайтон шу дарахтнинг мевасидан еб кўришга Момо Ҳавони кўндирди. Шундан сўнг Одам Ато ҳам шу мевадан еб кўрди. Улар мевадан еб нима қилишди? Албатта, биринчи бор Худовандга бўйсунмадилар. Шу орқали улар гуноҳ қилишди. Худованд уларга боғдан кетишларини айтди. Инсонларнинг барча ташвишлари шу кундан бошланди. Энди улар касал бўлишади, турли азоб-уқубатларга дучор бўлишади, ҳаётларида турли хил муаммолар пайдо бўла бошлайди.
Энг ачинарлиси, энди маълум ёшдан сўнг инсонлар ҳалок бўлишади. Шу ягона гуноҳ Одам Ато билан Момо Ҳавони муқаддас ва мукаммал Худодан бутунлай ажратди. Одам Ато билан Момо Ҳаво Худодан ажралган пайтларидан бошлаб, уларнинг фарзандлари ва уларнинг авлоди ва ҳатто бизнинг кунгача барча инсонлар гуноҳкор бўлиб дунёга келишмоқда. Муқаддас китобнинг Римликларга мактуби 3 боби 23 оятида “Ҳамма гуноҳ қилган…” – деб ёзиб қўйилган. Гуноҳ бу Худога бўйсунмаслик ва Унинг қонунларини ўз фикрларимиз ва сўзларимиз ҳамда ишларимиз билан бузишдир. Инсонни доимо ўз қалбидаги гуноҳ нотўғри ишларни қилишга бошлайди.
Албатта, ҳеч бир инсон ўз кучи билан гуноҳдан озод бўла олмайди. Шунинг учун ҳар бир инсон қилган гуноҳи учун жазога лойиқдир. Инсонни Худованд барибир севади. Шунинг учун ҳам кимда-ким Худованддан ўз гуноҳлари учун кечирим сўраб тавба қилса ва Исо Масиҳни ўз юрагига қабул қилса, шу инсонгина гуноҳларидан тозаланади. Худованд шу инсонни Ўз оиласига қайта қабул қилади. Азиз биродар, ўйлаб кўр, Худодан гуноҳларинг туфайли ажралиб қолма. Шунинг билан азизлар, эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Бизнинг интернет сайтимиз манзили: www.najot.com Ҳозирча хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.