Ассалому алайкум қадрли опа-сингиллар. Суҳбатимизни бошлашдан олдин эътиборингизга бир ҳаётий латифани ҳавола қилсам.
Хотин эридан нолияпти: — Ҳой, дадаси, нега ҳамма нарсани «меники, меники» деяверасиз? «Менинг уйим, менинг машинам, менинг диваним…» «бизники» деб гапиринг.. Ахир бир оила бўлсак!..
Хўп бўлади-да, хотинжон! Эрталабгача шимимизни дазмоллаб қўйсанг.
Нега оталар «ўғлинг», «қизинг» дейишади? Бу саволни бекорга қўймадим. Чиндан ҳам эркаклар эндигина фарзанди туғилганида «қизим» «ўғлим» деб эркалатишади-да, уч-тўрт йил ўтганидан кейин ўз боласини «қизинг», «ўғлинг» деб гапиришади.
Хўш, бунинг сабаби нимада? Маълум бўлишича, кўп эркаклар бундай деб гапиришини ўзлари ҳам сезмас экан. Баъзилари эса нима учун бундай дейишини ўйлаб ҳам кўрмаган. Фақат болалар эмас, сиз қайнота ва қайнонангизни «ойижон», «дадажон» деб ҳурматлаганингизда, у сизнинг ойингизни «онанг», дадангизни «даданг» деса ҳам чидайсиз. Лекин болаларга эгалик қўшимчасини ноўрин қўша бошласа, кечагина сартарошхонадан фалон пулга силлиқ торттириб келган сочларингиз ток ургандек тикка бўлиб кетади-да! Аслида биз бу суҳбат давомида на эркакларнинг шовинизмини, на аёлларнинг феминизмини ёқлаймиз. Ҳамма нарсада уйғунлик ва мантиқ бўлиши керак. Балки рўзғорда аёллар ва эркакларнинг вазифаси қатъий чегараланиши тўғридир. Бироқ фарзанд тарбиясида «ўғлинг, қизинг» бўлмаслиги керак.
Ахир фарзандлар волейбол тўпи эмаски, эр-хотин бир-бирига ошир-ошир қилса. Фарзандларга тааллуқли ҳамма нарса муштаракдир. Умуман, эр-хотин ўртасида болаларнинг сеники, меники бўлишига сабаб нима? Бу масъулиятдан қочишми ёки айбдорлик ҳиссини яшириш? Назаримизда иккиси ҳам. Олайлик, фарзандингиз кўчада кимнингдир кўзини кўкартириб келди ёки аксинча, ўзининг бурни қонаб келди. Оталар «ҳов, болага қарамайсанми? Мен кўчанинг одамиман. Сенларни едириб ичириш пайидаман. Тўғри тарбияласанг бўлмайдими?» дейишга шай туришади. Дейишади ҳам. Оналар эса, «ўғил болага ота тарбия бериши керак. Менинг вазифам оқ ювиб, оқ тараш», деб ўзларини четга тортмоқчи бўлишади.
Аммо асосий масала, яъни «энди нима қилиш керак?» деган савол-чи?! Боланинг тарбияси тўғри издан кетиши учун унга ота ва онанинг ўгитлари ҳамда шахсий ибрати бирдек муҳим. Модомики шундай экан, фарзанд тарбиялашда сеники-меникига ўрин йўқ. Эру хотин, буви-ю боболарнинг бари бир томон, якдил ва баҳамжиҳат бўлмоғи лозим. Чунки боладек айёри бўлмайди, деб бежизга айтишмаган. Тарбиячилар орасидаги бўлинишни сезган кичкинтой бундан усталик билан фойдаланади. Вақт ўтгандан кейин «ким айбдор» дея бош қотиришдан эса маъни бўлмайди. Азиз тингловчи, оила ва фарзандларга тегишли теша тегмаган мавзулардан боҳабар бўлишни истасангиз, бизнинг www.najot.com сайтимизга марҳамат қилинг. Суҳбатлар ҳақидаги фикрларингиз ёзилган мактубларни эса dilkash@najot.com электрон манзилимизда кутамиз.