3:33

Руҳий ғалаба 304

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сизлар билан радиомиз тўлқинлари билан соғ-саломат учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Азиз биродарлар, бугунги эшиттиришимиз орқали бироз нажот топган одамларга тегишли айрим нарсалар ҳақида айтмоқчи эдим. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, иблис кўпроқ ҳали имонга келмаганларга ўз таъсирини ўтқазишга ҳаракат қилади. Лекин шу билан бирга иблис имонлилар онгини ҳам заҳарлай олишини унутмаслигимиз керак.

2 Коринфликларга мактубининг 11 боби 3 оятида шундай ёзилган. Келинг азизлар, биргаликда ўқиб кўрамиз: “Мaбодо Момо Ҳавони илон ўзининг ҳийлагарлиги билан алдаганига ўхшаб, сизларнинг ўй-фикрингиз ҳам бузилиб, Масиҳга хос соддаликдан айрилиб қолмасангизлар, деган хавотирдаман”. Иблис ҳамиша уларни “Ҳазрати Исодаги соддаликларидан” айиришга ҳаракат қилиб келган. У шу йўл билан имонлини унинг Раббимизга хос соддалигидан маҳрум қилиши мумкин. Ёқуб мактубининг 3 боби 15 оятидан ушбу оятни биргаликда ўқиймиз: “Бундай донолик юқоридан тушмаган. Бундай донолик дунёдан, моддиятдан, жин-ажиндан туғилган”.

Азиз биродарлар, мана шу оятда ёзилишича, дунёга хос донолик жин-ажинадан бўлиб, ҳасадгўйлик ва худбинликка олиб келади. Ўй-фикрларни тўла-тўкис Исо Масиҳга бўйсундириш билан жинларнинг онгимизга ўтказадиган таъсиридан халос бўлишимиз мумкин. Шунга ўхшаш амр Филиппиликларга мактубининг 4 боби 6 ва 8 оятларида берилган. Имонли киши ҳар бир тилагини ибодат ва илтижолар билан Худога ишониб топширса ва ҳақиқий, мўътабар, тўғри ва соф нарсалар ҳақида фикр қилса, Унинг ақл-идроки ҳамиша ҳимоя остида бўлади.

Лекин бунинг акси бўлса-чи? Унда иблиснинг режаси шу инсонда амалга ошиши учун эшиклар очиқ, деб айтишимиз мумкин. Учинчидан, жинлар одамни алдай оладилар. Ҳаворий Павлус Салоникадаги ёш имонлилар жамоати ҳақида жуда кўп қайғурган. Павлус қайғу ва қувғинлар таъсирида иблис имонлилар жамоатини йўлдан оздиришидан қўрқарди. У ўз фикрини 1 Салоникаликларга мактубининг 3 боби 5 оятида шундай деб баён этади: “Шунинг учун мен ортиқча сабр қилолмай, мабодо васвасачи сизларни йўлдан оздирмадими, меҳнатимиз беҳуда кетмадими, деб имонингизнинг аҳволини билиш учун укамизни юбордим”.

Азиз радио тингловчи биродарлар, салоникаликлар Хушхабарни қувонч билан қабул қилган бўлсалар ҳам, уларнинг имон-эътиқодлари шайтоннинг ҳужумлари таъсирида нотўғри йўналиш олиши мумкин эди. Иблис ўзига хизмат қиладиганлар орқали ҳам имонлиларни чалғитиши мумкин. Ҳаворий Павлус “Фазода ҳукмронлик қилаётган ҳоким… руҳи ҳозир ҳам осий бандаларда амал қилмоқда”, деб айтиб ўтган эди. Шунинг учун азизлар, доимо Худованд билан бирга бўлиш – ҳар қандай кутилмаган ҳужумдан асрайди. Шу билан азизлар, мавзумиз ҳам ўз поёнига етди. Бизнинг интернет сайтимиз манзили: www.najot.com Азизлар, ушбу сайтимизга марҳамат қилинг ва фойдаланинг. Ҳозирча эса хайр.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top