Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сиз азиз биродарларимиз билан яна радиомиз қаршисида соғ-омон учрашиб турганимиздан Отамиз Худога шон-шарафлар бўлсин. Азиз радио тингловчи биродарлар, ўтган сафардаги эшиттиришларимизнинг бирида биз сизлар билан Юсуф ва унинг акалари ва хуллас оиласи ҳақида гаплашган эдик. Улар Ёқубни дафн этиб бўлганларидан сўнг, ҳамма Мисрга қайтиб кетди. Юсуфнинг акалари эса хавотирланиб, қудратли укалари уларни ёмон кўриб, қачонлардир унга қилган ёмонликлари учун улардан қасос олиши мумкин, деб ўйлардилар.
Юсуфнинг шунча қилган яхшилигини кўра била туриб ҳам, акалари ундан шубҳаланганига ҳайрон бўлма, қадрли юрак. Самовий Юсуф сен учун жонини берган бўлишига қарамасдан, неча маротаба ундан шубҳалангансан! Кўпинча қилган гуноҳларингни эслаб: “Менга энди нима бўлади?” деган ҳаёлга боргансан. Ҳоронга бориб келганларидан сўнг Юсуфнинг акалари қилган ишларини эсладилар. Юсуф уларнинг ўй-хавотирини билиб қолганда йиғлаб юборди, чунки акалари унга ишонмаганларидан Юсуфнинг дили оғриганди. Юсуф акаларидан ғазабланмаётганлигини айтиб, уларни ишонтириб: “Қўрқманглар. Мен бундан кейин ҳам сизни ҳамда сизнинг болаларингизни боқаман”, деб айтарди.
Худованднинг Ўзи яратган бундай характерни охиригача шакллантириш учун яна нима керак эди? Худованд Юсуфга бир юз ўн йил умр берди. Худо Руҳига эга бўлган бу одам саксон йил Парвардигорнинг қўлидаги марҳаматланган қуроли, буюк мамлакатнинг эса қудратли ҳоқони бўлди. Худованднинг кўрсатган марҳаматига кўра, Юсуф набиралари ҳамда чеваралари қандай катта бўлаётганини ўз кўзи билан кўрди. Қариган чоғда Юсуф ака-укаларини олдига чақириб, уларга васият қилиб: “Агарда Худованд сизларни бу ердан олиб чиқса, у ҳолда менинг суякларимни ҳам бу ердан олиб кетинглар”, — деди.
Унга ота-боболарининг ерида бўлиш ҳаётлигида насиб қилмаганига яраша, ҳеч бўлмаса ўлганидан сўнг у ерда бўлишни орзу қиларди. Бегона юртда Худованд Юсуфни буюк ишлар қилишга даъват қилган эди, ва Юсуф унга берилган топшириқни бажарди. Энди бўлса, ушбу топшириқни уддалаб бўлиб, уйига қайтишни хоҳларди. Юсуфдан сўнг мисрликларда бундай ақлли бошқарувчи ҳеч қачон бўлмаган. Юсуф вафот этгандан сўнг мисрликлар у билан видолашдилар, аммо уни ўз ерларида дафн этолмадилар. Юсуф, гўё хазина каби, уларга қисқа вақтга берилган эди, сўнгра улардан қайтариб олинди.Тўрт юз йил ўтгандан сўнг Юсуфнинг танаси Мисрдан олиб чиқилди. Бир миллиондан ошиқ одамдан иборат одамлар оқими яна Ҳоронга қараб йўл олди.
Муҳташам тобутда эса Исроилнинг буюк ўғлининг қолдиқларини олиб кетаётган эдилар. Уларнинг сафари қирқ йил давом этди. Шундан сўнгина тобутни қадрдон ерга кўмдилар. Юсуф сафарининг сўнгида уйига қайтди. Уни гўё кутиб олаётгандек, Лубнон кедрлари шивирлаб қўярди, Ўрдун дарёсининг тўлқинлари эса: “Тинч ухлагин, ғолиб!” дея гувилларди. Азизлар, бизнинг интернет сайтимиз манзили: www.najot.com Яна тўлқинларимизда учрашгунча хайр омон бўлинглар.