Ассалому алайкум. Биз турмуш ўртоқларимизни етарли даражада биламизми? Кучли жинс вакиллари нимадан қийналишади?! Тасаввур қилинг, бир болакай йиғлаб ўтирибди. Ëнида эса отаси боласига меҳр билан боқиб, унинг кўз ёшларини артади. Унинг сўзларини меҳр ва шафқат билан тинглайди. Биз эса уларнинг сўзларини эшита олмаймиз. Худди шу тарзда эркак киши ҳам қийналган пайтида Самовий Отамизнинг ҳузурига келади. Худованд эса унинг кўз ёшларини артади. Муқаддас Калом шундай дейди: «Шундай қилиб, ўз вақтида бизларни юксалтирсин деб, Худонинг қудратли қўли оситда ўзингизни камтар тутинлар. Бутун ғамларингизни Худога ташланглар, Унинг Ўзи сизга ғамхўрлик қилади» (1 Бут 5:6-7). Эркак кишини йиғлатган сабаб нима бўлиши мумкин?
Эркак кишининг қийналишига, азоб чекишига ва кўзида ёшлар билан Худонинг олдига келишига қуйидаги еттита нарса сабаб бўлиши мумкин. Булар тасодифий хато, ҳукм қилишда адашиш, ҳалоллик муаммоси, муҳитнинг ўзгариши, ҳаётидаги бирор бир ёвузлик, Худонинг тарбияси ва синовлари бўлиши мумкин. Келинг, шу сабабларни яхшилаб кўриб чиқамиз. Масалан, бир киши бошқа бир кишининг гапларига ишониб, фирмасига ёки қиладиган ишига сармоя қўшди. Бироқ у пулини ваъда қилинганидай фойдаси билан ололмади. У умуман пулларига куйиб қолди. Бу шунчаки тасодифий ҳато эди. Шунга қарамай, у қилган хатосининг оқибатларига чидашга мажбур. Иккинчи сабаб – бу кишиларга, ҳолатга тўғри баҳо беролмасликдир. Кишиларга тўғри баҳо бера олмайдиган эркак шу орқали азоб чекади.
Масалан, Жамшид деган киши ўз дўстига ишониб (аниқроғи уни яхши деб ўйлаб) – бошқа бировдан ўртада туриб унинг учун қарз олиб берди. Аммо яхши деб баҳоланган дўст ўз дўстини ноқулай аҳволга солиб, узоқларга кетворди. Энди эса қарз берганлар ўз қарзини Жамшиддан ундиришга ҳаракат қилишади. Бу инсонларга тўғри баҳо бера олмасликнинг оқибатидир. Баъзида эса эркак киши агар у тадбиркор бўлса, сотувчи бўлса, билиб туриб ёлғон гапиради. Муддати ўтган, истеъмолга ярамайдиган, яроқсиз маҳсулотни ҳаридорга алдаб сотиб юбориши мумкин. Ёки бўлмаса, ҳужжатларни нотўғри олиб бориши мумкин. Бу энди билиб туриб қилинган гуноҳ. Эркаклар кўпинча мана шундай билиб қилинган гуноҳлари оқибатида қийналишади. Эркак киши кўпинча ҳаётим шундай ўйлаганимдай кетади, — деб янглишади.
У ўзича режалар қилиб, бирор нарсаларга пул тикиб ёки бирор нарса сотиб олиб қўйган пайтда, вазият бутунлай ўзгариб кетади. Нима бўлади-ю, иши чаппасига кетади. Ишидан, пулидан айрилиб қолади. Режаси барбод бўлади. Мана шу ҳам эркак кишининг азоб чекишига сабаб бўлади. Баъзи ҳолларда эса ишлари яхши кетаётган эркак атрофида оёғидан чалиб йиқитишга тайёр турган кишилар орқали азоб чекади. Унга нисбатан ноҳақлик қилишади. Биз истаймизми йўқми дунёда ёвузлик бор. Бу ёвузликни биз қилмасак-да, бизга нисбатан ишлатишади. Эркак киши эса шу ёвузлик оқибатида азоб чекади. Ҳатто бошлиқлар эркакнинг қинғир ишларини, ёлғонларини сезмаган тақдирда ҳам Худо билади. Билгани сабаб, уни тўғри йўлга солиш учун тарбиялайди. У мана шунинг оқибатида ҳам азобланиши мумкин. Бу мавзу ҳақида www.najot.com сайтимиздан кўпроқ маълумот олинг.