3:41

Худонинг сўзи 239

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли “Дилкаш” радиосининг азиз мухлислари. Сизлар билан яна радио тўлқинлари орқали бўлса-да учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Ўйлаймизки, сизлар учун тайёрланаётган эшиттиришларимиз сиз, азиз тингловчиларга манзур бўлмоқда. Азиз радио тингловчи биродарлар, ҳар инсон имон билан қон орқали келган кечиримни ўз ҳаётига қабул қилиши керак. Муқаддас Каломда шундай ёзилган жойи бор: “Биласизларки, ота-боболарингизнинг беъмани турмуш тарзидан кумуш ёки олтинга ўхшаш ўткинчи нарсалар эвазига қутулмагансизлар.

Сизлар бенуқсон ва беғубор қўзи қонига ўхшаган Масиҳнинг қимматбаҳо қони эвазига қутулгансизлар. Масиҳ дунё бино бўлишидан бурун тайинланган бўлса ҳам, замоннинг охирида сизлар учун пайдо бўлди”. Биринчи Бутрус китобининг 1 боби 18 ва 20 оятлари. Агар Худо гуноҳларимиз учун бу Қонни тўлов учун берган бўлса, демак жазо берилиб бўлганига ишонсак бўлади. Агар тўкилган Муқаддас Қон Худони қониқтирган бўлса, демак Қон Худо томонидан қабул қилинибди. Азиз биродарлар, бизнинг Қон ҳақидаги фикрларимиз Худонинг ҳам фикрига тўғри келиши керак.

Биз бундан ортиқроқ ҳам, камроқ ҳам фикр қилмаслигимиз керак. Бизга қанчалик маълумки, Худо Муқаддас ва Худо адолатлидир. Агар адолатли ва Муқаддас Худо Раббимиз Исо Масиҳнинг Қонини бизларнинг гуноҳларимиз ювилиши учун етарли деб қабул қилган бўлса, демак гуноҳларимиз кечирилган. Тавба қилиб Худога ишонган ҳар бир одам Масиҳнинг Қони орқали оқланади. Ҳатто энг катта гуноҳкор ҳам Масиҳнинг кечирими орқали бегуноҳ инсонга айлана олади. Бунинг учун тавба, кечирим, гуноҳларни тан олиш керак холос. Азиз биродарлар, биз бир неча бор айтиб ўтганимиздек, агарда тўкилган Қон Худони қониқтирган бўлса, у бизни ҳам қониқтириши керак.

Бу дегани ҳар бир тавба қилган киши ҳақиқатдан кечирим олганини ҳис эта билиши керак. Ўйлайманки, ҳақиқий тавба Муқаддас Руҳнинг ишлар орқали намоён бўлади. Агар Ибронийлар мактубининг 10 боби 22 оятини ўқиб кўрадиган бўлсак: “Шундай қилиб, дилларимиз ёмон виждондан покланган, баданимиз эса тоза сув билан ювилган бўлиб, биз энди тўла ишонч ва эътиқод билан, чин қалбдан Худога яқинлашайлик”. Азиз биродарлар, ушбу оят ҳар бир масиҳий биродар учун жуда муҳимдир. Худога яқинлашиш учун ушбу оятда айтилганлари шу инсонда бўлиши лозим. Ахир инсон ўзидаги гуноҳлари билан Муқаддас Худонинг олдига бора олмайди. Ҳатто гуноҳ билан руҳий ҳаёт кечириш ҳам ақлга сиғмайди ва бунинг иложиси ҳам йўқ.

Бир дўстимиз шундай деб айтган эди: “Худованднинг шартларини бажариш анча мушкул, лекин бир йўлга тушиб олсанг, олдинроқ шу йўлдан юрмаганинга афсусланасан”- деб. Шунинг билан азизлар, эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етиб қолди. Бизнинг интернет сайтимизнинг манзили: www.najot.com Албатта ушбу сайтимизга кириб кўринг. Ўйлаймизки, ажойиб маълумотларга эга бўласиз. Ҳозирча эса хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top