3:04

Ўтирган қиз ўрнини топадими?

MP3

Ассалому алайкум ақли расо, гўзал опа-сингиллар. Бугунги кунда билимли, жозибали ўзи ҳам, ҳулқи ҳам гўзал қизларни кўриб ўйга толаман. Улар 23да, 24, 25, 28, 30 ёшларда. Аммо ҳамон турмушга чиқишмаган. Шундай кезлари йигитларнинг кўзлари қаёқда, дея жаҳлим ҳам чиқади. Халқимизда «Ўтирган қиз ўрнини топади», деган нақл бор. Чиндан ҳам ўтирган қиз ўрнини топармикан? Нега энди гулдай қизлар 24-28 ёшга чиқиб «ўтириб» қолишаяпти? Бунинг сабаби нима? Руҳшуносларнинг фикрича ёлғиз аёлларнинг, шунингдек, ёши ўтган қизларнинг кўпайиб бораётгани бутунги кунга келиб дунё миқиёсидаги долзарб муаммога айланган. Чикаго университети олимлари фикрича, ёлғизликка мойиллик, қизларнинг турмуш қуришни истамаслиги мия фаолиятининг ўзига ҳос жиҳатларига боғлиқ экан.

Олимлар оилали аёллар билан ёлғиз аёллар мия тўқималарини текширишди. Уларнинг мия тўқималари икки хил экани маълум бўлди. Ëлғиз аёллар эркакларга бегона кўз билан қарашади ва улар билан яқин муносабатда бўлишдан қочадилар. Ғарб олимлари маълум маънода ҳақ бўлсалар-да, биз уларнинг фикрини бутунлай қабул қила олмаймиз. Шарқ аёллари дунёқараши, тарбияси, интилишлари ғарб аёллариникидан анчагина фарқ қилади. Шунга қарамай, бу муаммо бизда ҳам мавжуд. Бунинг бир неча хил сабаблари бор. Биринчиси ота-она муаммоси. Бу ўринда қиз тарафга катта жуда катта талаблар қўйилади ва бу талабларга юз фоиз жавоб бериш кундан кунга қийинлашмоқда. Баъзилар қизни ақл-одобига қараб эмас, ота-онасининг топиш тутишига, мавқеига қараб танлашмоқда. Баъзи ота-оналар эса келинликка номзод қизда шу сифатларнинг барини мужассам бўлишини исташади. Бунинг эса иложи йўқ.

«Тенг-тенги билан», деган ибора бекорга ишлатилмаган. Руҳияти, ҳаёт тарзи, дунёқараши бир-бирига яқин бўлган одамларнинг бир-бирини тушуниши, баҳамжиҳат бўлиб яшаши осон кечади. Бошқа томондан, оила қуриш масаласида бугун ёшларимизга катта эркинликлар берилган. Балки баъзи қизларимизнинг вақтида турмушга чиқмай, ўтириб қолишига ана шу эркинлик ҳам сабаб бўлаётгандир. Бу ўринда қизларни уч тоифага бўлиш мумкин. Биринчиси, ўзига бино қўйган қизлар. Улар ақлли, чиройли, рўзғор ишларида ҳам чаққонгина бўлишади. Улар ҳамиша шундай гўзал бўлиб қоламан, истаган пайтимда турмушга чиқа оламан, деб ўйлашади. Иккинчи тоифа қизлар ақллилик балосига учраган қизлардир. Улар куёвликка номзод йигитга жуда катта талаблар қўйишади. Унча-мунча йигитни менсимайдилар.

Айниқса бундай қизлар ишда маълум муваффақиятга эришган бўлсалар бу нарса ҳам уларнинг турмуш қуришига монелик қилади. Учинчи тоифа қизлар эса оила қуришдан очиқ-ойдин чўчишади. Улар муҳаббат бобида алданиб қолган, ёки ноаҳил оилада, ота-она жанжалини кўравериб, бундан безган қизлардир. Улар оналарининг қандай азият чекаётганини кўриб, агар оила деганлари шунақа бўлса, турмушга чиқмаганим маъқул, деб ўйлашади ва турмуш қурмасликка ҳаракат қилишади. Шарқ оилаларида яна бир ҳолат бор. Бу кетма-кет бўйига етган қизларнинг турмушга чиқмай қолиб кетишидир. Тўнғич қиз вақтида турмушга чиқмаганлиги сабабли унинг сингиллари ҳам қолиб кетадилар. Бу ўринда ота-оналар оқилона йўл тутишлари керак. Умуман катталар қизларга яхши тарбия бериши ва оила қуриш лозимлигини тўғри тушунтириши керак.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top