3:18

Оилавий тадбиркорлик тўғрисида 3 қисм

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Кичик бизнес деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Куйидаги дастурлар асосан тадбиркорчилик билан шуғулланмокчи бўлган юртдошларимизга фойдали бўлиши мумкин. Дастур давомида, кизикарли ва тадбиркорлик фаолиятингизга фойдали маълумотларни хавола этаман. Миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизга мос “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши бу борада янгича тараққиёт босқичини бошлаб берди. Энг муҳими, оилавий тадбиркорликнинг ҳуқуқий асослари ва кафолатларини шакллантирди. Шунга кўра, бошқа жойларда бўлганидек, Фарғона вилоятидаги оилавий корхоналар ҳаётида ҳам жиддий ўзгаришлар рўй берди. Ҳозир бу ҳудудда жами 1012 нафар киши ишлаётган 470 та шундай субъект самарали фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва кўрсатилган хизматлар ҳажми 745 миллион 200 минг сўмни ташкил этди. Шу йил кўкламда Марғилонда очилган “Сифат металл шифер” оилавий корхонаси биргина июнь ойининг ўзида 40 миллион сўмлик маҳсулот тайёрлашга эришди. Яқин орада унда ишлаётганлар сони икки бараварга кўпайиб, саккиз нафарга етади. Кичик тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган барча имтиёзлар, преференциялар ва кафолатлар оилавий корхоналарга ҳам тўлиқ татбиқ этилади. Оилавий корхона ўз маҳсулотини шу ернинг ўзида нақд пулга ва ёки пул ўтказиш йўли билан реализация қилиши мумкин. Турар жойдан унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш мақсадида фойдаланилган тақдирда, коммунал хизматлар ҳақини тўлаш аҳоли учун белгиланган тарифлар ва шартлар асосида амалга оширилади. Корхона ўзининг иштирокчилари ва ёлланма ходимлари учун меҳнат ҳақи, мукофотлар ҳамда компенсациялар шаклларини, тизими ва миқдорини қонун ҳужжатларига мувофиқ мустақил равишда белгилаш ҳуқуқига эга. Аммо уларнинг меҳнат ҳақи қонунан белгиланган энг кам миқдордан оз бўлмаслиги керак. Иштирокчилар ва ёлланма ходимларнинг ишлаган вақти давлат ижтимоий суғуртаси бўйича бадаллар тўланганини тасдиқловчи ҳужжатлар ва меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар асосида меҳнат стажига қўшилади.

Оилавий корхона ягона солиқ тўлови ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан ижтимоий фондларга мажбурий тўловларни адо этади. Ўзи ишлаб чиқарган халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати буюмларини ҳукуматимиз тасдиқлаган рўйхатга мувофиқ реализация қилишдан тушган тушум бўйича ягона солиқ тўловини тўлашдан озод қилинади. Уни кредитлаш банк ёки бошқа кредит ташкилоти билан тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади. Бундай корхоналарга кредитлар беришда банклар, кредит ва суғурта ташкилотлари кафолат берувчи вазифасини ўтай олади. Шунингдек, тўловга қобилиятли юридик ва жисмоний шахслар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам қонунда белгиланган тартибда кафил бўлишлари мумкин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top