Ассалому алайкум. Спорт билан шуғулланиш ҳаётимиз, соғлиғимиз ва кайфиятимиз учун ҳам фойдали эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Бугунги кунда спорт билан шуғулланувчи аёллар кўпчиликни ташкил этади. Машғулот залида кимдир озиш учун, бошқа бири жисмоний фаоллик учун шуғулланаётганини кўриш мумкин. Мураббий эса ҳамма нарсада бўлгани каби, спортда ҳам меъёр ва қоидаларга риоя қилиш лозимлигини уқтиради. Нотўғри танланган спорт турининг фойдасидан зарари кўпроқ бўлади. Спорт машғулотлари жисмоний ва кардиоюкламаларга бўлинади. Кардиомашғулотларга югуриш, велосипед ҳайдаш, юриш киради. Бундай машғулотлар ортиқча калорияларни «ёқади» ва озишга ёрдам беради. Тана чидамлилигини ошириб, ўпканинг ҳажмини катталаштиради, уйқуни яхшилаб, фаолликни оширади.
Қандли диабет, холестерин, юрак хуружи, қон босимининг ошиши каби хасталиклари хавфини камайтириб, стерссдан ҳалос қилади. Бироқ бу спорт тури ҳаммага ҳам тавсия қилинмайди. Масалан, оёғида варикози бўлган аёлларга югуриш, сакраш тавсия қилинмайди. Сузиш. Бу спорт тури қон айланишини яхшилайди, терини майинлаштириб, томирларни мустаҳкамлайди. Инфаркт ва инсультга чалиниш хавфини камайтириб, бўғинларнинг эгилувчанлигини оширади. Умуртқа поғонаси касалликларига чалинган беморларга, ортиқча вазнлиларга тавсия этилади. Варикознинг олдини олибгина қолмай, бу хасталикка чалинганларга ҳам фойдали. Аммо бу спорт турининг ҳам минус томонлари бор. Кўпгина сузиш масканларида сувни тозалаш учун хлор ишлатилишини сузишнинг салбий жиҳати сифатида айтиш мумкин.
Баъзан одамларда хлорга нисбатан аллергия учраб туради. Бундан ташқари, хлорли сув тери ва сочларни қуритиб юборади. Машғулот пайтида суюқлик ичиб туринг. Бу танани сувсизланиб қолишдан асрайди. Куч талаб қилинадиган жисмоний машқларни кўпчилик аёллар учун мос эмас деб ҳисоблайди. Бундай машқларга асосан тош кўтариш ёки гантель, тренажёр ва шу сингари куч ишлатишни талаб қилувчи машғулотлар киради. Бундай машқларнинг ҳам фойдаси катта. Улар мушакларни мустаҳкамлаб, оздиради, модда алмашинувини яхшилаб, ёғларни «ёқади». Бўғинларнинг ҳаракатчанлигини яхшилайди. Озганда терининг осилиб қолишидан асрайди. Аммо бундай машқлар баъзи ҳасталикка чалинган кишиларга тавсия қилинмайди. Масалан, юрак-қон томир хасталиклари, варикоз, жарроҳлик амалиётини бошидан кечирганларга, бўғинларида оғриқ ҳис қиладиган кишилар юқоридаги машқлардан тийилиши лозим.
Рақслар. Рақс тушишни ҳам спорт машғулотлари турига киритиш мумкин. Рақс мушакларни ишлатиб, уларни мустаҳкамлайди. Ҳозирги вақтда русум бўлган араб рақслари аёлларнинг ички аъзолари фаолиятига яхши таъсир кўрсатади. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, рақс билан шуғулланиш аёлларнинг латофатини оширар экан. Ҳомиладор аёллар ҳам спорт билан шуғулланиши мумкин, аммо бунда машқлар мураббий назорати остида олиб борилиши лозим. Кўпинча аёллар спорт билан шуғулланишни тўхтатгандан сўнг яна қайта вазн ошишидан шикоят қиладилар. Аммо ҳар доим ҳам шундай бўлавермайди. Қайта вазн ортиши ҳар бир инсоннинг жисмоний хусусиятларига боғлиқ. Доим ёш ва фаол бўлишни истасангиз, спорт машғулотлари билан мунтазам, меъёрида ва тўғри шуғулланинг.