Narrator 1 Ассалому алайкум. Худованд йўлидан юрган инсоннинг ҳаёт тарзи, ҳатти ҳаракатлари, ва ҳатто унинг ўй фикрлари ҳам бошқаларникидан фарқ қилади. Ўтган сафарги суҳбатимизни тинглаган бўлсангиз Худовандга суянадиган бир шоҳ ҳақида маълумот берган эдик. Унинг исми Ёхушафат. Бугун эса ана шу Ёхушафатнинг ўғли Жеху ҳақида маълумот беришни маъқул кўрдик. Бунинг сабабини сзуҳбатимиз давомида билиб оласиз. Ҳар бир инсон дунёга келибдики, ўзидан кейин зурриёт қолдиришни ўйлайди. Фарзанд кўриб унинг камолга етказиш ҳақида орзу қилади. Бироқ ҳар бир инсон фарзандни камолга етказиш деганда турли нарсаларни тушуниши мумкин. Бугун художўй инсоннинг фарзанди ҳақида суҳбатлашамиз. Ёхушафат, аввалги суҳбатимизда айтганимиздек, Худога суянадиган, ҳар бир ишни қилишдан олдин Унинг иродасини излайдиган инсон эди.
Narrator 2 У Яхудога ҳукмронлик қилган бўлса ҳам Худованд унинг зурриёди Жехуни Исроилга шоҳ этиб танлади. Келинг, бу қандай юз берганини кўриб чиқамиз. Каломда ёзилишича пайғамбарлар йиғилишиб ўтирганда, Элишай пайғамбар, улар орасидан бир ёшгина пайғамбарни чақириб унга муҳим бир топшириқ берди. “Ридонгни белбоғингга қистириб ол, мана бу идишдаги мойни ўзинг билан олиб Гиладдаги Рамотга бор. У ерга борганингда Ёхушафатнинг ўғли Жехуни қидир. Уни топганингда шерикларидан узоқроққа, бир хонага чақириб бошига мой қуй. Сўнг унга шундай дегин: “Эгамиз шундай демоқда: Сени Исроил халқи устидан шох этиб тайинлайман.” Кейин эса эшикни очиб қочиб қол.” Нега Худованд Исроил шохлиги устидан Исроил шоҳининг авлодини эмас, Яхудо шоҳи Ёхушафатнинг ўғлини шоҳ этиб тайинлаган? Аслида шундай бўлиши керак эди.
Narrator 1 Аммо Исроил шоҳлиги хонадони орасидан Худованд истаган инсон топилмаган. Худовандни излайдиган, Унинг амрларига амал қиладиган инсон бўлмаган.
Шунинг учун ҳам Худованд Исроилга ҳукмронлик қилиш учун ҳар бир ишида Худованд иродасини излайдиган Ёхушафатнинг ўғли Жехуни танлади. Юқорида оила ва фарзанд камоли ҳақида сўз юритдик. Айтмоқчи бўлганимиз Худовандга суянадиган инсоннинг фарзанди ҳам худди отасидек ҳаракат қилади. Художўй инсон фарзандлари Худовандни билиб, англаб ва Унинг йўлида юрадиган бўлиб вояга етишларини истайди. Бунинг учун ҳаракат қилади. Ёхушафатнинг ҳаётидан, унинг ҳаракатлари зое кетмаганини кўришимиз мумкин. Худованд унинг ўғлини Исроилга ҳукмронлик қилиш учун танлади.
Ёш пайғамбар Элишай пайғамбар айтганидай қилди. Жехуни топиб уни алоҳида хонага чақириб Худованднинг хабарини етказди.
Narrator 2 Унинг бошидан ёғ қуйиб шундай деди: “Исроил халқи Худоси шундай демоқда: Мен сени Худонинг халқи Исроилликлар устидан шоҳ этиб тайинлайман.
Сен Ахаб хонадонини йўқ қилиб ташлайсан. Мен хизматкорларим, пайғамбарлар ва Изабел тўккан ҳамма хизматкорларим қони учун ўч оламан. Бутун Ахаб хонадони ҳалок бўлади. Изабелга келадиган бўлсак, Йизрилда унинг танасини итлар ейди. Уни кўмадиган одам бўлмайди.” Шундай сўзларни айтиб, пайғамбар қочиб қолди. Жеху эса шериклари ёнига қайтди. Уларга бўлган воқеани айтиб берди. Шериклари эса дархол устилардаги чакмонларини ечиб ерга тўшадилар ва “Жеху шоҳ” деб ҳайқирдилар. Шундай қилиб Худованд Ёхушафат ўғли Жехуни Исроил халқи устидан шоҳ этиб тайинлади.