Narrator 1 Ассалому алайкум. Муқаддас Каломни ўқиган инсон бўлса у ерда Худованднинг халқи йўлдан озиб, уларни Мисрдаги азобли қулликдан мўъжизавий тарзда олиб чиққан Худовандидан юз ўгиргани ва турли бутларга сиғингани ҳақида билиб олади. Бу ҳақида ўйлар эканман, “Агар мен Худованднинг мўъжизаларини ҳаётимда худди Исроил халқи кўрганидек кўрганимда, асло Унинг ажойиб ишларини унутмаган ва Ундан юз ўгирмаган бўлардим”, деб ўйлайман. Балки ким билади одамзод қилинган яхши ишларни унутишга мойил. Мен ҳам улардек унутган бўлармидим!? Бироқ Худованд халқни турли бутларга сиғинишдан қайтариш учун, жуда кўп марта хизматкорларини юборган. Пайғамбарлар, рухонийлар ва Худо танлаган шоҳлар халқни Худога олиб келишга ҳаракат қилишган. Бироқ қайсар ва итоатсиз халқ доимо инсон қўли билан бунёд этилган бутларга сиғинишга қайтаверган.
Narrator 2 Ҳайронман, бутларга сиғиниш учун инсон қай даражада ахмоқ бўлиши керак экан!? Бугун Худо танлаган хизматкорлардан бири Баал хизматкорларига нималар қилгани ҳақида билиб оламиз. Исроил халқи Худо ваъда қилган ерга келгач, Унинг: “Ёт халқлар билан никоҳ ришталарини боғламанг, уларнинг Худоларига сиғинманглар”, деб айтган буйруғига амал қилмади. Эски Ахд даврида бутларга ва тепаликларга сиғинган уларга хизмат қилганлар ҳам исроиллик бўлган. Худо танлаган яна бир исроиллик эса уларга қарши бир иш қилди. Бу Худо танлаган шоҳ Жеху эди. Бир куни шоҳ атрофидаги Баал хизматкорларига шундай деди: “Ахаб Баалга озгина сажда қилган, мен эса чинаккамига сажда қилмоқчиман. Бутун мамлакатдаги Баал пайғамбарларини тўплаб келинг. Баал шарафига базм уюштириб қурбонликлар қиламиз.” деди.
Narrator 1 Яқиндагина Худо томонидан ёғ қуйиб танланган шоҳ наҳотки, дарров Баалга хизмат қилса? Ё Худо адашдимикан? Йўқ, Худованд адашмайди. Бу Худонинг ва Жехунинг режаси эди. . Жеху “Мамлакатдаги ҳамма Баал пайғамбарларини чақиринг. Ҳеч бир пайғамбар қолиб кетмасин, акс ҳолда уларнинг ҳолига вой”, деди. Шундай қилиб ҳамма Баал пайғамбарлари Баал маъбадига йиғилишди. Шоҳ хизматкорига ҳамма Баал пайғамбарларига қимматбаҳо тўн кийдиришни буюрди. Хизматкор айтилганидек қилди. Шундан кейин Жеху маъбаднинг ташқарисига саксонта аскарни қўйиб, “Баал пайғамбарларидан бирортаси бу ердан тирик чиқмасин, акс ҳолда уларнинг ҳаёти эвазига сизники олинади”. Шундай қилиб, Баал хизматкорлари ўша куннинг ўзида қиличдан ўтказилди.
Narrator 2 Мамлакатда бирорта ҳам Баалга хизмат қиладиган пайғамбар қолмади. Шоҳ Жеху ҳукмронлиги даврида, Баалга хизмат қилиш тўхтатилди. Халқ Баалга хизмат қилганларнинг ҳаёти қандай тугашини кўриб эшитди. Баал хизматкорлари қилган ишларига яраша жазоларини олишди. Сизнингча Худованд халқни ва Баал хизматкорларини огоҳлантирмаганми? Биласизки Худованд жуда кўп марта Ўз хизматкорларини юбориб, Исроил халқини, шу жумладан исроил халқидан бўлган Баал пайғамбарларини ҳам, пайғамбарлар, рухонийлар орқали огоҳлантирган. Халқни Мисрдан олиб чиққанидан бери бериб келаётган амрларига амал қилишга чақирган. Бироқ халқ орасидан фақат Худога дили яқинларигина Унинг сўзларига қулоқ солган. Баал пайғамбарлари эса юракларини тош қилиб туришди. Худованд огоҳлантиришини ўз вақтида эшитиш ва англаш учун ҳам юракларимиз Худога очиқ бўлмоғи керак.