2:54

Тунги ва тонгги бадантарбия

MP3

Ассалому алайкум севимли ва гўзал дугоналар. Ўтган сафарги суҳбатимизда қоматимизнинг тик ва гўзал бўлишига ёрдам берадиган бадантарбиянинг энг маъқул вақти ҳақида суҳбатлашган эдик. Кўпчилигимиз тонгда, баъзиларимиз эса кечки пайт бадантарбия қилишни маъқул кўрамиз. Аммо қай бири биз учун кўпроқ фойдали. Ҳар бир аёлнинг ҳаёт тарзи ўзгача. Бугунги суҳбатимиз давомида ҳаёт тарзингизни ҳисобга олган ҳолда ўзингизга маъқул келадиган бадантарбия вақтини топишингизга шубҳа қилмайман.

Британиялик олимларнинг фикрича, тонгда бадантарбия иштаҳага жавобгар гармонлар ажралишини камайтиради. Демак, кимда-ким кўп овқат ейишга мойил бўлса, тонгги бадантарбиядан сўнг доим бир нимани кавшаб юриш одати билан хайрлашади.

Яна, — дейишади Британиялик олимлар — тонгги бадантарбия аёл танасидаги ёғларни осон эритади. Чунки, жисмоний тарбия чоғида дастлаб углеводлар сарфланади. 20 дақиқалик ҳаракатдан кейингина мушаклар ёғдан қувват олади. Айнан шунинг учун ҳам озиш ниятидагиларга 40 дақиқадан кўп шуғулланиш тавсия этилади. Бироқ Америкалик олимларнинг фикрича, куннинг биринчи ярмида бор-йўғи 20-30 дақиқа шуғулланиш кифоя қилади. Тушдан кейин 40 дақиқа шуғулланиб, истаганча ёғларингизни эритишингиз мумкин. Гап шундаки, соат 17:00 гача моддалар алмашинуви қувват, жумладан ёғларни сарфлайди. Соат 17:00дан кейин эса жадал моддалар алмашинуви сустлашиб, гормонал ва бошқа тизимлар заҳира тўплаш билан банд бўлади. Шунинг танамиздаги унча-мунча ҳаракатга пинагини бузмайдиган, ёқимсиз ёғларни эрталаб эритиш осонроқ кечар экан.

Тонгда бажарилган бадантарбия қаттиқ ёғларни эритишдан ташқари, бадантарбиядан сўнг томир уриши тезда меъёрлашади. Чарчоқ тезда ўтиб кетади ва мушаклар яхшироқ тиклана бошлайди. Агар тонгда эрта уйғонишга қийналмасангиз, мана шу вақтда бадантарбия билан шуғулланиш айнан сизга мос. Аммо ҳамма аёллар ҳам бир хил фикрда эмаслар. Тонгги бадантарбиядан сўнг ўзларида баъзи қийинчиликларни сезган аёллар ва мутахассислар эрталабдан оч қоринга шуғулланиш самарасиз бўлиб, хушсизликка олиб келиши мумкин, деган фикрдалар. Нонуштасиз кучингиз енгил бадантарбияга етиши ҳам амримаҳол. Боз устига, икки соат олдинроқ уйғониб, овқатланиб, нонушта ҳазм бўлиши учун бир соат кутсангиз, унда бошқа гап! Буни ҳамма ҳам уддалай олмаса керак.

Уйқу вақтида камида 8 соат умуман суюқлик ичмаймиз. Қанчадир миқдордаги суюқлик пешоб ва тер орқали чиқиб кетади. Суюқлик камайса, қон қуюқлашиши ҳеч кимга сир бўлмаса керак. Натижада қон айланиши секинлашиб, юрак ва веналар фаолияти зўриқади. Шунинг учун машғулотгача, албатта 1-2 стакан суюқлик ичиб, 5-10 дақиқа унинг сингишини кутиш лозим.

Хуллас, эрталаб ва кечки машқларнинг ҳам ижобий, ҳам салбий жиҳатлариб бор. Шундай экан, ўзингиздан келиб чиққан ҳолда қачон вақтингиз бўлса, ўшанда шуғулланинг. Сизга мақбул бўлган пайтда ҳаракат қилиш умуман қимирламай ўтиришдан фойдалироқ. Қўшимча маълумот учун бизнинг www.najot.com сайтимиз хизматингизга тайёр. Айёр танангизни бўйсундиришда сизга омад ва қатъият тилаймиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top