3:24

Кўзларни авайланг

MP3

Narrator 1 Компьютер олдида ишлаганда оддий қоғоздаги матнни ўқигандан кўра кўзларимизни ўртача 3 баравар кам пирпиратамиз. Бунда кўзларимиз қуриб қолади. Бу эса ўз навбатида уларнинг қичишига – «идора» синдромига олиб келиши мумкин. Дарвоқе, уни нафақат компьютер, балки батарея ва кондиционерлар, аниқроқ айтганда, улар сувсизлантириб юборган хона ҳам қўзғаши мумкин. Ушбу синдром кўриш қобилиятининг тез толиқиб қолиши, намиқиш ҳисси, қовоқларнинг оғирлашиши ва уларни ишқалаш хоҳиши, кўзларни маҳкам юмиш, кўзда хас-чўп ҳисси ва кечаси кўриш қобилиятининг сезиларли даражада пасайиши билан намоён бўлади. Агар бу сизга таниш бўлса, ўзингизда кичкина тестни ўтказинг: кўриш қобилияти ёмонлашганда кўзларни юмиб, пирпиратинг, бир неча дақиқа экрандан нигоҳингизни узоқлаштиринг.

Narrator 2 Агар кўриш қобилияти қисқа вақт ичида тикланса, демак, сиз «идора» синдроми қурбонига айлангансиз. Воқеаларнинг нохуш ривожидан қочиш учун шифокорлар компьютерда ишлаганда ҳар соатда 10 дақиқалик танаффус қилишни ва кўз учун машқларни бажаришни маслаҳат беришади. Энг оддий ва самарали машқ – тез-тез пирпиратиш. Кўзларингизни тез-тез юмиб-очиб туринг. Зарурат бўлса, мониторга буни эслатиб турадиган қоғозни ёпиштириб қўйинг. Кўзларни юминг ва кўз олмасини секин босинг. Босинг, қўйиб юборинг (бу қон айланишини яхшилайди). Шунингдек, кўз олмасини соат миллари бўйлаб ва тескари томонга айлантириш, сўнг ўнгга-чапга, тепага-пастга қараш фойдали. Ниҳоят, шунчаки бир неча сонияга кўзларингизни юмиб ўтиринг ва бирорта яхши нарса ҳақида ўйланг.

Narrator 1 Кунига бир литрдан кам сув ичманг. Умуман, ёнингизда ҳамиша бир стакан сув турсин: хоҳлаган вақтда ичиб турасиз. Бу сув мувозанатини сақлашга ёрдам беради. Ишлаш жараёнида аҳамият беришимиз мумкин бўлган яна бир нарса бу сичқонча. Қандай сичқонча дейсизми? Компьютер сичқончаси. Компьютерни ёқиб, сичқончани ушлайсиз. Шу заҳоти кафтингизда оғриқ пайдо бўлади. Бу нималигини билмайсиз? Компьютер сичқончаси синдроми – малакали идора ходимлари касаллиги. Қандай хавф солиши мумкин? Вақт ўтиши билан қўлларингиз бутунлай қимирламай қолиши мумкин, бармоқларнинг сезувчанлиги йўқолади, мушаклар шишиши туфайли оғриқсиз кафтларингизни ҳаракатлантира олмайсиз. Сабаби – билак орқали ўрта нерв сиқилиши. Бу сичқонча билан ишлаган вақтда билак билан столнинг чеккасига тиранасиз. Натижада томир ва пайлар қисилиб қолади.

Narrator 2 Нима қилиш керак? Қўлларнинг ҳолатини назорат қилинг. Тирсак бўғими ва кафт бир чизиқда бўлиши, тирсак осилиб турмасдан, столда туриши энг тўғри ҳолат ҳисобланади. Сичқонча ёки клавиатура билан ишлаганда қўллар 90 даража бурчак остида букилган бўлиши зарур. Тирсакни ушлаб турадиган платформадан фойдаланинг. 1,5-2 см қалинликдаги кичкина ёстиқчани қўлларнинг тагига – тирсак бўғимига яқинроқ жойга қўйинг.  Машқ қилинг. Биринчи аломатлари пайдо бўлганда тирсак бўғимлари ва кафт мушакларини шуғуллантиришни бошланг: кафтингизда темир соққаларни айлантиринг ёки юмшоқ резина коптокчани сиқинг. Шунингдек, кафтларни тез-тез мушт қилиш ҳам фойдали. Умуман ишлаш давомида қоматни тик тутиб ўтириш, қўллар ҳолатини тўғри тутиш ва тез тез ишдан 5 10 дақиқага танаффус қилиб туриш инсон соғлом бўлишига кўмакдир.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top