MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Бугун Худованд билан мулоқотда бўла олган, Унинг амрларини бажариш бахтига муяссар бўлган одамлар ҳақида гаплашамиз. Худованд ҳақида билган ва шахсан Ундан йўл-йўриқлар олганлардан яна бири бу – Неемия пайғамбар эди. У ҳақида Муқаддас Каломда шундай ёзилган: “Ҳақалиё ўғли Неемиянинг сўзлари. Подшоҳ Ахашверош ҳокимлигининг йигирманчи йилида, Кислев ойида мен Шушан қалъасида эдим. Шу вақтда менинг биродарларимдан бири Ҳанани ва Яҳудиядан бўлган бир неча одамлар келдилар. Мен улардан асирликдан қутилиб, соғ қолган яҳудийлар ва Қуддус ҳақида сўрадим. Улар эса менга сўзлаб: “Асирликдан қутилиб қолганлар ўз мамлакатида буюк мусибатда ва хўрликда яшамоқдалар.” У ўз даври ва ўзи билан содир бўлган воқеалар ҳақида шундай деб ёзади.

Narrator 2 Унга шу хабарни етказганларида у қандай аҳволга тушган экан? Сиз унинг ўрнида бўлсангиз, бу хабарга қандай муносабат билдирган бўлардингиз? Каломда ёзилганлардан унинг ўз халқини чин дилдан севганини, улар учун астойдил ҳаракат қилганини билишимиз мумкин. Эшитинг: “Бу сўзларни эшитганимда, мен ўтириб йиғлаб юбордим. Мен бир неча кун қайғуда бўлдим ва рўза тутиб, осмондаги Худо олдида ибодат қилиб, шундай дер эдим: “Ё, Раббий, осмондаги Худо, Сени севадиганларга ва Сенинг амрларингга риоя қиладиганларга нисбатан Ўз аҳдини ва шафқатини сақловчи буюк ва қўрқинчли Худо! Ўз қулингнинг ибодатини эшитиш учун Сенинг қулоғинг диққатли ва кўзларинг очиқ бўлсин.” У Худога илтижо қилиб, халқи учун мурожаат қилаяпти. Юраги халқи учун эзилган ва шу сабаб, Худо олдида тиз чўкиб турибди.

Narrator 1 У ибодатини давом эттириб шундай дейди: “Мен энди Сенинг олдингда туриб, туну кун Сенинг қулларинг, Исроил фарзандлари ҳақида ибодат қиляпман.” У Худони аввалдан яхши билганга ўхшайди. Албатта-да, ўша замоннинг художўй кишилари ўз фарзандларига ёшликларидан Худо ҳақида ўргатишган. У худди Иброхим пайғамбардек, Худовандга илтижо қилган. Ибодатда у Худонинг ваъдаларини Ўзига эслатган: “ Қаердадир ўқиган эдим, “Энг яхши ибодат қилувчилар бу – Худонинг ваъдасини Ўзига эслатиб ибодат қилувчилардир”. У яна шундай дейди: “Мен ва Исроил фарзандлари Сенинг олдингда қилган гуноҳларимизга, менинг ва отамнинг уйи қилган гуноҳларига иқрор бўляпман. Биз Сенинг олдингда жиноятчи бўлдик ва Сен Ўз қулинг Мусога васият қилган амрларингни, низомларингни ва фармонларингни сақламадик.”

Narrator 2 “Лекин Сен Ўз қулинг Мусога васият қилган сўзингни эслагин: “Агар сизлар жиноят қилсангизлар, Мен сизларни бошқа халқлар орасига тарқатиб юбораман. Лекин Менга қайтсангизлар ва Менинг амрларимни сақлаб, уларга риоя қилсангизлар, унда сизлар ҳатто осмоннинг четига қувилган бўлсангизлар ҳам, ўша ердан Мен сизларни йиғиб оламан ва Ўз исмимни ўрнатиш учун танлаган жойга сизларни олиб келаман”. Улар эса Сен Ўз буюк кучинг ва қудратли қўлинг билан сотиб олган Сенинг қулларинг ва Сенинг халқингдир.” У истаган ва бу ҳақида қаттиқ огоҳлантирган эди. Ўз халқининг фойдаси учун, амрларига амал қилишларини истаган. Неемия эса Худонинг хизматчиси бўлишидан ташқари, бошқа вазифада ҳам ишлаган. Ўзининг айтишича шоҳ саройида соқийлик қилган. Демак, у ҳам худди биздек, ҳам Худонинг хизматчиси ҳам оддий ходим бўлган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top