Narrator 1 Ассалому алайкум. Муқаддас Калом Худо пайғамбарлари, руҳонийлари ва фарзандларининг Худо ҳақидаги гувоҳликларига тўла. Худо бирор нарсанинг вожиб бўлишини истаса, бунинг учун У ўз фарзандларига керакли барча нарсани ҳозир қилиши билан бирга, Худо иродаси бажо бўлиши учун ҳатто атрофдагиларни ҳам ишга солади. Буни жуда кўп кузатган бўлсак ҳам, Эзра китобида ёзиб қолдирган гувоҳлик бизни ҳайратлантирди. Келинг, буни бирга тинглаймиз. Орадан кўп йиллар ўтди. Форс шоҳи Артахшас ҳукмронлиги даврида Эзра деган бир одам бор эди. У Элазар — олий руҳоний Ҳоруннинг ўғлининг авлоди эди. Эзра Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг Мусога берган қонунини жуда яхши биладиган моҳир тафсирчи эди.
Narrator 2 Шоҳ Артахшас ҳукмронлигининг еттинчи йилида Эзра ва яна бошқалар Бобилдан Қуддусга томон йўлга отланди. Эзранинг Қуддусга бориши Худонинг иродаси эди. Воиз китобида ҳар нарсанинг ўз ўрни бор деб ёзилган. Исроилликларнинг асирликдан Қуддусга қайтиб бориш вақти етган ва бу Худонинг иродаси эди. Агар ҳаётингизда бирор нарса бўлишини истасангиз-у, аммо Худонинг иродаси бўлмаса, қанча ҳаракат қилсангиз ҳам бефойда. Бироқ буни Худо истаса, ҳаммаси осонгина ҳал бўлади. Эзрага Худонинг марҳамати ёр бўлгани учун, улар тўрт ойдан кейин — бешинчи ойнинг биринчи кунида Қуддусга етиб келдилар.
Narrator 1 Ҳатто руҳоний Эзрага шоҳ Артахшас мактуб берди. Мактубнинг мазмуни қуйидагича эди: “Самовий Худо қонунларининг моҳир тафсирчиси — руҳоний Эзрага шаҳаншоҳ Артахшасдан саломлар бўлсин. Менинг шоҳлигимда истиқомат қилаётган Исроил халқидан, шунингдек, руҳоний ва левилардан сен билан Қуддусга кетишни истаган ҳар кимга ижозат берилсин, деб фармон бераман. Мен еттита маслаҳатчим билан бирга сени Яҳудо юрти ва Қуддусга юбориб, у ердаги вазиятни текшириб чиқишингга ваколат берамиз. Сенга топширилган Худойингнинг қонуни у ерда ижро этиляптими ёки йўқми, билиб кел. Қуддусда маскан қилган Исроил халқининг Худосига биз кўнгилдан чиқариб назр қилган кумуш ва олтинларни ҳам ўзинг билан олиб кет. Бобил вилояти бўйлаб сен тўплайдиган ҳамма кумуш ва олтинни ол.
Narrator 2 Исроил халқи ва уларнинг руҳонийлари ўз Худосининг Қуддусдаги уйи учун кўнгилдан чиқариб берадиган назрларни ҳам олиб кет.Бу пулга, биринчи навбатда, буқалар, қўчқорлар, қўзилар, уларга қўшиб қилинадиган дон билан шароб назрларини сотиб ол. Буларни Худойингнинг Қуддусдаги уйи қурбонгоҳида назр қил. Қолган кумуш ва олтинни эса Худойингнинг хоҳишига мувофиқ, ўзингга ва ҳамкорларингга маъқул келганича ишлатсанг бўлади. Худойингнинг уйида фойдаланиш учун берилган буюмларни Қуддусдаги Худога инъом қил. Борди–ю, Худойингнинг уйи учун яна бошқа харажатлар талаб қилинса, маблағни шоҳ хазинасидан олишинг мумкин. Худо иродаси ҳамма йўлларни очади.