3:18

Болаларнинг ўсишига ёрдам 305

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Азиз биродарлар, яна сизлар билан радиомиз қаршисида дийдор учраша олганимиздан беҳад хурсандмиз. Азизлар болажонлар, тингланг: эфирда “Дилкаш” радиоси. Азизлар, келинг бугунги эшитиришимиз орқали Худованд Юсуфнинг ҳаётида қандай ажойиб ишларни амалга оширганини биргаликда кўриб чиқамиз. Бир куни қамоқхонага иккита одамни олиб келишди. Муқаддас Китобда улар қандай айбли иш қилганлиги ҳақида ёзилмаган.

Бироқ Муқаддас Китобдан шу нарса маълумки, Миср подшоҳининг соқийси ва новвойи фиръавнга қарши гуноҳ қилдилар ва бундан ғазабланган фиръавн уларни қаматиб қўйди. Қамоқхонада соқчиларнинг бошлиғи Юсуфни уларга қараб туриш учун тайинлаб қўйди. Юсуф янги маҳбусларни очиқ чеҳра билан қарши олди ва уларга тасалли бермоқчи бўлди. Қоп-қоронғу зиндонда Юсуф қуёш нури каби порлаб турарди. Чунки унинг юрагида Худованд яшарди, Худованднинг севгиси эса маҳбусларга бўлган самимий эътибор орқали намоён бўларди.

Юсуф улардан нима учун айбдор эканликларини сўрамас эди, бироқ уларнинг хафа эканликларини кўриб, уларга ҳамдард эканлигини кўрсатарди. Соқий ва новвой – фиръавн саройидаги юқори лавозимдаги шахслар ҳисобланар эди. Улар фиръавннинг дастурхонига тортиладиган шароб билан нон заҳарланмаганлигини назорат қилардилар. Юсуфнинг ҳамдардлик сўзлари ва хайрихоҳлиги янги маҳбусларнинг кўнглини кўтарар эди. Агар биз Масиҳга ишонсак, у ҳолда, ҳаттоки қамоқхонада ҳам бахтиёр бўлишимиз ҳамда бошқаларга ҳам қувонч олиб келишимиз мумкин.

Агар сенинг қалбингда севги бўлса-ю, сен қийналаётган бўлсанг, у ҳолда сендан ҳам баттарроқ қийналаётганларни изла. Уларнинг олдида нур бўлиб порлагин, ана шунда қалбинг қайтадан шодликка тўлаётганини кўрасан. Юсуфнинг кўрсатган меҳр-муҳаббати туфайли иккала маҳбуснинг ҳам гапириш учун юраги очилди. Улар нима учун хафа эканликларини айтиб беришди: Бизлар иккаламиз ҳам туш кўрдик, бироқ тушимизнинг маъносини тушунмаяпмиз. Ҳечқиси йўқ! — Хурсанд бўлиб деди Юсуф — Ҳаммаси Худованднинг қўлида, қани тушларингизни менга айтиб беринг-чи.

Юсуф уларнинг кўнглини кўтаришни хоҳларди, шундай экан, шу пайтгача унга ёрдам берган Худованд ҳозир ҳам унга ёрдам беришига ишонарди. Йигитнинг қўллаб-қувватлаши бош соқийни руҳлантирди ва у кўрган тушини айтиб берди:

Мен тушимда бир ток кўрдим. Токда учта новда бор экан. Кўз ўнгимда новдалар гуллаб, мева тугди сўнг узум пишди. Мен эса қўлимда фиръавннинг косасини ушлаб турибман. Мен узумларни олиб, сувини косага сиқдим ва косани фиръавннинг қўлига бердим. Юсуф ўйланиб қолди ва бирдан ҳаммасига тушунди. Сенда ҳам шунга ўхшаш воқеалар бўлиши мумкин. Баъзан Худованднинг Каломида сенга тушунарсиз жойини учратасан. Узоқ ўйланасан, сўнг бирданига ҳаммаси сенга равшан бўлади. Азиз болажонлар, воқеалар ривожини келаси эшиттиришларимизда албатта ёритамиз. Бизнинг интернет сайтимизнинг манзили: www.dilkashradio.com Ҳозирча хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top