Ассалому алайкум азиз ва меҳрибон радио тингловчи биродарлар. Яна эфирда сиз азиз дўстларимиз учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, бугунги эшиттиришимизни кўпчилигимиз учун қизиқарли ва шу билан бирга муҳим бўлган бир савол билан бошламоқчи эдим. Азизлар, агар юрагимизда гуноҳ бўлса, дуо қилишимиз мумкинми? Азизлар, аввало кучли дуо пок ва самимий юракдан чиқиши керак.
Ҳазрати Исо бизга худди ризқ-рўзимиз учун дуо қилганимиз каби, ҳар кунлик кечирим учун ҳам дуо қилишимиз кераклигини ўргатади, жумладан “Сен ҳам бизнинг гуноҳларимизни кечиргин” — деб ёзилган оятни барчамиз яхши билсак керак. Тавба қилмаганимиз туфайли ҳам қилган дуоларимизнинг кўпи ижобат бўлмайди. Гуноҳлардан тозаланмаган нопок юракдан чиқаётган дуо ҳеч қандай жавоб топмайди. “Дилимда терслик бўлсайди гар, Раббими мени тингламас эди” — деб ёзилган Забур китобининг 65 боби 18 оятида.
Бундан ташқари Ёқуб ҳам бизни шундай деб огоҳлантиради: “Худога яқинлашинглар, шунда У сизларга яқинлашади. Эй гуноҳкорлар, қўлларингизни гуноҳдан тозаланглар! Эй ҳардамҳаёллар, кўнгилларингизни тўғри қилинглар!” Ёқуб китоби 4 боб 8 ояти. Албатта, азиз радио тингловчи биродарлар, биз гуноҳли қўллар, нопок юрак ёки “ҳардамҳаёллик” билан дуо қилиб, ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Агар гуноҳларимиздан тозаланмай, уларга ўралашиб юраверсак, ҳар қанча уринмайлик, эркин бўлолмаймиз, Худонинг бизга аталган марҳаматларидан бенасиб бўлиб қолаверамиз.
Худонинг қаршисида бирма-бир эътироф этиб, тавба қилишимиз керак бўлган гуноҳларимиз борми? Агар бор бўлса, азиз дўстим, шундай деб дуо қилинг: “Сен ҳам бизнинг гуноҳларимизни кечиргин!” Дуо қилаётган пайтимизда Худо бизни ҳимоя қиладими? Ҳа, албатта, Худо ― бизнинг энг Қудратли Ҳимоячимиздир. “Бизни ёвуз шайтондан халос қилгин” деган жумла энг катта душманимиз ― иблисдан халос бўлишимиз учун Худонинг куч-қудратига муҳтож эканлигимизни эътироф этади. Иблис бизни турли хил синовларга дучор қилиш, ҳаётимизни вайронага айлантириш ва ўз севган кишиларимизга зулм қилиш учун аллақачон режалар тузиб қўйган.
Нопок кишилар бирор кишига ёмонлик қилишнинг иложи бўлмаса, унинг энг яқин одамларига зарар етказадилар ва ўша кишига шу йўл билан азоб берадилар. Худди шунга ўхшаб, шайтон ҳам ҳеч қачон Худога тўғридан-тўғри зарар етказа олмайди. У Худо бизни қаттиқ севишидан фойдаланади ва бизни ҳалок қилиш учун дўзахнинг жамики қуролларидан ўт очишга тайёр. Биз дуо орқали бериладиган ҳимояга муҳтожмиз. Зулм ва васвасадан халос бўлиш учун қилинадиган дуо танамизни ҳар турли касалликлардан сақлайдиган дори-дармонларга ўхшайди, деб айтишимиз мумкин. Азиз радио тингловчи биродарлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ҳам ўз ниҳоясига етиб қолди. Сиз азизларга ўзимизнинг интернетдаги янги сайтимизнинг манзилини айтиб ўтсак: www.dilkashradio.com Яна радиомиз тўлқинлари орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг, азиз биродарлар.