Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сиз, азизлар билан эфир орқали дийдор учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. “Дилкаш” радиоси яна сизлар билан: марҳамат, тингланг. Азиз радио тингловчи мухлислар, агар мен: “Бутун Муқаддас Китоб мен учун Худонинг Каломи” — деб айтсам, маълум бир оятда Худо менга нима деётганини қаердан биламан? Бирор-бир пайғамбарнинг қадимий Исроилга айтган каломи қайси маънода мен учун калом бўлиши мумкин?
Қандай қилиб аллақачон бўлиб ўтган воқеалар тафсилоти менинг ҳаётимга таъсир кўрсатиши мумкин? Ва булар ҳали қийинчиликларимизнинг бошланишидир. Муқаддас Китобда тушуниш қийин бўлган матнлар кўп; уларнинг баъзилари биз учун ҳеч қандай маънога эга эмасдек кўринади. Бошқалари эса Муқаддас Китобдаги биз ишонган ҳақиқатларга зид фикрдек туюлади. Баъзиларининг маъноси аниқ кўриниб турса-да, Худонинг Каломи сифатида ҳозирги замонда яшаётган одамларга тушунарсиздир.
Келинг азиз радио тингловчи биродарлар, ҳозир мана шундай муаммоларнинг бир қанчасини кўриб чиқамиз. Еттинчи кун Адвентисти ва Англикан эсингиздами? Биз сиз азиз биродарлар билан аввалги эшиттиришларимиз орқали шу ҳақида оз бўлсада тўхталган эдик. Агар уларнинг муҳокамаси давом этганда, балки баҳс қўйидаги матнга келиб тақалган бўларди: “Шаббат кунини муқаддас, деб билинг, бу кунга риоя қилиб юринг”. Чиқиш китоби 20 боб 8 оят.Ташқи томондан қараганда, Шаббатнинг маъноси аниқдек кўринади. Исроил халқи учун қайси кун Шаббат бўлгани ҳақида келишмовчилик йўқ.
Бундан ташқари қадимий Исроил учун бу кунни муқаддас деб билиш тўғрисида ҳам Муқаддас Китобда етарлича маълумот келтирилган. Тафовут буларнинг бугунги кунда биз учун қандай маънога эгалигидир. Ўша китобдаги унга ўхшаш бошқа бир оят баҳслашаётган ўша икки масиҳийга, балки бошқача муаммо туғдирган бўларди яъни: “Улоқчани онасининг сутида қайнатманглар”. Чиқиш китоби 23 боб 19 оят.
Яна шундай оятлар борки, улар кўчма маънода қўлланилгандир. Баъзи бирларининг келиб чиқиши ҳақида ўрганмагунимизча тушуниш мушкул бўлган ўхшатишлардан иборатлигини кўришимиз мумкин.
Баъзи оятлар бир неча маънога эгалиги ва талқин қилишга ёрдам берадиган контекстнинг йўқлиги сабабли қийинчилик туғдиради. Ниҳоят, шундай оятлар ҳам борки, уларда биз аҳлоқий муаммога дуч келамиз, ё бўлмаса, уларга ишониш жуда қийин. Азиз биродарлар, нима бўлганида ҳам Муқаддас Каломда асло нотўғри сўзнинг ўзи йўқ. Чунки биз ишонган Худованд адолатли ва ҳақиқатдир. Раббимиз Исо Масиҳ айтгани ёдингизда бўлса керак, азиз биродар. “Мен ҳақиқат ва йўлман”. Шундай экан, ҳақиқат йўлидан бораётганингизга асло шубҳаланманг. Каломдаги тушунарсиз оятларни эса вақт ўтиши билан, албатта, Худованд очиб беради.
Ҳурматли тингловчи, бугунги мавзумизга шу ерда якун ясаб, сизларга ўзимизнинг янги интернет сайтимиз манзилини айтиб ўтсам: www.dilkashradio.com Ҳозирча эса азиз биродарлар, сиз билан хайрлашиб барчангизга омонлик тилаймиз.