Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азиз биродарларимиз билан яна радио тўлқинлари орқали соғ-саломат учрашиб турганимиздан беҳад хурсандман. Азиз радио тингловчи биродарлар, Муқаддас Китобни талқин қилиш осон иш эмас албатта. “Мен шунчаки Муқаддас Китобга ишонувчи оддий бир имонлиман,” деб айтадиган киши бунга ишонмаслиги мумкин. Лекин, биз шуни тушунишимиз керакки, ёзилган сўзлар маънони ифода қилишда қўлланадиган белгилардир. Қайта-қайта қўлланилиши туфайли улар маълум бир маънога эга бўлади.
Бошқаларга айтмоқчи бўлган сўзлар эса оғзимиздан товуш орқали изҳор этилади. Бир сўз ҳар хил ҳолат ва контекстда бир қанча маънога эга бўлиши мумкин. Худди шундай, иборалар ҳам сўзма-сўз қўлланилган бўлиши, метафора ёки белги сифатида келишига қараб турли хил маънода бўлади. Худди шундай, Муқаддас Китобдаги сўзлар ҳам ҳар доим ўз контекстида талқин этилиши шарт. Талқин қилиш фани герменевтика деб аталади; бу сўз юнон тилидан олинган бўлиб “талқин қилиш” деган маънони билдиради. Муқаддас Китоб ҳақидаги шарҳларнинг асосий қисми илк ёзувчи ёки гапирувчининг мақсадини топишга ўз эътиборини қаратади.
Лекин, биз кейинги қадамни ҳам қўйишимиз, яъни, бу матн ҳозир бизлар учун қандай маънога эга, деган саволни сўрашимиз керак. Муқаддас Китобни ёзган ёзувчининг мақсадини билиб олганимиздан сўнг, ҳозир бу биз учун қандай маънога эгалигини кўриб чиқишимиз керак. Талқиннинг асосий мақсади мана шудир, азиз тингловчи. Муқаддас Китоб илоҳиёти герменевтика, яъни талқин қилиш учун ниҳоятда муҳим. Соғлом талқин қилиш учун Муқаддас Китобга асосланган илоҳиёт ҳақида тушунчага эга бўлиш зурур. Муқаддас Китоб шунчаки оддий бир қизиқ тарихий китоб эмас, албатта.
У ҳозирги кунда ҳам бизга гапирадиган Худо Каломидир. Муқаддас Китоб илоҳиёти мана шу ҳақиқатни кўрсатиб беришга хизмат қилади. Қадимий бобиллик шоҳ Хаммурапи ўзининг қонун кодекслари туфайли жуда машҳурдир. Унинг қонунларини тушунишимиз учун, бошқа сўзлар каби унинг сўзларини ҳам талқин қилиш керак. Бу қонунлар бизнинг ҳозирги замондаги қонунларни тушунишимизга ва шу орқали бизларга қандай таъсир кўрсатганини кўриб чиқишимиз мумкин. Аммо, Исроил халқига Мусо орқали берилган Худонинг қонунларига қараганимизда, биз уларни Худонинг тўлиқ ваҳийсининг бир қисми сифатида кўрамиз; бу ваҳий Исо Масиҳнинг келишида ўзининг энг юқори нуқтасига эришди.
Шу сабабдан, масиҳий сифатида, Мусонинг қонуни биз учун ҳозир қандай маънога эгалигини сўрашимиз каттароқ аҳамиятга эга. Муқаддас Китоб илоҳиёти эса, бизга мана шу саволга жавоб бериш учун восита бўлиб хизмат қилади. Шундай экан азиз биродар, Муқаддас Каломга шубҳасиз ишониш тўғрироқ бўлади, деб ўйлайман. Шунинг билан азизлар, бугунги мавзумизга якун ясаб, сиз азизларга ўзимизнинг интернетдаги янги сайтимиз манзилини айтиб ўтишни жоиз деб биламан: www.dilkashradio.com Ушбу сайтимизга марҳамат қилинг. Хайр омон бўлинглар.