Ассалому алайкум мухтарам ва азиз ака ука ва опа сингиллар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз. Исо Масиҳ бизга ибодат қилишнинг намунасини ва шунингдек, ибодат ҳақидаги ажойиб таълимни қолдирди. Исо Масиҳнинг ибодатини биз «Раббимиз ибодати» деймиз. Худо турли хил инсонларга гапирганини Муқаддас Китоб бир неча бор таъкидлайди. Худо Шомуил исмли болани кечаси чақириб, унга пайғамбар Элах хонадони ҳақида гапирди. Худо, Ҳожар исмли аёлга гапириб, унга қўрқмаслигини ва чўлда қаердан сув топишини кўрсатди. Шомуил ва Ҳожар иккиси ҳам Худо овозини эшитдилар.
Худо ҳар доим ҳам Шомуил ва Ҳожарга гапиргандек баланд овоз билан гапирмайди, аммо У ҳар доим гапиради! Эшитмоқчи бўлганлар учун Худо кўп нарсаларни айтади. Кўпинча бизнинг ибодатларимиз бир томонлама – ҳамиша биз гапирамиз. Ибодат қилаётганимизда эътиборимизни Худога қаратишни ва У бизга нима деяётганини ўрганишимиз керак. Агар биз бунинг уддасидан чиқсак, Худо билан қандай шерик бўлишни кашф қилган бўламиз. У бизни бошқаради, ишлатади ва Ўз ишида бизни шерик қилади.
Сиз Худо оиласига тегишлисиз! У сизни Ўзининг ажойиб севгиси билан марҳаматлаган ва У сиз билан суҳбатлашишни хоҳлайди.
Ибодат қилувчи Худонинг овозига қулоқ солиши лозимлигини Муқаддас Китоб кўп гапиради. Муқаддас Китоб шунингдек, имонли нафақат Худонинг овозини эшитиши кераклигини, балки Худо нимани буюрса ўшани қилиш кераклигини айтади.
Ишаъё 55:3: «Қулоқларингизни энгаштиринг ва Менинг олдимга келинг…».
Ваҳий 3:13: «Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини қулоғи бор киши эшитсин».
Айтайлик, сиз отасиз. Ўғлингиз сизнинг олдингизга ёрдам сўраб келди ва ўз муаммосини сўзлаб берди, лекин сиз унга бермоқчи бўлганни у эшитишни хоҳламади. Сиз унга ёрдам беришни хоҳлаган эдингиз, аммо сиз унинг илтимосига жавоб беришингиздан аввал у сизнинг олдингиздан қочиб кетди. Бундай ҳолатда сиз ўзингизни қандай ҳис этардингиз? Сиз нима қилган бўлардингиз? Сизнинг ибодатларингиз шундай бўлмайдими? Худодан У сизни нафақат Ундан сўрашни, балки Унинг жавобига қулоқ солишни ўргатишини сўранг.
Худо ўзини инсонларга ҳар хил йўллар билан очади, улар Уни таниши учун одамларга гапиради. Худо Ўзини инсонларга табиат орқали, уни кўраётиб, Яратувчининг донолигини, Унинг кучини, Унинг меҳрибонлигини ва улуғворлигини намоён этди.
Азизлар, бордию сизда ҳам ибодат эҳтиёжи бўлса, dilkashradio.com сайтидан фойдаланиб, бизга хабар йўлланг. Биз сиз учун биргаликда ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.