Narrator 1 Ассалому алайкум. Бугун ҳам саломатликка ҳам модага хизмат қиладиган кўзойнаклар ҳақида сухбатлашишни маъқул топдик. Қуёшли кунлар ҳам келди. Бундай кунларда кўзойнаклар тақадиганлар кўпайиб қолади. Чиндан ҳам шундай кунларда кўзойнакдан фойдаланиш ўринли. Бу борада қуёш нурини яхши тутиб қолувчи кўзойнаклар маъқул кўрилади. Фақат уларни кўча-кўйдан, бозордан эмас, балки оптика дўконларидан харид қилиш ишончлироқ. Арзон нархли кўзойнаклар кўзни «алдайди». Керагидан ортиқ қорайтирилган ойналар эса кўз қорачиғининг кенгайишига сабаб бўлади. Сифатсиз линзалар орқали кўзга кўп миқдорда ультрабинафша нурлари тушиши мумкин. Бунинг натижасида кўз тўри зарарланади. Дарвоқе, кўзойнак кўзингизда бемалол турсин. Ана шундагина улар ботиши натижасида қулоқ ва бурун соҳасидаги тери қизариб шилинмайди.
Narrator 2 Кўзнинг кўриш қувватини ошириш учун эса керакли миқдорда А витамини қабул қилиниши лозим. Бундан ташқари, ҳар куни эрталаб бир чой қошиқ асал истеъмол қилиш кўриш қувватини оширади ва асабни мустаҳкамлайди. Турли кичик ва хавотирсиз кўринган кўз касалликлари ҳам кўриш қобилиятини мукаммал даражада бўлишига тўсқинлик қилади. Эрталаб уйқудан уйғонганда кўз бурчакларида йиринг тўпланиб, қовоқлар ёпишиб қолса, дилимиз хира бўлади. Тезроқ бу касалликдан қутулгимиз келади. Бундай пайтда кўзни аччиқ чой ёки мойчечак дамламасига пахта ҳўллаб ювиш керак. Мойчечак чой каби дамланиб, 10-15 дақиқага тиндириб қўйилади. Ишининг асосий қисмини қоғоз, китоб ёки компьютерга қараб ўткизадиган соҳа вакиллари кўпинча кўзлари толиқишилан шикоят қиладилар. Кўз чарчамаслиги ва қовоқлар қизармаслиги учун офтобли ёруғ кунда қора кўзойнак тақиш фойдали.
Narrator 1 Фақат бугина эмас. Тез-тез кўзни аччиқ чой, мойчечак ёки укроп дамламаси билан ювиб туриш керак. Кўз чарчаб қовоқлар ёпиша бошласа, уни 5-10 дақиқа юмиб туриш лозим. Аёлларимиз кўпинча кўзим чиройли бўлсин, деб қош ва киприкларини суюқ бўёқ, туш ёки қора қалам билан бўяшади. Бундай бўёқлар таъсирида қош териси ва қовоқлар қизариб, қичиша бошлайди. Ишлатиш ноқулайроқ бўлса-да, тушдан фойдаланган маъқулроқ. У қош, киприкка унчалик зарар етказмайди. Ёш қизларга кўзини бўяш тавсия этилмайди. Бундай пардоз ўрта ёшдаги аёлларга тўғри келади.
Иложи борича ҳар куни кўзингизнинг чарчоғини чиқариш учун вақт ажратинг. Бу кўп вақтингизни олмайди. Кўзингизни юмиб, устига ингичка кесилган бодринг бўлагини қўйиб, 5 дақиқа дам олинг. Бир зумда кўздаги чарчоғингиз тарқалиб кетади, кўзингиз равшанлашади. Қайнаган сувга пахта намланиб 5-10 дақиқа кўзга қўйилади.
Narrator 2 Баъзи аёллар қалин ўсади, деб киприкни қирқишади. Бу жуда зарарли одат. Киприк қирққан билан қалин ҳам бўлмайди, яхши ҳам ўсмайди. Қирқиш билан кўзларингизни ҳимоячилардан махрум қилган бўласиз. Бунинг ўрнига киприкларни мустаҳкам қиладиган мойлардан фойдаланган маъқул. Баъзан турли сабабларга кўра киприклар атрофи қизариб қолади. Бундай пайтларда ўзбошимчалик билан бирор чора топишга ҳаракат қилмасдан, шифокор маслаҳатини олган маъқул. Аёлларга эса вақтинчалик бўёқ ва тушдан фойдаланмасликни маслаҳат берамиз. Бунда кипригингиз сезувчанлиги кучайиб, таркибидаги кимёвий бўёқлар таъсирида тез-тез синиб, тўкилиши мумкин. Асло сифатини йўқотган, эскирган тушдан фойдаланманг.