Narrator 1 Ассалому алайкум. Қийналиб турган пайтингизда кимдир сизни мушкулингиздан ҳалос қиладиган бир хабар етказса, нима қиласиз? Албатта шодланасиз. У одам кўзингизга авлёдек кўриниб кетади. Уни ҳурмат қилиб, ўтқизгани жой топа олмайсиз. Аммо келтирган хабари ёлғон бўлса-чи, деб ўйлаб ҳам кўрмайсиз. Қадимда Исроил халқи билан ҳам шундай бўлган. Ўша пайтларда пайғамбарлар жуда кўп бўлган. Бироқ ачинарлиси, баъзилари халқнинг эътиборига тушиш ва улардан мақтов олиш учун ёлғон башоратлар берарди. Халқ Худонинг огоҳлантиришини етказгани учун Еремиё пайғамбарни ўлдирмоқчи бўлган йили, яъни Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳукмронлик қилаётган илк даврда, тўртинчи йилининг бешинчи ойида Ханониё пайғамбар Эгамиз уйидаги руҳонийлар ва халқ олдида Еремиёга гапирди. Ханониё Гивонлик Оззурнинг ўғли эди.
Narrator 2 Еремиё китобида шундай ёзилган: “У менга шундай деди: “Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: Бобил шоҳи солган бўйинтуруқни Мен синдириб ташладим. Шоҳ Навухадназар уйимдан Бобилга олиб кетган ҳамма ашёларни Мен икки йил ичида бу ерга қайтариб олиб келаман. Бундан ташқари, Бобилга сургун бўлган Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим ўғли Ёҳайихинни ва у билан бирга ҳамма асирларни қайтариб олиб келаман. Мен Бобил бўйинтуруғини синдириб ташлайман.” Эгамизнинг каломи шудир. Шунда мен Эгамиз уйида ҳозир бўлган руҳонийлар ва халқ олдида Ханониёга шундай дедим: “Омин! Эгамиз шундай қилсин. Башорат қилган сўзларингизни Эгамизнинг Ўзи бажо айласин. Ўз Уйининг ашёлари-ю асирларни Бобилдан қайтариб, бу ерга олиб келсин.” Лекин башорат ҳақиқатми?
Narrator 1 Аввал ҳам кўпгина соҳта пайғамбарлар бўлганини халқ яхши биларди. Шунинг учун ҳам Еремиё бошқаларни бундан огоҳлантирмоқчи бўлди. У шундай деди: “ Энди эса мен сизга ва халққа айтмоқчи бўлган мана бу гапларимни эшитинг. Сиздан ва мендан олдин ўтган пайғамбарлар кўп юртлару буюк шоҳликларга қарши уруш, очарчилик ва ўлатни башорат қилган эдилар. Тинчликни башорат қилган пайғамбарнинг башорати бажо бўлганидан кейингина, халқ уни “ҳақиқатан ҳам Эгамизнинг элчиси”, деб тан олар эди.” Сўнг Ханониё пайғамбар Еремиёнинг гарданидаги бўйинтуруқни олиб синдирди–да, тўпланиб турган халойиққа мурожаат қилиб деди: “Эгамиз айтмоқда, худди шундай қилиб, Мен икки йил ичида Бобил шоҳи Навухадназарнинг халқларга солган бўйинтуруғини олиб, синдириб ташлайман.” Бу гаплардан кейин Еремиё ўз йўлига кетди. Ханониё пайғамбар Еремиё пайғамбарнинг гарданидаги бўйинтуруқни синдиргандан кейин, кўп ўтмай Эгамиз Еремиёга Ўз сўзини аён қилди.
Narrator 2 “Ханониёнинг олдига бориб, шундай деб айт: Эгамиз айтмоқда, сен ёғоч бўйинтуруқни синдирдинг, аммо ўшанинг ўрнига Мен темирини ясайман. Зеро, Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: Мен бу халқларнинг гарданига темир бўйинтуруқ соламан. Уларнинг ҳаммаси Бобил шоҳи Навухадназарга хизмат қилишади. Ҳа, уларнинг ҳаммаси Навухадназарга бош эгади. Мен ҳатто ёввойи ҳайвонларни ҳам Навухадназарнинг измига топшираман.” Еремиё пайғамбар Ханониё пайғамбарга деди: “Менга қара, Ханониё, Эгамиз сени юбормаган. Сен эса бу халқни ёлғон гапларингга ишонтириб қўйдинг. Шу қилганинг учун Эгамиз шундай демоқда: Мен сени ер юзидан даф қиламан. Сен ўз башоратларинг билан халқни Эгангга қарши қўзғатганинг учун шу йилиёқ ўласан.” Ўша йилнинг еттинчи ойида Ханониё оламдан ўтди.