Narrator 1 Йўшиё ўғли шоҳ Ёҳайиқим ҳукмронлик қилган даврда Эгамиз Ўз сўзини Еремиёга аён қилди: “Қани бўлақол, Еремиё, Рахав хонадони ҳузурига бориб, у ердаги одамлар билан гаплаш. Сўнг Эганг уйидаги ён хоналарнинг бирига уларни таклиф қилгин–да, шаробдан қуйиб бер.” Мен бориб, Хаваззинёнинг невараси — Еремиё ўғли Язаниёни ака–укалари билан бирга, ҳамма ўғилларини ва бутун Рахав хонадонини чақириб, Маъбадга бошлаб келдим. Уларни Йихдалиё ўғли Ханон пайғамбарнинг ўғилларига қарашли хонага олиб кирдим. Бу хонанинг ёнида Маъбад аъёнларининг хонаси, тагида эса Шаллум ўғли Масиёнинг хонаси жойлашган эди. Масиё Маъбад дарвозабони бўлиб хизмат қилар эди. Мен дастурхонга идишларни тўлдириб шароб тортдим, пиёлалар қўйдим. Сўнг Рахаб наслига: — Марҳамат қилиб, шаробдан ичинглар, — деб таклиф қилдим.
Narrator 2 Улар шундай дедилар: — Биз шароб ичмаймиз. Aждодимиз Рахав ўғли Ёҳунадов бизга шундай амр қилган эди: “Зинҳор шароб ичманглар, болаларингиз ҳам ичмасин. Уйлар қурманглар, экин экманглар, узумзорлар барпо қилманглар, уларни ўзингизга мулк қилиб олманглар. Кўчиб борган жойингизда узоқ вақт яшай олишингиз учун, чодирларда кун кечиринглар.” Шунинг учун биз аждодимизнинг амрига бўйсуниб, ҳеч қачон шароб ичмаймиз, хотинларимиз ҳам, ўғил–қизларимиз ҳам шароб ичмайдилар. Ўзимиз учун уйлар қурмаймиз, бизда на узумзор, на дала бор, на экин экамиз. Биз аждодимиз Ёҳунадовнинг амрига итоат қилиб, бир умр чодирларда яшаб келдик. Аммо Бобил шоҳи Навухадназар бу юртга бостириб келгандан сўнг, Бобил ва Орам лашкарларидан қўрқиб, Қуддусга келишга қарор қилган эдик. Шу сабабдан ҳозир биз Қуддусда яшаб юрибмиз.
Narrator 1 Шундан сўнг Еремиёга Эгамизнинг қуйидаги сўзи аён бўлди. Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам унга шундай деди: “Қани бўл, Еремиё, Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолисининг ҳузурига бориб, шундай деб таъна қил: Сизлар ўзи сабоқ оласизларми?! Менга итоат қилишни ўрганасизларми ўзи?! Ана, кўриб қўйинг, Рахав насли ўз аждодининг амрига итоат қилгани учун, бугунга қадар шаробни оғзига ҳам олмай юрибди. Мен эса сизларга қайта–қайта гапирган бўлсам ҳам, сизлар Менга итоат қилмадингизлар. Мен пайғамбар қулларимни олдингизга қайта–қайта жўнатдим. Улар орқали сизларни шундай деб огоҳлантирган эдим: “Сизларга ва ота–боболарингизга Мен берган бу юртда яшай олишингиз учун, ёмон йўлингиздан қайтинглар. Турмуш тарзингизни ўзгартиринглар. Бошқа худоларга эргашманглар. Уларга хизмат қилманглар.” Аммо сизлар қулоқ солмадингизлар, гапимга кирмадингизлар. Ёҳунадовнинг авлоди ўз аждоди буюриб кетган амрни ижро этди, бу халқ эса Менга итоат қилмади.”
Narrator 2 Шунинг учун Исроил халқининг Худоси, Парвардигори Олам — Эгамиз шундай демоқда: “Мен Яҳудо ва Қуддус аҳолисига гапирган эдим, аммо улар гапларимга қулоқ солмадилар, уларни чақирган эдим, аммо Менга жавоб бермадилар. Шунинг учун Ўзим айтган барча бало–қазоларни уларнинг бошларига ёғдираман.” Рахав хонадонига эса Еремиё шундай деди: “Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: Сизлар
аждодингиз Ёҳунадовнинг амрига итоат этдингиз, унинг насиҳатларини рад этмай, айтганларининг ҳаммасини бажардингиз, шунинг учун, Рахав ўғли Ёҳунадов авлодидан бўлган киши ҳузуримда абадулабад хизмат қиладиган бўлади.” Исроил халқининг Худоси — Сарвари Оламнинг каломи шудир.