3:05

Рим Империяси

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи дўстлар! Сиз азизлар билан яна “Дилкаш” радиомизнинг қувноқ тўлқинларида соғ-омон учрашиб турганимиз бағоят хурсандмиз. Азизлар, Янги Аҳд китоблари ёзилган даврда Узоқ Шарқдаги нотаниш давлатлардан ташқари дунёнинг цивилизацияга эришган барча мамлакатлари Рим империяси ҳукмронлиги остида бўлган эди.

Ғарбда Атлантика океанидан тортиб, то шарқдаги Фурот дарёси ва Қизил денгизгача, шимолда Рона ва Дунай дарёлари, Қора денгиз ҳамда Кавказ тоғларидан, то жанубдаги Саҳрои Кабиргача ягона улкан давлат ястаниб ётган. Бу давлат Рим императори қўли остида бўлиб, Янги Аҳд муаллифлари уни “Қайсар” ёки бўлмаса “Подшоҳ” деб аташган эди.

Рим империяси ўз номини Италияда жойлашган Рим шаҳридан олган, Рим эса қадимда улкан ҳудудларни ўзига тобе этган ва мамлакатнинг асосий шаҳри даражасида бўлган. Анъанага кўра, Римга милоддан аввалги 753 йилда асос солинган деб ҳисобланади. Дастлаб бу Тибр дарёси бўйида жойлашган бир неча кичик қишлоқдан иборат иттифоқ бўлган.

Унинг бошида эса подшоҳ турган. Бешинчи асрга келиб мазкур иттифоқ идора қилишнинг республика формасидаги кучли сиёсий ташкилотга айланган. Италияда ўрнашган қабилалар билан бўлган бир талай урушлар натижаси ўлароқ, Рим, милоддан аввалги 265 йилга келиб, Аппенин ярим оролини тўлалигича эгаллаб олди. Забт этилган халқлар Рим билан иттифоқдош бўлиш шартномаларини тузишга мажбур этилган, мазкур шартномалар эса, пайти келиб уларнинг ҳудудлари Рим давлатининг бир бўлагига айланишига сабабчи бўлган эди.

Кейинги юз йилликда Рим Карфаген, яъни Ўрта Ер денгизининг ғарбидаги кучли денгизчилик давлати билан шафқатсиз жанглар олиб борган. Карфаген бир вақтлар Финикиянинг мустамлакаси бўлган, бироқ Искандар Зулқарнай метрополияни тор-мор этгач, мустақил давлатга айланган эди. Финикийликлардан андоза олиб, карфагенликлар ҳам қудратли денгиз флотини яратишга муваффақ бўлишган.

Уларнинг кемалари бутун Ўрта Ер денгизи бўйлаб денгиз савдосини таъминлай бошлаган. Карфаген жамияти олигархияга асосланган бўлиб, давлат тепасида мустабид ҳукмдор турган. Шунингдек, Карфаген кучли ёлланма армияга ҳам эга бўлган. Ўз таъсир доирасини кенгайтира борган Рим Карфаген давлати чегара истеҳкомларига дуч келган.

Бир-бирига ёт бўлган, маданияти ва сиёсий тузуми кескин фарқ қилувчи икки цивилизация ўша даврда ўзаро тўқнашган, чунки уларга энди битта ҳудуд торлик қилиб қолган эди. Шундай вазият юзага келган эдики, мазкур давлатларнинг бири иккинчисига ён бериши лозим эди. Бу қарама-қаршилик милоддан аввалги 146 йили Рим саркардаси Сципион Эмилиан бошчилигидаги қўшин Карфагенни эгаллаб, ер билан яксон қилган пайт якун топган. Азизлар, мавзумиз шу ерда ўз ниҳоясига етди. Хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top