Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлисларимиз. Сиз азиз биродарларимиз билан бирга яна “Дилкаш” радиомиз қаршисида соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Азиз биродарлар, низо Худони улуғлаш учун доимо имкон беради. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, сизни Худога Уни севишингизни, ҳурмат қилишингизни ва Унга бўлган ишончингизни кўрсатишга имконият яратади.
Шу вақтнинг ўзида, сиз атрофдагиларга Худо қанчалик севувчи, доно, қудратли ва самимий эканлигини ҳам кўрсата оласиз. Буни эса турли йўллар билан қилиш мумкин. Биринчидан, сиз азиз биродар Худога ишонишингиз мумкин. Низонинг босими сизни қамраб олмасдан ва ҳамма нарсани ўз қўлингизга олмасдан, Худонинг раҳм-шафқатига ишониб, Унинг Каломидаги принципларга суянишингиз мумкин.
Каломни диққат билан ўқиб кўрсак, биз мана шу ишончга асос бўла оладиган нарсани кўришимиз мумкин, ҳамда масиҳийлар ўтган асрларда бу ишончни қандай намоён қилганини кўрамиз. Иккинчидан эса, сиз Худога бўйсунишингиз мумкин. Худони улуғлашнинг самарали усулларидан бири – Унинг буюрганини бажаришдир. Раббимиз Исо Масиҳ айтганидай: “Сизлар кўп ҳосил берсангиз, Отам улуғланади, сизлар эса Менинг шогирдларим бўласизлар.” Юҳанно мактубининг 15 боби 8 ояти.
Бу принцип тоғдаги ваъзда ҳам очиб берилади, у ерда Исо Масиҳ Худога шундай мурожаат қиляпти: “…Сенинг муқаддас исминг улуғлансин…”, яъни, қаттиқ ҳурмат қилинсин ва “…Осмонда бўлгани каби, Ерда ҳам Сенинг ироданг бажо келсин”. Худонинг амрларига бўйсуниш, сизни Уни севишингизни ва Унга ишонишингизни кўрсатади, азизлар. Ўзига хос риторик усулни қўллаб, Исо севги ва бўйсуниш ўртасидаги ўзаро муносабатни кўрсатгани қизиқ.
Яҳудийларнинг маданиятида бирон нарсани қайта-қайта такрорлаган ҳолда, ўша нарсада диққат-эътиборини жамлаш усули бор эди. Бундан келиб чиқадики, ўша нарсани беш маротаба қайтариш унинг аҳамиятини янада оширади. Исо қуйидаги сўзлари билан айнан шуни қилди: “Агар Мени севсангизлар, амрларимга амал қилинглар. Ким Менинг амрларимни билса-ю, уларга амал қилса, у Мени севади. Ким Мени севса, Менинг сўзимга амал қилади. Мени севмаган киши сўзларимга амал қилмайди. Лекин дунё билсинки, Мен Отамни севаман, Отам Менга неки буюрган бўлса, худди шуни бажараман…”
Учинчидан, азиз биродарлар, сиз Худога ўхшашга ҳаракат қилишингиз мумкин. Ҳаммага ўхшаб ҳаракат қилишнинг ўрнига, сиз Павлуснинг қуйидаги сўзларига қулоқ солинг: “Севикли болалар каби Худога эргашинглар…” Азиз биродарлар, агар сиз бирон низога аралашиб қолган бўлсангиз, Масиҳ тутгандай йўл тутишингизга кўпгина имкониятлар бор, айнан қуйидагилар: душманингизни севиш, сиз билан ёмон муносабатда бўлганлар учун ибодат қилиш ва сизга қаршилик қилганларга яхшилик қилиш доимо сизга ёр бўлсин. Азизлар, бизнинг интернет манзилимиз: www.dilkashradio.com Хайр саломат бўлинг.