Ассалому алайкум. Икки аёл кўчада учрашиб қолдими, мавзу дарҳол болалар ҳақида бўлади. Улар болаларининг қанчалик тўпалончи, ақлли ва шум эканликлари ҳақида гапириб завқланадилар. Баъзан яқин дугоналарнинг бир-бирига фарзандларининг камчиликлари ҳақида гапириб, маслаҳатлашаётганининг ҳам гувоҳи бўласиз. Чиндан ҳам яқин дугоналар бир-бирларидан маслаҳат сўрай оладилар. Бугун ҳам сизга чин дугона бўлган ҳолда оналар ҳаётида учраши мумкин бўлган муаммолардан бирига ечим топишга ҳаракат қиламиз. Сизга маълумки, болаларнинг ҳаммаси ҳам мактабга боришни исташмайди. Улар мактабдаги жуда кўп фанларга қизиқмайдилар. Хўш, боланинг ўқишга ва фанларга бўлган қизиқишини қандай тиклаш мумкин?
Бу борада ягона тўғри усул мавжуд эмас. Ҳаммаси ҳар бир боланинг феъл-атворига боғлиқ. Баъзида болакай ривожланиш борасида тенгдошларидан ўзиб кетади ва ўзи аллақачон билиб олган нарсаларини яна ўқитувчилардан эшитиш унинг учун қизиқарли бўлмай қолади. Бундай ҳолатда ота-она мактабни алмаштиришга ҳаракат қилиши ёки болани кучлироқ синфга ўтказиши мумкин. Бундан ташқари, уйда боланинг қизиқишини ҳар томонлама қўллаб – қувватлаш, янги китобларни таклиф қилиш, турли мавзуларда суҳбат қуриш лозим. Акс ҳолда бола ривожланишига бўлган рағбатни йўқотади, чунки шундоқ ҳам билими бўйича синфдошларидан анча «юқори». Баъзида бошқача ҳолат ҳам юзага келади. Бола бироз дангасароқ, ўқишни қийинчилик билан эплайди, шу боис унга бўлган қизиқиши суст. Ҳар бир ота-она фарзандининг қизиқишлари ҳақида яхши хабардор бўлади.
Шундан келиб чиқиб, боланинг қизиқишларини ўқув материалига боғлаган ҳолда ўйин шаклида ўқишга бўлган қизиқишини ривжлантириш мумкин. Масалан, болангиз расм чизишни яхши кўради. У ўзининг севимли машғулоти билан банд бўлган пайтда нимани чизаётганини ва нима учун чизаётганини шарҳлаши мумкин. Бундан ташқари, бутун бир фантастик ҳикояни, кейин эса бола томонидан ўйлаб топилган реал воқеаларни ўйлаб топиб, уларни янги билимлар билан бойитса бўлади. Шу тарзда фикрлаш қобилияти, қўллар моторикаси, қунт ривожланади. Шу билан бирга болангизнинг дунёқараши ҳам кенгаяди. Кичкина дангасалар учун мактаб дастури бўйича махсус постановкалар ҳам мавжуд. Балки фарзандингиз спектакл ёки филмни томоша қилганидан кейин аслида ҳам шундай бўлган-бўлмаганлигини аниқлаш мақсадида ўзи тарих ёки адабиёт дарсликларини варақлашни истаб қолар.
Шунингдек, ўқитувчининг қулоқсиз ўқувчига билимларни «уқтирувчи» анъанавий монологидан кўра, билимларни кенгайтирадиган йўналишдаги биргаликдаги машғулотлар ҳам жуда фойдали. Хусусан, ниш уриб чиқаётган нўхат уруғларини кузатиш жараёни биология дарсини қизиқарлироқ ва кўргазмалироқ қилиши мумкин. Яқин ўртада жойлашган истироҳат боғи бўйлаб сайр чоғида бола табиатдаги ўзгаришларни сезиши – баҳорда ҳар ҳафтада қайси гуллар пайдо бўлаётгани, кузги ўрмонда қайси меваларни топиш мумкинлигини билиб олиши шубҳасиз. Фарзандингиз келажакда ким бўлмоқчи эканини сўраб билинг ва шундан келиб чиққан ҳолда, ўсмирга шу касб эгаси бўлиши учун қандай билимларга эга бўлиши зарурлигини гапириб беринг. Унинг қизиқишларини рағбатлантиринг.