Ассалому алайкум. Бир оилада иккита-учта қизнинг бўлиши онанинг қизлар тарбияси борасидаги таржрибасини оширади. Уларни қандай тарбия қилишни йил ўтган сайин билиб бораверади. Оналар қизлари билан ўтириб, турли хил мавзуларда суҳбатлашиши, уларга тўғри йўл кўрсатиши ва вақти келганида очиқ гапирмай, масаллар ёки ҳикоятлар билан қизларининг фикрлашларини тўғри йўналишга буриши керак. Масалан, ўсмир қиз шу даврга етганида дўстликдан муҳаббатни ажрата олмай қолиши мумкин. Ўсмирлик ёшида қиз болада бошқа жинс вакилига нисбатан қизиқиш ҳисси шаклланади. Бироқ бу ўсмирда муҳаббат пайдо бўлди, дегани эмас. Ўсмирлик ёшида аксарият қизларда йигит билан дўст бўлишдан кўра, муҳаббатга сазовор бўлиш илинжи юқори бўлади. Дўстлик муносабатларини эса улар ҳиссий боғлиқлик деб эмас, балки ҳамкорлик сифатида қабул қилишади.
Ўсмир ёшдаги қизларнинг дўсти ўзидан бир мунча кичик ёки ўзи тенги бўлиши маъқул ҳолат ҳисобланади. У ўзидан катта бўлган одамларни дўст деб эмас, балки ҳиссий яқин ҳамкор сифатида қабул қилади. Бора-бора ҳиссий яқинликлар, тез-тез мулоқотлар ўсмирда мослашувни юзага келтиради. Бу мослашувчанлик энди унда кўникма, яъни тан олиш ҳиссини шакллантиради. Олдин у ҳамкори билан шунчаки гаплашиб юрган бўлса, энди унда бу меҳрга, кейинчалик муҳаббатга айланади.
Бироқ айрим ота-оналар қизларини бошқа жинс вакилига бўлаётган муносабатини нотўғри қабул қилиб, чекловлар қўллашади. Аслида, ўсмир қизнинг ўзга жинс вакилига қизиқиши, унда ҳиссиёт, эҳтирос, эътибор, интилишнинг бўлиши бу – реал ҳолат.
Агар ўсмирда бошқаларнинг эътиборини жалб қилиш, ўзига қарамаслик кузатилса, бу унинг руҳий зўриқишидан дарак беради.
Бунда албатта, психолог маслаҳатидан фойдаланишни тавсия этамиз. Қизининг юриш-туриши, гап-сўзларидан оналар унда қандай жараёнлар кетаётганини тахмин қилиши ёки қизи билан яқин дўстона муносабат ўрнатиб, ундан қалбида нималар кечаётганини билиб олиши мумкин. Иккинчи вариант анча қийин, аммо эришса бўладиган ҳолат.
Ўсмир қиздаги яна бир муаммо унинг ёлғон гапиришидир. Ўсмир қизда ҳиссиёт юқори, ақлий ҳолат қуйи бўлади. У кўп ҳолларида ўзи маъқул деб билган кийимларни кияди. Агар у ўша пайтда ўзига ўзгалар кўзи билан қараганида, ўзининг бачканалик билан кийинаётганини сезарди. Бу пайтда она унга ўзгаларнинг назари қаратилганини, бошқаларнинг ҳам фикрини билиш муҳимлигини уқтириши керак.
Бир одамнинг нотўғри хулоса чиқариши ҳатто қизининг ҳаётини ўзгартириб юбориши мумкинлигини унга ётиғи билан тушунтириши керак. Агар она қизига буни тўғри тушунтира олса, ўсмир ўзида назорат меъёрини ушлаб туради. Оналар мисоллар ёрдамида «Фалончи ўртоғим менга қизинг улғайибди, жуда чиройли қиз бўлибди, лекин сал кийиниши ўзига ярашмабди, деди», деб тушунтирса, бу албатта, унга ижобий таъсир кўрсатади. Энди у кўзига бошқалар кўзи билан ҳам қарай бошлайди, бачканаликка йўл қўймайди. Бу тушунтириш унга тақиқлаш орқали бўлмаслиги керак. Биз унга тақиқлаб қўйсаг-у, лекин у асосли бўлмаса, энди у ўзини ҳимоя қилиш учун алдашга, ёлғон гапиришга ҳаракат қилади. Агар таъқиқланган нарсани нотўғри эканини она асослаб берса, у буни қабул қилади.