Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Бугун Яҳё пайғамбар нима учун келганига аниқ жавоб топамиз. Каломда Яҳё пайғамбар ҳақида жуда кўп ёзилган, аммо биз уларнинг бир-иккитасини кўриб чиқамиз ҳолос. Муқаддас Калом Яҳё ҳақида шундай дейди: “Онаси қорнидан у Муқаддас Руҳга тўлиб тушади. Исроил фарзандларидан кўпларини у ўзларининг Эгаси-Худовандга қайтариб қўяди. У Илёс пайғамбарнинг рухи ва қудрати ила Раббимиз олдида юриб келади”. Унинг келишидан мақсад, одамларнинг қалбини Худовандга қайтариб қўйиш ва уларга юборилиши ваъда қилинган Исо Масиҳ келаётганидан огоҳлантириш эди. Худодан узоқлашган, гуноҳ ботқоғида қийналиб қолганларни Худога қайтариб, уларга умид бериш эди. Яна у ҳақида шундай ёзилган: “Сен ҳам эй чақалоқ, Ҳақ Таолонинг пайғамбари деб ном оласан. Зеро сен Раббимиз олдида юриб, У қадам босар йўлни муҳайё қилурсан.”
Narrator 2 Ишаё пайғамбар Яҳё пайғамбарнинг ишини аввалдан башорат қилиб кетган эди: “Бу воқеа ҳудди Ишаъё пайғамбарнинг китобида битилган оятга тўғри келади: Мана, чўлда нидо янграмоқда: Худованд йўлини тайёрлангиз, Равон айлангиз сўқмоқларин! – дея. Неки сой бор тўлажак лим-лим., ҳар тоғу тош чўкажак бир қур. Қинғир қийшиқ йўллар ростланиб, паст-баландликлар текис бўлур. Ҳар бир башар Худо нажотини кўрур.” Мана шундан иборат эди унинг вазифаси. Энди, унинг ўзига шунчалик таъриф беришган бўлса, ундан кейин келажак Зот қандай зот экан?! Нега унинг учун шунча тайёргарлик?! Ҳар сафар Муқаддас Каломдаги Исо Масиҳ ҳақидаги бир ҳақиқатни ўқиганимда ёки эшитганимда юрагим шодликдан тўлқинланади. Келинг, ўша ҳақиқатни сиз ҳам эшитиб кўринг! “Фаришта (Жаброил) Марямга деди: “…У Ёқуб хонадони узра абадий подшоҳлик қилур ва бу подшоҳликнинг чеки бўлмагай!” (Луқо 1:33)
Narrator 1 Эртага нима бўлишини билмайдиган бир замонда келажагимиз учун аниқ бир наарса айтилган. У… абадий подшоҳлик қилур ва бу подшоҳликнинг чеки бўлмагай. Исо Масиҳ ер юзи бўйлаб ҳукмронлик қилади. Шунда бир умрга биз хавфсиз ва ҳотиржам бўламиз. Ундай бўлса ҳавотир олишга ҳожат йўқ! Баъзи танқидчилар аёл ўз-ўзидан ҳомиладор бўлиб қолмайди, дея эътироз билдирадилар. Аммо бутун Эски-ю, Янги Аҳд китобларини қарасангиз қудратли ва ҳар нарсага қодир Худованднинг қилган минг-минглаб мўъжизасини кўрасиз. Ҳатто бугун ҳам Унга ишонганлар ҳаётида кўплаб мўъжизалар содир бўлаяпти-ку, ахир! Шунча қудратли ишлар қилган Худованд наҳотки Марям билан шундай мўъжиза қилолмаса?! Марям қариндоши Елисаветанинг уйига келганида Муқаддас Руҳга тўлиб шундай дейди:
Narrator 2 “Бутун вужудим билан Эгамни улуғлайман, Нажоткорим Худодан кўнглим шод–хуррам. Зотан, Қодир Худо мен учун буюк ишлар қилди, Муқаддасдир Унинг номи. Ундан қўрққанларга У насллар оша марҳамат қилади. У Ўзининг қудратини кўрсатди, … Фақирларни эса юксалтирди. Очларни неъматлар ила тўйдирди, Бойларни эса қуруқ жўнатди….” Жуда ажойиб сўзлар, аммо мен бир нарсага диққатингизни қаратишингизни сўрайман. “Очларни неъматлар ила тўйдирди, Бойларни эса қуруқ жўнатди.” Бир кун келиб бой одам бойлигига таяниб бўлмаслигини тушунади. Бойлик Худонинг марҳаматини олиб беролмаслигини, бойлик билан абадий ҳаётга эришиб бўлмаслигини, бунга фақат Худованднинг “Ўзгани ўзинг каби севгин” ва “Раббинг бўлган Худовандни бутун қалбинг билан, бутун онгинг ва қувватинг билан севгин” деган амрларига амал қилиш билангина эришиш мумкинлигини англаб етади. Сиз ҳам ўз ҳаётингизга назар ташлаб кўринг-чи, у қандай кечяпти экан?