3:13

Нега Душанба?

MP3

Narrator 1Ассалому алайкум қадрдонлар. Тиним билмай бутун ҳафта асаларидек меҳнат қилиб, ҳафта охирига зўрға етиб келганимизда, бирпасда Душанба келиб қолади. Душанба куни яна истар истамас, ишга чиқамиз. Нега шундай экан-а? Аниқланишича, бу фақат бизга ҳос нарса эмас экан. Дунё бўйича душанба куни энг оғир кун ҳисобланаркан. Одамлар айнан якшанбадан душанбага ўтар кечаси хафта давомида энг кам ухлайдиган вақт ҳисобланар экан. Статистикага кўра, бутун дунё бўйлаб 85% одамлар душанба кунини ёмон кўришади. Ростан ҳам, нимага душанба дам олиш куни эмас-а? Ўйлаб қарасам, мен учун ҳам душанба куни жуда оғир эканлигини айнан бугун англаб етдим. Эрталаб вақтли туриш, ўқишга, ишга, яна бошқа зарур бўлган жойларга шошилиш. Умуман олганда, кўпчилик Душанба кунини оғир ўтказади. Улар куни бўйи уйқусираган, тиниқиб дам олмаган ҳолда янги ҳафтани бошлашади.

Narrator 2 Кейин эса кун давомида ухлаб қолмаслик учун чашкалаб кофе ичишади. Тиниқиб дам олмагани етмагандай, яна организмини заҳарлайди. Нега Душанба куни оғир экан, деган саволга бир неча жавоблар топгандаймиз. Биринчидан, бутун ҳафта давомида йиғилиб қолган ишларимизни Якшанба куни бажариб тугатишга ҳаракат қиламиз. Якшанба куни болаларни паркка олиб бориш, дала ҳовлига бориб экинлардан хабар олиш, бирор ҳаста қариндош-уруғни йўқлаш, гаражни тозалаш, уйдаги ишларни саранжомлаш ва ҳоказо. Қарабсизки, якшанба куни ҳафта кунларидан ҳам икки баробар кўпроқ чарчайсиз. Кейин эса бугун якшанба бирор қизиқроқ фильм томоша қилай деб, кечқурун жуда кеч ухлайсиз. Мана сизга душанба нега оғир кун бўлишининг оддий сабабларидан бири. Шунинг учун душанбани яшаб ўтишнинг бир неча йўлларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Narrator 1 Диққат қилинг, балки бу маслаҳатларимиз сизга асқотиб қолар. Биринчидан, якшанбагача душанба учун зарур бўлган ишларингизни битириб қўйинг. Кўпчилик инсонлар ҳафта давомидаги барча оғир ишларини якшанбага ташлайди. Менимча бу мутлақо хато иш. Барча ишларингизни якшанбага ташлагандан кўра, хафта давомида кам-кам бажарсангиз ўзингизга осон бўлади. Эртага эрталаб туриб бажараман, деб душанба эрталабга ҳеч қандай ишни режалаштирманг. Ишончим комилки, уддасидан чиқмайсиз ёки уддасидан чиқаман деб, ҳафта бошидан асабийлашасиз. Иккинчидан, шошилмай, яхши нонушта қилинг ва соғлиғингиз кўтарса бир чашка кофе ичинг. Қанчалик ишингиз кўп бўлмасин, албатта бир чашка кофе ва яхшилаб нонушта қилишни унутманг. Душанба ҳафтанинг биринчи куни бўлганлиги учун оғир кечади ва барча ишлар айнан душанбага тўпланиб қолади.

Narrator 2 Аниқ режалаштиринг. Душанбагача ўша кунни қандай ўтказишни аниқ режа қилиб олинг. Қўққисдан режаларингизни алмаштириш бошқа режаларингизга таъсир қилади ва қарабсизки ярим тунгача ишларингизни қилиб ўтирибсиз-да! Аммо психологларнинг таъкидлашича, айнан душанба кунидаги кечки сайр кун бўйи олинган стрессни йўқотишга ёрдам берар экан. Охирги ва энг муҳим маслаҳат – иложи борича вақтли ётиш. Шундай ҳам қийин кунингизни янада қийинлаштириб, кечгача ўтирманг. Интернет ёки бошқа бир тийинга қиммат нарсаларга қимматли уйқунгизни алишманг. Докторларнинг айтишига қараганда, инсон кунида ўртача 7 соат ухлаши керак экан. Хуллас докторларнинг маслаҳатига амал қилинг. Душанбангиз қанчалик қийин ўтган бўлмасин, ҳафта давомида сизни яхши кайфият тарк этмасин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top