3:30

Миннатдор

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Оғир бир синовдан ёҳуд қийинчиликдан Худованднинг ёрдами билан ўтдингиз. Шундай пайтда нима ҳис қиласиз? Енгиллик, шодлик, Худодан миннатдорлик ҳисси. Бундай ҳисларни аслида жуда кўп марта туйганмиз, бироқ инсонмиз-да, бошимизга яна ташвиш тушганда довдираб, Худога эмас муаммоларга қараймиз ва ваҳимада тушкунликка тушамиз. Аммо биз туйган миннатдорчилик ҳиссани ҳеч нимага тенглаштириб бўлмайди. Довуд пайғамбар ҳам шодлик ичида Худовандга шундай деган эди: “Азамни Сен тўйга айлантирдинг, Аза либосини эгнимдан олиб ташладинг, Шодликни менга кийгиздинг. Қалбим сукут сақламай, Сени куйлаб сано ўқисин, Эй Эгам Худо, Сенга то абад шукур айтаман.” Миннатдорлик ва унинг акси бўлган ношукурликни ҳар биримизнинг ҳаётимиздан топсак бўлади. Бир одамнинг ҳаётини олайлик. Уни Х деб атаймиз. У бир пайтлар ҳаётидан жуда миннатдор эди.

Narrator 2 Атрофида бир-биридан ширин 6 фарзанди чопқиллаб ўйнаб юрарди. Ҳаётининг кўнглидагидек кетаётганидан ҳам миннатдор эди. Кейин эса нимадир ўзгарди. Унинг ичида нимадир ўзгарди. Унинг учун бебаҳо бўлган гўзал хотини ҳам кўзига аввалгидек кўринмасди. У аёлига танқидий кўз билан қарайдиган бўлиб қолди. Олти болани вояга етказиш ташвиши ва муаммолари унинг характерини ҳам қарашларини ҳам эзиб қўйди. Энди эр хотинлар бир ўзлари ўтирар экан, бир-бирларига Худонинг совғаси деб эмас, шунчаки, кўп йил бирга яшаган эр-хотинлардек қарардилар. Афсуски бизнинг ўта тиғиз ва банд ҳаёт тарзимиз билан осонгина ношукур бўлиб қоляпмиз. Баъзида мана шу ношукурлик ҳатти-ҳаракатларимиз ва сўзларимиздан билиниб қолади. Баъзида эса ўзимиз билмаган ҳолда, яширин ношукурликни боқамиз. Кейинроқ эса ундан ҳам ёмони ношукур бўлиб қолганимизни анча кеч бўлганда пайқаб қоламиз.

Narrator 1 Ношукурлик шунчалик ёмон эканда!? Унда бу иллат билан қандай курашсак бўлади? Сиз бировга совға берганмисиз? Тасаввур қилинг, сиз кимнингдир уй тўйига ўзингиз яхши ва фойдали деб ўйлаган бир ажойиб совғани танлаб обордингиз. Аммо уй эгаси сизнинг совғангиз учун раҳмат ҳам демади, худди кераксиз буюмдек бир четга улоқтирди. Юзингизга тарсаки егандек бўласизми? Ҳа. Энди ўйлаб кўринг. Ўзимиз Худонинг юзига неча марта тарсаки тортган эканмиз? Энди Худованд ҳаётингизга қўйган нарсалар ёки инсонларни кўз олдингизга келтиринг. Улар учун Худодан миннатдормисиз? Ёки, аёлингиз сиз ўйлагандек, кўнглингиздаги аёл эмаслигидан норозимисиз? Балки ўзингиз истаган нарсаларнинг барига эришмаганингиз учун норозидирсиз? Буни тўғрилашнинг энг яхши йўли, миннатдор бўлишни ўрганиш.

Narrator 2 Худди Довуд пайғамбар юқорида айтганидек, “Эй Эгам Худо, Сенга то абад шукур айтаман”, деб яшашдир. Бугун ҳаётингизга қаранг. Худо ҳаётингизга қўйган нималар ёки кимлар учун шукур қиласиз ва миннатдор бўласиз? Ҳатто ўша нарсалар, сиз бошқача бўлиши керак деб ўйласангиз ҳам, улар учун миннатдор бўлоласизми? Агар шундай бўлса, ҳозироқ Худога юз тутиб, Унга ношукурлик қилганингиз учун кечирим сўранг. Бизнинг муҳтожликларимизни биладиган Худо ўз вақтида етарлича беради. Ҳаётингизга Худонинг назари билан қарашга ҳаракат қилиб кўринг. Унинг ҳаётингизга қўяётган сизга ёқмайдиган нарсалари балки сизни ўстириш ва Ўз йўлида тарбиялаш учундир. Агар ношукурлик қалбингизда илдиз отиб, ҳаётингиздаги яхшиликларни кўришга тўсқинлик қилаётган бўлса, энг оддий нарса учун миннатдорлик ҳисини туймасангиз ҳам, Худовандга раҳмат айтиб ибодат қилиб кўринг. Буни одат қилиб олинг. Аста секин миннатдорлик ҳиссини туя бошлайсиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top