Narrator 1 “Эй Эгам, Сенда мен паноҳ топаман, Шарманда бўлишимга асло йўл қўйма,
Адолатлисан, мени қутқаргин.” Ассалому алайкум. Ҳар куни Худо билан сокин вақт ўтказасизми? Шу кунларда Худованд сизга қандай оятларни очди? Бугун биз биргаликда, Забур китобида ёзилган бир оятни тингладик. Худованд бизни уятга қолдирмайди. Уятга қолмасликнинг энг асосий шарти “Худога ишонишдир”. Тасаввур қилинг, бир спортчи мусобақада ютиш учун тинимсиз машқ қилади, аммо жанг чоғида ютқазиб қўйса, нимани ҳис қилади. Уялиб қолади. У ўзини ҳам, бошқаларни ҳам ишонтириб қўйган. Сиз ҳам ҳаётингиздаги жангда ютқизиб қўйганмисиз? Бу жангда ютишга қанча ҳаракат қилманг, ютқазиб қўяётганингиздан ҳижолат бўлганмисиз. Балки аллақачон баъзи ходисаларда аллақачон ютқазиб қўйиб, енгилиш нималигини ҳис қилгансиз. Ахир, бизга Масиҳийлар қийналмайди, муаммолари бўлмайди, деб ўргатишган-ку.
Narrator 2 Аммо биз ҳам бошқаларга ўхшаб қийналамиз ва то Худо билан бирга бўлгунимизча ҳаётимизда қийинчиликлар тўхтамайди. Шундай пайтларда ҳам Худога умид боғласак ва Унга ишонсак, уятга қолмаймиз. Билсангиз, у бизнинг ожизликларимизни, муваффақиятсизликларимизни ва ҳатто энг нотўғри қарорларимизни ҳам Ўз иродаси бўйича ишлатади. Ҳар сафар қийинчиликларга рўбарў келганингизда осонгина енгиласизми ёки Худога юзланасизми? Қийинчиликлар масиҳийлар ҳаётида бўладиган оддий нарса. Биз ҳаммамиз уларга дуч келамиз ва улардан қандай қилиб имон ва ибодат билан ўтишни ўрганамиз. Ҳаётингизда содир бўлган қийинчилик ҳақида эсланг. Ўша ҳолатнинг ҳар бир дақиқаси оғриқли бўлгани шубҳасиз. Бундай пайтда ягона ечим, Худонинг донолигини сўрашдир. Яна Худо Каломига мурожаат қилинг. Ишаё пайғамбар ҳам қийинчиликлар ҳақида шундай деган: “Мана, ҳамма қийинчилигим Яхшиликка айланди. Қабрдан мени сақладинг Ҳамма гуноҳларимни кечирдинг.”
Narrator 1 Ёки Римликлар китобида шундай ёзилган: “Энди бунга нима деймиз? Худо биз томон бўлса, ким бизга қарши чиқар экан?! Худо Ўз Ўғлини аямай, ҳаммамиз учун Уни фидо қилган бўлса, Унга қўшиб қолган ҳамма нарсани ҳам бизга ато қилмасмикан?! Худонинг танлаганларини ким айблай оларди?! Худонинг Ўзи уларни оқлайди–ку! Бизни ким маҳкум қилар экан?! Ахир ўлиб, тирилган, Худонинг ўнг томонида турган Исо Масиҳнинг Ўзи биз учун шафоат қилмоқда–ку! Ким бизни Масиҳнинг меҳр–муҳаббатидан ажрата олади? Азоб–уқубатми, изтиробми, қувғинми, очликми, яланғочликми, хавф–хатарми ёки қиличми? Ахир, бизни яхши кўрадиган Масиҳ орқали ҳамма қийинчиликлар устидан бутунлай ғалаба қозонамиз.” Умидимиз бўлса уятга қолмаймиз. Худованд бизнинг енгилишимизни истаяптими, демак мана шу енгилишда қандайдир биз учун яхшилик бор.
Narrator 2 У бизнинг ютишимизни истаяптими, бу ҳам Унинг улуғворлиги учундир. Фақат ҳаётимизда нима содир бўлмасин, ҳаммаси Худонинг назорати остида эканини, Худованд бизга бефарқ эмаслигини унутмасангиз бас. Худога чин дилдан ишонадиган кишилар мана шундай дейди: “Мен аминманки, ўлим ҳам, ҳаёт ҳам, фаришталару жинлар ҳам, ҳеч қандай ғайритабиий кучлар, ҳозиргию келгуси ҳодисалар ҳам, баландликлару чуқурликлар ҳам, яратилган ҳеч бир мавжудот бизни Раббимиз Исо Масиҳ шахсидаги Худонинг меҳр–муҳаббатидан жудо қилишга қодир эмас.” Синовларга бардош берган одам бахтлидир. Чунки у синовдан ўтгач, ҳаёт тожи билан тақдирланади. Бундай
тожни Худо Ўзини севганларга ваъда қилган.