3:21

Болани суҳбатдан ўтказиш

MP3

Ассалому алайкум. Болалар бизнинг келажагимиз. Уларни ҳар бир даврда ҳар тарафлама соғлом қилиб ўстириш асосан оналарнинг вазифаси. Бироқ мактаб ёшига келганида кўпгина оналар иккиланиб қолишади. Масалан, бола олти ёшга тўлган, она эса ҳали қарор қила олмаяпти. Ота-оналар боласини яхши ўқиб, билимли бўлиши учун қандай мактабга ўқишга бериш, мактабга қабул қилиш тартиби қандайлиги, агар махсус мактабларга берадиган бўлса, қабул олдидан ўтказиладиган суҳбатда фарзанди қандай саволларга жавоб бериши кераклиги қизиқтиради. Шундай ҳолатларда агар бола мактабга ўзини тайёр ҳис қилса, мутахассис уни суҳбат қилиб кўриши керак. Бола агар биринчи сентябргача 6,5 ёшга тўлса, у оддий мактабга бориши мумкин. Махсус ва чуқурлаштирилган мактабларга эса 7 ёшдан ошган болалар қабул қилинади.

6,5 ёшдан кичик бўлган болалар комиссия рухсатномаси билан мактабга бориши мумкин бўлади. Ўқиш сентябрдан бошланса-да, мактабга қабул қилиш апрел ойидан бошланади. Болани мактабга ёздириш учун ота-оналардан бири ёки боланинг қонуний васийсининг аризаси, гувоҳномасидан кўчирма нусха, тиббий картаси, ота-оналардан бирининг паспортидан нусха керак бўлади. Ота-онадан ҳужжатларни қабул қилиб олиш вақтида бола билан суҳбат қилинадиган кун ҳам айтилади. Хўш, нега суҳбат ўтказилади деб ўйлайсиз? Суҳбат боланинг мактаб дастурини ўзлаштира олиш даражасини аниқлаш ва шунга мос равишда биринчи синф ўқувчиларини комплектлаш учун амалга оширилади. Шунингдек, суҳбатнинг асосий вазифаларидан яна бири боланинг мактабга тайёргарлик даражасини аниқлаш ҳамдир.

Суҳбатлашиш жараёни 20-30 дақиқа давом этиб, албатта, ота-оналардан бири, асосан, ўқув бўлими мудири, бошланғич синф ўқитувчилари, логопед ва руҳшунос каби мутахассисларнинг иштирокида амалга оширилади. Суҳбат давомида боланинг математик қобилияти синаб кўрилади. Бунда боладан билимини синаш учун саноқ чўпи ёрдамида 9 гача бўлган рақамларни ажратиб, 1 дан 8 гача, 2дан 7гач, 3дан 6 гача санаб беришни сўраши мумкин. Бундан ташқари, бола предметларни бир-биридан фарқлаб, қайси бири узун ёки қисқа, қай бири йўғон ёки ингичкалигини фарқлаб бериши лозим. Бола мутахассис суҳбатидан яхши ўтиши учун нимани билиши керак? 6-7 ёшли болаларга қоида бўйича жавоб бера олиши мумкин бўлган саволлар берилади. Яъни исми, фамилияси, отасининг исми, ёши, уй манзили, телефон рақами.

Ҳатто ота-онасининг исми-шарифи, мутахассислиги, қайси мамлакатда яшаётганни, истиқомат қилаётган жой номини ҳам сўрашлари эҳтимолдан ҳоли эмас. Шунингдек, қандай уй ҳайвонларини билиши, уларнинг боласи қандай аталиши, ер, хаво, сувда ҳаракатланувчи транспортлар номи, либосларнинг бир-биридан фарқи, пойабзал ва бош кийими, сабзавот ва резаворлар ҳамда мевалар нима эканлиги ҳақида сўралади. Қайси шоирларни билиши, ўзбек халқ эртакларидан бирортасини айтиб бера олиши, геометрик шаклларни бир-биридан фарқлай олиши, очиқ жойда ёки қоғоздаги расмга қараб мўлжал ола билиши, ҳикоя қилиб ёки ўқиб берилган эртакни қайта айтиб бера олиши, расмга қараб ҳикоя туза олиши, сўзларни талаффуз қилган ҳолда қўлларини бир-бирига қарсак чалгандек уриб, бўғинларга ажратиши ва яна анча мунча нарсаларни билиши керак.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top