«Эгам Ўзини халқидан яширди, аммо мен Унга ишонаман ва умид қиламан» (Ишаё 8:17). Ассалому алайкум қадрдон опа-сингиллар. Денгиздаги тўфонни кўрганмисиз? Кўрган бўлсангиз яхши, кўрмаган бўлсангиз, тасаввур қилинг. Мана шу денгиз тўфони бир балиқчи қайиқни худди ёнғоқ пўчоғидай у ёқдан бу ёққа отиб ўйнайди. Ëки бўлмаса, қуруқ ва жазирама саҳрода қолиб кетган йўловчини тасаввур қилинг. Сув ҳам соя ҳам кўринмайди. Худди бу саҳронинг поёни йўқдай. Ҳаёт тез-тез мана шу денгиздаги тўфонга ёки саҳродаги ёлғизликка тўла бўлади. У ердаги қайиқ ва йўловчи эса сиз билан биз. Ҳаёт муаммолари худди денгиздаги тўфондай бизга тинчлик бермайди. Улар шу қадар кўп-ки, биз қай бирига қарашни билмаймиз. Уларга қарши чиқа олмай ҳолдан тоямиз.
Яқин атрофда бизга ёрдам берадиган ҳеч зоғ кўринмайди. Бу муаммолар гирдобидан қутулиб чиқишнинг имкони йўқдай. Худованд ҳам узоқда туюлади. Ë бўлмаса, ўзингизни саҳрода ёлғиз қолгандай ҳис қиласиз. Юрагингиз бўм-бўш, шодлик, умид ва тасалли йўқ. Нима қилсангиз ҳам Худованд ёрдам бермаётгандай! Мана шу ҳолатларни ҳеч бошингиздан кечирганмисиз? Бошидан кечирган одам бунинг қандайлигини жуда яхши билади. Аммо мен сизларга бир нарсани айтаман. Агар шундай ҳолатни бошингиздан кечирган бўлсангиз ва Худодан умидингизни узган бўлсангиз, хато қилибсиз. Худованд ҳеч қачон сиз-у бизни ташлаб қўймайди. Аслида ундай эмас, бизга шундай – Худованд узоқда, бизни ташлаб қўйгандай туюлади.
Ҳаётимизда ҳамма нарса силлиқ кетаётганида, Худовандни улуғлаш, Унга сажда қилиш жуда ҳам осон. Бироқ ҳаётда бўлиб ўтадиган воқеалар ҳар доим ҳам ёқимли бўлавермайди. Хаётингизда қийинчиликлар бўлганида Уни қандай улуғлайсиз? Айнан Худованд сизга керак бўлганида ибодатларингизга жавоб бермай, худди сиздан миллион километр узоқда туюлса нима қиласиз? Худога чин дилдан сажда қилиш бу – оғриқ, қийинчиликлар ва синовлар даврида ҳам Унга ишониш демакдир. Дўстлик кўп ҳолларда жудолик билан синалади. Сиз дўстингиз билан жисмонан узоқлашдингиз, у билан гаплаша олмайсиз. Шунда ҳам дўстликни сақлаб қола оласизми? Худо билан дўстликда ҳам ҳар доим Худовандни ёнингизда ҳис қилавермайсиз.
Худованд биз билан Ўзи орасидаги дўстликни мустаҳкамлаш учун биздан узоқда туюладиган вақтларни беради. Бу вақтларда биз худдики Худованд бизни ташлаб қўйгандай, унутгандай ҳис қиламиз. Худованд биздан қанчалик узоқда бўлмасин, бизнинг юрагимиз ва онгимиздан нималар кечаётганини билади. Агар тарихга назар ташласангиз, ҳазрати Довуд Худовандга энг яқин бўлган инсон саналади. Худованд унинг Ўзи билан муносабатидан мамнун бўлиб уни: «Менинг қалбимдаги инсон», деб атаган. Бироқ Худовандга яқин бўлган, Унинг қалбидаги инсон ҳам бир неча марталаб, Худованд уни ташлаб қўйганидан нолиган. «Менинг Худойим ва қўрғоним Сенсан-ку. Нега мени рад қилдинг?…» (Заб 42:2). Ўшанда Худованд Довудни ташлаб қўймаганини биламиз, У сизни ҳам ташлаб қўймайди.