Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Бизнинг абадий тақдиримиз Худонинг Каломига бўлган муносабатимизга боғлиқ. Исо Масиҳнинг “Уруғ сепувчи” ҳақидаги масали ёдингиздами? Уруғларнинг кейинги тақдири, улар тушган ерга боғлиқ. Юрагимиздаги гуноҳга алданиб қолишнинг оқибатлари жуда аянчли. Калом бизга шундай дейди: “Эй биродарларим, эҳтиёт бўлинглар! Ёмон ниятга қалбингиздан ўрин берманглар, Худога бўлган ишончингизни йўқотманглар. Акс ҳолда бу иллатлар сизларни барҳаёт Худодан қайтаради. Ҳар кунни Муқаддас Битиклардаги “бугун” деб билиб, бир–бирингизга насиҳат қилинглар. Тағин бирортангиз гуноҳга алданиб, юрагингизни тош қилманглар.” Йўл ёқасига тушган уруғлар, Худо Каломини эшитиб тушунмаган ёки бу менга тегишли эмас деб ўйлаган одамларни билдиради. Агар Каломга жиддий эътибор қилиб, уни тушуниб олмасак, ундан маҳрум бўламиз.
Narrator 2 Одамлар, аравалар кўп юрган сўқмоқ қандай бўлади? Қаттиқ, шундайми? Худо Каломини эътиборсизлик билан қабул қилганларнинг юраклари ҳам мана шундай дунёнинг ишларидан, гуноҳнинг алдовларидан қаттиқлашган. Унинг руҳий олами шол бўлиб қолган. У Худо Каломини эшитади, аммо ҳеч тарса тушунмайди. Ундайлар Калом менга тегишли эмас деб ўйлайди ва ҳақиқий муҳтожликларини ёки олдинда кутаётган хатарни англамайди. Бундай қаттиқлашган юракдан шайтон жуда унумли фойдаланиб қолади. “Оқилларнинг тожи — донолиги, ақлсизнинг нодонлиги эса аҳмоқлигидир.” “Сизлар ўз сўзларингиз асосида ё оқланасизлар ёки айбланасизлар.” Шайтоннинг ёрдамчилари жуда кўп. Ўзларини Масиҳийман деб ҳисоблайдиганларнинг кўпчилиги юракларга тушган уруғни ўғирланишига сабаб бўлади.
Narrator 1 Бундай юраклар Худо Каломини қабул қилиш ўрнига, уни айтган ёқи ўқиган воизнинг сўзларини, ҳатти ҳаракатини муҳокама қилишади. Бундайлар ҳам бошқа юраклардан Худо Каломининг ўғирланишига сабаб бўлади. Улар чўпоннинг ҳатти-ҳаракати ва сифатларини очиқчасига фарзандлари, ҳали Худони таниб билмаганлар олдида муҳокама қилиб, тингловчиларининг Худога яқинлашишига тўсиқ бўлади. Шу сабабли ҳам жуда кўп масиҳий оилаларда ўсган болалар имонсиз бўлиб ўсади. Ўзлари юракларини қаттиқ қилиб олгани етмагандай, уларни тинглаётган фарзандлари ва бошқаларнинг ҳам юракларини қаттиқ қилиб қўяди, афсуски, кейин шайтон уларнинг юракларидаги Худо Каломини ўғирлайди. Каломда шундай ёзилган: “Лекин уларнинг илдизи бўлмагани учун узоқ вақтга чидамайдилар. Калом туфайли қийинчилик ёки қувғинга дучор бўлишса, дарров чекинадилар.”
Narrator 2 Тошлоқ ерга тушган уруғлар эса томир отишга етарлича тупроқ бўлмагани учун қуриб қолади. Динни касб қилиб олганларнинг юраги худди шундай масалда айтилган тошлоқ ерга ўхшайди. Ташқаридан тупроқ кўринсада, тупроқ тагидаги, яъни қалбларининг тубидаги манманлик ва худбинликлари уларнинг қанчалик гуноҳкор эканликларини англашга ва чин дилдан тавба қилишга йўл қўймайди. Ташқи тарафдан улар тавба қилгандек, Худо Каломини яхши қабул қилгандек кўринса ҳам, аслида уларнинг юрагидаги ички гуноҳли табиати, дунёвий истаклари ва худбинликлари Худо Каломини илдиз отишига йўл қўймайди. Ундай бўлса Худо Каломини қандай қабул қилиш керак дерсиз? Муқаддас Калом шундай дейди: “Худонинг қалбингизга эккан
каломини камтарлик билан қабул қилинглар. Ахир, бу калом жонингизни қутқаришга қодир.”