3:33

Рангларнинг хулқ-атворимизга таъсири

MP3

Narrator 1Ассалому алайкум. Ранглар кайфиятимизга таъсир қилиши сир эмас. Аммо уларнинг хулқимизга ҳам таъсири борлигини биласизми? Ранг ўзи нима? У қандай пайдо бўлади? Фан тили билан айтганда ранг — чиқаётган ёки қайтган нурланишнинг спектрал таркибига мувофиқ ёруғликнинг муайян сезги ҳосил қилиш ҳоссаси. Инсоннинг кўзи доимий равишда нур ва турли хилдаги рангларга интилиб, талпиниб яшайди. Худди кундалик ҳаётимизда қора булутлардан сўнг чиққан қуёш нурини кўрган ва кайфияти кўтарилган инсон кабидир. Тирик организм бор экан, ранглар таъсир кўрсатиши нормаллашган ҳолатдир. Рангларнинг табиатда қандай ҳосил бўлиши ва тарқалиши қадимдан олим ва рассомлар диққатини тортиб келган.
 
Narrator 2 Алишер Навоий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Камолиддин Беҳзод, Фирдавсий, Бобур каби жаҳонга машҳур алломаларимиз рангларнинг турлари, инсон соғлигига таъсири, маънолари ва бошқа хусусиятлари ҳақида жуда кўп илмий тадқиқотлар олиб борганлар. Масалан, Абу Райҳон Беруний ўзининг “Китоб ал Жавоҳир- маърифат ал Жавоҳир” (Минералогия) асарида рангларнинг 200 дан ортиқ номларини санаб ўтган ва бу рангларнинг келиб чиқиши тўғрисида ёзган. Рангларни тадқиқ этишга айниқса, японлар илгаридан жиддий эътибор бериб келишган. Шу боис дунёда ягона бўлган Ранг институти Токио шаҳрида фаолият кўрсатади. Бу даргоҳда ранг ҳар томонлама тадқиқ этилади, хусусан, рангларнинг инсон қалбига бўлган таъсирлари ҳам ўрганилади. Ранг асослари фан сифатида Япония мактаблари дастурига ҳам киритилган. Ранг доираси тенг иккига бўлинса, биринчи ярмида илиқ ранглар, иккинчисида совуқ ранглар жойлашади.

Narrator 1 Бундай дейилишига сабаб, қизил, зарғалдоқ, сариқ ранглар оловни, қизиган темирни, чўғни эслатади, ҳаво ранг, зангори, кўк ранглар музни, сувнинг рангини эслатади. Бундай фарқланиш бироз нисбий бўлиб, ҳар қандай илиқ ранг ҳам ўзига нисбатан илиқроқ ранг ёнида совуқроқ бўлиб кўриниши ва аксинча, совуқ ранг ўзидан совуқроқ ранг ёнида илиқроқ бўлиб кўриниши мумкин. Рангни ўрганишнинг бош мақсади руҳият ва рангни ўзаро таъсири, келиб чиқиши инсон ҳаётида у ёки бу вазиятларда, эмоционал ҳолатларда тутган ўрнини ёритиб беришдан иборатдир. Ранг белгиларини ўрганиш, унда маъно акс эттириш ибтидоий одамлардан қолган яна бир очилмаган илм деб қаралади. Ушбу даврда ранг бу мўжиза, ноаниқлик, яъни у сеҳрга тўла деган қарашлар вужудга келди. Рангни дин ва инсон эътиқодларига ҳам боғлаб ўрганишди. Оқ ва қора- яхшилик ва ёмонлик белгилари дейилиши ҳам айни шу аснода вужудга келган.

Narrator 2 Чунки ибтидоий одамлар ҳаётида айни шу ранглар жуда катта аҳамият касб этган. Ранг барча жонворларга ҳаттоки, энг кичик организмларга таъсир қилади. Ҳайвон ва ҳашоратлар ҳам рангларни ажратиб, уларга маълум бир таъсирлар кўрсатар экан. Масалан, пашшада олиб борилган тажрибада аниқланишича, улар кўк рангни ёқтиришмас экан. Бир хонани барча жихозларини, деразаларини кўк рангга бўяб, фақатгина бир кичкина деразани бўямай қолдирилибди. Айни пайтда барча пашшалар фақат бўялмаган деразага қўнишибди. Чивинлар эса аксинча, энг хуш кўрган ранги кўк экан. Улар кўпинча кўк кийимдаги инсонларга ҳужум қилишлиги тажрибада исботланган. Психолог Люшер ҳам рангларни узоқ вақт давомида ўрганиб, уларнинг инсон руҳиятига катта таъсири борлигини тасдиқлаган. Унинг фикрига кўра қизил – асаб тизимига кучли таъсир кўрсатади, ижодкорликка ундайдиган фаол ранг-яшил. Биз ҳам унинг фикрига қўшилган ҳолда суҳбатимизга якун ясаймиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top