Narrator 1 Ассалому алайкум. Баъзан инсонлар характерига қараб, психологлар уларнинг қандай турдаги одамлар сирасига кириши ҳақида фикр юритишади. 1921 йилда Карл Густав Юнг психологик турлар тушунчасини жорий қилди. Ўшандан буён одамлар ўзларини қайси турга киришлари борасида иккиланишади – интроверт ёки экстраверт, олимлар эса қайси турга кирувчи одамларнинг ақллироқ экани борасида бош қотиришади. «Лайфхакер» интроверсия ва экстраверсияга оид баҳсларга нуқта қўйишга қарор қилди. Интровертлар кимлар? Интроверт — энергияси ички оламига йўналтирилган киши. У ўзи билан ўзи зерикмайди. У хотиржам ва сермулоҳаза, деталларга эътиборли ва қарорларда эҳтиёткордир. Интровертлар баъзан маъюс, камгап ва мутлақо асоциалдек тасаввур уйғотади. Бироқ аслида улар жуда яхши инсонлар. Шунчаки ижтимоий алоқалар уларнинг энергиясини тортиб олади.
Narrator 2 Интровертнинг яқин доирасида — икки-уч кишигина мавжуд. Бегоналар билан камгап бўлган интроверт ўзига яқин кишилар билан қизиқ мавзуларни соатлаб муҳокама қилишга тайёр. Интроверт учун ёлғизлик — кимнингдир ҳаётига алоқадорлиги йўқлиги. У ҳатто кўпчилик ичида ҳам ўзини ёлғиз ҳис қилиши мумкин. Севимли китоб мутолааси ёки мазмунли сайр — интроверт учун кучларни қайта тиклашнинг энг яхши усули. Экстравертлар кимлар? Экстраверт — энергияси ташқи дунёга йўналтирилган инсон. У хушмуомала, очиқ ва фаол. Ҳамма нарсага ижобий томондан ёндашади. Ташаббус кўрсатиш ва етакчи бўлишдан қўрқмайди. Экстравертлар тез қизишиб кетиши туфайли баъзан бемаънидек кўринишади. Бироқ ҳиссиётга берилишни юзакилик билан адаштирманг. Экстравертлар бошқалар билан мулоқотдан энергия олишади. Экстраверт учун ёлғизлик — атрофда ҳеч кимнинг йўқлиги, суҳбатдош топа олмаслик.
Narrator 1 Уларнинг дўстлари ва ошна-оғайнилари кўп. Экстравертлар билан зерикмайсиз. Бир хилликдан чарчаб қолмаслик ва ички оловни ёқиш учун улар клубга қараб йўл олишади ёки меҳмон чақиришади. Интровертлар ҳақиқатда ақллироқми? Бутун дунёдаги кўплаб психологлар, социологлар ва нейробиологлар буни аниқлашга ҳаракат қилишмоқда. Ҳозирча муваффақиятсиз. Экстравертларда рағбатларни қайта ишлаш жараёни камроқ вақт олади. Дофамин уларга нисбатан камроқ таъсир ўтказади. «Бахт дозаси»ни олиш учун уларга дофамин билан бирга адреналин ҳам керак.Интровертлар эса, аксинча, дофаминга жуда сезгирлар. Рағбатлар уларнинг мия соҳасида узоқ ва мураккаб йўлни босиб ўтади. Уларнинг мукофотлаш тизимида бош рол бошқа нейромедиатор — ацетилхолинга тегишли. У қўйилган вазифага диққатни жамлаш, узоқ вақт давомида самарали ишлаш ва ички мулоқот пайтида ўзни яхши ҳис қилишга ёрдам беради.
Narrator 2 Мен кимман — интровертми ёки экстраверт? Юнг бўйича психологик турни аниқлашда одатда Грей-Уилрайтнинг тестлари ва сўровномаси қўлланилади. Интровертлар одатда дастлаб ўйлаб, кейин бажаради. Дўстлар доирасини кенгайтиришга ҳаракат қилмайди. Дунёвий суҳбатларни ёқтирмайди, саволларга кўпинча бир ёқлама жавоб беради. Гавжум тадбирлар ва омма олдидаги чиқишлардан қочади. Қўнғироқ қилиш имкони турганда ёзма хабар йўллайди. Эксторвертлар кўпинча аввал ишни бажариб бўлиб, кейин ўйлайди. Доимо ким биландир танишади, мулоқот қилишни ёқтиради, кўчадаги бегона одам билан ҳеч қандай қийинчиликсиз гаплашиб кета олади. Ҳафтада бир марта ёки ундан ҳам кўп зиёфатлар, концертлар ва кўргазмаларга боради. Хабар ёзиш ўрнига қўнғироқ қилади. Маълумотларимиз сизга фойдали бўлди деган умиддамиз.